Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Маҳаллий бюджетлар ихтиёрида 5,5 трлн. сўмдан зиёд маблағ қолиши кутилмоқда

Маҳаллий бюджетлар ихтиёрида 5,5 трлн. сўмдан зиёд маблағ қолиши кутилмоқда

Аввал хабар берганимиздек, 2 ноябрь куни Молия вазирлигида оммавий ахборот воситалари учун давлат бюджетининг бу йилги якунлари ва келгуси йилнинг асосий параметрлари ҳақида маълумотлар тақдим этилди.

Мутасаддиларнинг маълумотларига кўра, маҳаллий ҳокимликларнинг ваколатини кенгайтириш ва режадан ошириб бажарган даромадларини уларнинг ихтиёрида қолдириш механизмини жорий этилиши натижасида 2018 йил якунлари бўйича маҳаллий бюджетлар ихтиёрида 5,5 трлн. сўмдан зиёд ёки ўтган йилга нисбатан қарийб 6 баробардан кўпроқ маблағ қолиши кутилмоқда. 

Ваҳоланки, ўтган йили 960,2 млрд. сўм, 2016 йилда эса атиги 176,8 млрд.сўм ҳудудлар ихтиёрида қолган эди. Масалан, Андижон вилоятида 2017 йилда 61,2 млрд. сўм қолдирилган бўлса, 2018 йил якунларига кўра, бу кўрсаткич 279,6 млрд. сўмга етади. Шунга ўхшаш, Сирдарё вилоятида 30,0 млрд. сўмдан 171,0 млрд. сўмгача, Хоразм вилоятида 41,3 млрд. сўмдан 195,4 млрд. сўмга ошади.

Маҳаллий ҳокимликлар қўшимча манбалар ҳисобидан ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларига, шу жумладан, «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурларига, мактабгача таълим муассасаларини қуриш ва таъмирлашга, ҳокимликлар қошида ташкил этилган ишчи ўринларини яратиш жамғармаси маблағларини шакллантиришга маблағ йўналтириш имкониятига эга бўлди.

2018 йил якунларига кўра, давлат бюджети даромадларининг кутилаётган ижроси 74,5 трлн. сўмни ташкил қилади, тасдиқланган параметрлар 12,3 трлн. сўмга ортиғи билан бажарилиши кутилмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг