Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Фермер хўжаликлари раҳбарлари тўловларни онлайн тарзда амалга оширишлари мумкин бўлади

Фермер хўжаликлари раҳбарлари тўловларни онлайн тарзда амалга оширишлари мумкин бўлади

Фото: «agrobank.uz»

Бугун, 17 апрель куни «Агробанк» АТБ томонидан «Қишлоқ хўжалигида пахта хомашёси ва бошоқли дон ҳосили етиштиришни молиялаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар» мавзусида матбуот анжумани ташкил этилди. Тадбирда «Агробанк» Бошқаруви раиси С. Ходжаев муҳим маълумотлар тақдим этиш билан бирга журналистларни қизиқтирган саволларга ҳам жавоб берди.

Анжуманда таъкидланганидек, давлатимиз раҳбарининг жорий йил 28 февралдаги «Пахта хом ашёси ва бошоқли дон етиштиришни молиялаштириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ва ушбу ҳуқуқий ҳужжат асосида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Қишлоқ хўжалигида бозор механизмларини кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Ушбу ҳуқуқий ҳужжатлар  пахта хом ашёси ва бошоқли дон экинларини етиштиришга ихтисослашган фермер хўжаликлари учун кенг имкониятлар ва енгилликлар яратиб берди. Яъни фермер хўжаликларининг 2018 йил 1 январь ҳолатига таъминотчи ва хизмат кўрсатувчи ташкилотлар ҳамда бюджет ва бюджетдан ташқари жамғармалар олдидаги қарздорликлари 3 йил муддатга музлатилди. Пеня ва жарималар кечилди.

Тадбирда қайд этилдики, аввало, фермер хўжаликларида пахта хомашёси ва бошоқли дон ҳосили етиштиришни молиялаштириш тизими янада соддалаштирилди. Яъни, аввал кредит фоиз ставкаси ғалла етиштириш бўйича 5 фоиз бўлган бўлса, эндиликда 3 фоизга туширилди. Бунда пахта хом ашёси етиштириш бўйича кредит муддати 14 ой ва бошоқли дон учун эса 12 ой этиб белгиланди.

Қарорларда белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, «Агробанк» АТБ томонидан ҳам пахта ва ғалла етиштирувчи фермер хўжаликларини қўллаб-қувватлаш, яъни уларга имтиёзли кредит маблағларини мақсадли йўналтириш борасида чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, ижроси  таъминланмоқда.

Хусусан, Молия Вазирлиги ҳузуридаги жамғарма маблағлари ҳисобидан банк томонидан фермер хўжаликларида пахта хом ашёси ва бошоқли дон ҳосили етиштиришга, яъни уруғликка, ўсимликларни ҳимоя қилиш воситалари, минерал ўғитлар ҳамда нефть маҳсулотлари сотиб олиш, механизация хизматларига ва бошқа агротехник тадбирларни амалга ошириш учун имтиёзли кредитлар ажратилмоқда.

Агробанк томонидан аграр соҳанинг бошқа тармоқларини ривожлантиршга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, 2018 йилнинг шу кунига қадар банк томонидан чорвачиликка 6,8 миллиард сўм, паррандачиликка 1,7 миллиард сўм, балиқчилик ва асаларичиликни ривожлантиришга 1,5 миллиард сўм, иссиқхона ташкил этишга 8 миллиард сўм, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган лойиҳаларга 33 миллиард сўмдан зиёд, картошка уруғлиги хариди учун 50 миллиард сўм, хориж тажрибаси асосида янги технологияларни жорий қилган ҳолда аччиқ қалампир етиштиришни ташкил этиш учун 48 миллиард сўм, жами 150 миллиард сўм кредит маблағлари берилди. Бундан ташқари, қишлоқ хўжалигига хизмат кўрсатувчи корхоналарга ва фермер хўжаликларини моддий-техник базасини мустаҳкамлашга қарийб 1 триллион 109 миллиард сўм кредит маблағлари ажратилди.

Фото: «agrobank.uz»

Шунингдек, аҳоли ва мижозларга қулай ва сифатли хизматларни кўрсатишни кенгайтириш мақсадида банкнинг республика бўйича қўшимча 36 та янги мини-банки очилди. Ҳозирги кунда банк тизимида 200 дан зиёд ана шундай мини-банклар фаолият кўрсатмоқда. Ушбу мини-банкларда кредитларни расмийлаштириш, халқаро пул ўтказмалари, валюта айирбошлаш, коммунал тўловларни қабул қилиш, пластик карталар билан амалиётлар каби ўнлаб банк хизмат турлари йўлга қўйилган.

Энг муҳим янгиликлардан яна бири – тез кунда пахта хом ашёси ва бошоқли дон етиштирувчи фермер хўжаликлари «Agrobank Mobile-business» иловаси орқали онлайн тарзда масофадан туриб зарур тўловларни амалга оширишлари учун имконият яратилади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг