Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Жартепа» постидан ноқонуний товар олиб ўтмоқчи бўлган шахс ушланди

«Жартепа» постидан ноқонуний товар олиб ўтмоқчи бўлган шахс ушланди

Фото: «uznet.press»

Жорий йилнинг 1 мартидан бошлаб Самарқанд вилояти ва Тожикистоннинг Сўғд вилояти ўртасидаги «Жартепа» автомобиль ўтказиш пункти фаолияти қайта тикланди ва унга чегара божхона пости мақоми берилди.

Фуқароларнинг йўловчи божхона декларацияларини тўлдиришларига қулайлик яратиш мақсадида кириш ва чиқиш залларига намуна сифатида фойдаланишлари учун меъёрий ҳужжатлар акс эттирилган пештахталар ўрнатилди.

Пештахталарда фуқаролар ўзлари билан олиб ўтиши мумкин бўлган товар ва моддий бойликлар меъёри ҳамда валюталар тўғрисида барча маълумотларга эга бўлишлари таъминланди. Хусусан, Ўзбекистон Президентининг 2018 йил 6 февралдаги «Жисмоний шахслар томонидан божхона чегараси орқали товарларни олиб ўтишни янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ жисмоний шахслар 300 (уч юз) АҚШ долларигача қийматдаги товарларни божхона декларацияси тақдим этмасдан олиб киришлари мумкин.

Бироқ орамизда айрим кимсалар қонун талабларига риоя этмай, ноқонуний ва яширин йўллар билан чегарамиз орқали товарларни олиб киришга уринишмоқда. Бу каби ҳолатлар миллий бозорларимизга ноқонуний, арзон ва сифатсиз маҳсулотларнинг кириб келишига, мамлакатимиз иқтисодиётига зарар етишига сабаб бўлиши мумкин.

«Жартепа» чегара божхона постида ана шундай ноқонуний хатти-ҳаракатларни амалга оширган ҳуқуқбузарлардан бири фуқаро Л.Н.дир. У 2018 йил 2 март куни соат 18:30 ларда Тожикистондан Ўзбекистонга кирётганда унинг «Кобальт» русумли автомашинаси холислар иштирокида кўздан кечирилди. Автомашина юкхонасига ўрнатилган сиқилган газ баллони ичида «Йўловчи божхона декларацияси»да кўрсатилмаган жами 4 374 000 сўмлик 243 дона аёллар рўмолини яширинча олиб ўтаётганлиги аниқланиб, маъмурий баённома расмийлаштирилди.

Ҳуқуқбузар Л.Н.га нисбатан суд адолатли қарор чиқарди. Унга кўра Л.Н. МЖТКнинг 22722-моддаси 1-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир қилган деб топилиб, унга энг кам иш ҳақининг 5 (беш) баравари миқдорида, яъни 861200 (саккиз юз олтмиш бир минг икки юз) сўм жарима жазоси тайинланди ва 243 (икки юз қирқ уч) дона рўмоли мусодара қилинди.

Ноқонуний йўл билан даромад топиш илинжида бўлганлар қаттиқ адашади. Ахир, шаҳар бедарвоза эмас-ку.

Самарқанд вилояти божхона бошқармаси ахборот хизмати

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг