Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Эътирозлар қанчалик тўғри? «Автокредит» тўхтатилгани ростми?

Эътирозлар қанчалик тўғри? «Автокредит» тўхтатилгани ростми?

Бу турдаги кредитга мижозлар орасида қизиқиш юқори бўлган.

Фото: «prokredity.net»

«Хabar.uz» сайти жорий йилда қатор банклар автокредит хизматини таклиф қилаётгани ҳақида мақолалар эълон қилганди. Таъкидлаш жоизки, юртдошларимиз орасида бу мақолаларга ҳам, банкларнинг айни турдаги кредитларига ҳам жуда юқори қизиқиш кузатилган, мижозлар дарҳол бизга ҳам, банкларга ҳам мурожаат қилишга киришиб кетишганди.

Дастлаб жорий йилда «Алоқабанк» акциядорлик тижорат банки томонидан «GM Uzbekistan» расмий дилерларидан пул кўчириш йўли билан автомобилларни харид қилиш учун «Автокредит» истеъмол кредити жорий қилингани эълон қилинганди. Кейинчалик «Asia Alliance Bank», «Трастбанк», «Равнақбанк», «Ҳамкорбанк» каби тижорат банклари ҳам автокредит тақдим этаётгани тўғрисида ўз сайтларида маълумот бердилар.

Аммо кейинчалик кўпчилик мижозлар таҳририятимизга қўнғироқ қилиб, банклар автокредит бермаётгани, бу хизмат тўхтатилганидан шикоят қилишди. Вазиятни ўрганиш учун юқоридаги банклар билан боғландик.

«Алоқабанк»нинг жисмоний шахсларни кредитлаш бўлими бошлиғи Жўрабек Ўроқов саволларимизга қуйидагича жавоб берди:

— Автокредит берилиши тўхтатилгани тўғрими?

— Қисман тўғри. Айни пайтда бундай кредитларни тақдим этмаяпмиз.

— Нима сабабдан тўхтатилди?

— Аввало мазкур кредитга талаб жуда юқори бўлганини айтишим лозим. Кўп миқдорда аризалар келиб тушди ва биз уларнинг ҳаммасини қондиришга улгурмай қолдик. Февраль ойи ўзи қисқа ой. Шунингдек автосалонлар берган шартномаларида тўлов муддатини етти кун деб кўрсатишади. Бизда аризалар кўплиги учун кўриб чиқиш ва кредит тақдим этиш муддати чўзилиб кетди, шартномалар кучини йўқотди ва бу ҳақли эътирозларга сабаб бўлди. Шунинг учун аввалги аризаларни қондиргунга қадар янги ариза қабул қилишни вақтинча тўхтатдик. Аммо март ойидан қайта бошлашни режалаштирганмиз.

«Ҳамкорбанк»нинг мижозлар билан алоқа бўлими ходими Робия Абдурасуловага ҳам юқоридаги саволларни бердик.

— Банкимиз ҳозир фақат иккиламчи бозордан автомобиль сотиб олиш учун кредитлар тақдим этмоқда. Бирламчи бозордан, яъни янги автомобиллар учун кредит бериш вақтинча тўхтатилгани рост. Бунинг сабаби кредит портфели сифатини ошириш мақсадида инвентаризация ўтказилмоқда. Бизда ҳам айни шу турдаги кредитга мижозлар орасида қизиқиш юқори бўлди. Кейинчалик бу хизмат турини яна тиклаш ниятидамиз.

«Трастбанк» хусусий акционерлик банки кредит бўлими ходими Бекзод Холмуродовнинг билдиришича, бу банк мижоз зарур ҳужжатларни тайёрласа ва тақдим этса, ҳеч қандай чекловларсиз автокредит беришда давом этмоқда.

«Равнақбанк» хусусий акционерлик тижорат банкининг жисмоний шахсларни кредитлаш бўлими бошлиғи Светлана Фердерер мавзу юзасидан қуйидагиларни маълум қилди:

— «Равнақбанк» томонидан автокредит фақат юридик шахсларгагина тақдим этилади. Дастлаб жисмоний шахсларга ҳам берилган, аммо банк ўз имкониятларидан келиб чиқиб бу хизматни вақтинча тўхтатган. Юридик шахслар учун эса чеклов қўйилмаган, бу ўринда сотиб олинадиган автомобиль бирламчи ёки иккиламчи бозордан эканлигининг аҳамияти йўқ.

Ва ниҳоят бундай турдаги хизматни таклиф этаётган яна бир банк —  «Asia Alliance Bank»нинг жисмоний шахсларни кредитлаш бўлими бошлиғи Ҳожиакбар Сагатов бу банкда бирламчи бозордан сотиб олинувчи (яъни ишлаб чиқарувчи ёки расмий дилерлардан харид қилинувчи) автомобиллар учун ҳеч бир муаммосиз автокредит тақдим этилаётганини билдирди.

Демак, мижозларнинг эътирозлари ҳам қисман бўлса-да асосли. Кўпчилик банклар талаб юқори бўлган хизмат турини тақдим этиб, тез орада яна ўзлари тўхтатиб қўйганлари ўз исботини топмоқда. Лекин бу ҳолат вақтинча эканлигига ишонтиришларига қараганда мижозлар тез орада ўзларига керакли хизматдан фойдалана олишлари мумкин деб умид қиламиз.

Изоҳлар 1

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг