Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ўзбекистонда тадбиркорлик субъектларининг молия-хўжалик фаолиятини текширишга икки йил муддатга мораторий эълон қилинди

Ўзбекистонда тадбиркорлик субъектларининг молия-хўжалик фаолиятини текширишга икки йил муддатга мораторий эълон қилинди

Фото: «News.tj»

«Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили» давлат дастури тасдиқлангани ҳақида хабар берган эдик. Давлат дастури кеча, 22 январь куни Президент Шавкат Мирзиёевнинг фармони билан тасдиқланди. Фармон ва унинг шарҳи «O‘zbekiston 24» телеканалининг «Ахборот» дастурида ўқиб эшиттирилди.

Давлат дастурига кўра, тадбиркорлик субъектларининг молия-хўжалик фаолиятини текширишга икки йил муддатга мораторий эълон қилинди. Унга мувофиқ 2018 йил 1 апрелдан бошлаб:

— назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи республика кенгаши давлат солиқ хизмати органларининг бўшаётган 228 та штат бирликларини прокуратура органларига ўтказган ҳолда тугатилади;

— адлия органларининг кичик бизнес, хусусий тадбиркорлик субъектлари, чет эл инвесторлари ва чел эл инвестициялари иштирокидаги корхоналарнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича бир-бирини такрорловчи функция ва ваколатлари чиқариб ташланади;

— жиноят ишлари доирасида ўтказиладиган молия-хўжалик фаолиятини текшириш (тафтиш) бир ойдан ошмаслиги лозим, алоҳида ҳолларда текшириш бир ойдан ортиқ бўлмаган муддатга Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ёки унинг ўринбосарлари томонидан узайтирилиши мумкин;

— тадбиркорлик фаолиятини юритишдаги ҳуқуқбузарликлар билан боғлиқ ҳолатлар бўйича жиноят ишларини қўзғатиш фақат Қорақалпоғистон Республикаси прокурори, вилоятлар, Тошкент шаҳар прокурорлари ва уларга тенглаштирилган прокурорларнинг розилиги билан амалга оширилади;

— тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ҳуқуқбузарликлар ҳақидаги маълумотлар, ўтказилган текширишлар ва мониторинг (асос, текшириш ёки мониторинг ўтказиш вақти, уларни ўтказган ходимлар ва бошқалар) ва аниқланган ҳуқуқбузарликларни бартараф этиш бўйича кўрилган чоралар тўғрисидаги ахборотлар мажбурий тартибда прокуратура органларининг махсус электрон ахборот тизимига киритилади.

Давлат дастури 231 банддан иборат бўлиб, унга кўра 37 та қонун қабул қилиниши белгиланган. Ундан мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётига доир яна бошқа муҳим масалалар ўрин олган. 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг