Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Мавзуга қайтиб: метан газ нархи арзонлашади(ми?)

Мавзуга қайтиб: метан газ нархи арзонлашади(ми?)

Фото: «Uza.uz»

Бугун транспорт воситалари шу қадар кўпайиб кетдики, гўё кўчаларимиз тор бўлиб қолгандек. Шунга яраша автомобиль ҳайдовчиларининг ёқилғига бўлган эҳтиёжи ҳам ортиб бормоқда. Шу кунларда автомобиль эгалари билан суҳбатлашиб қолгудек бўлсангиз, уларнинг дарди тугамайди. Радар машмашаси бир ёқда, сиқилган газ нархи бошқа тарафда уларни ўйлантирмоқда.

Аслида сиқилган метан газ нархининг бир неча ойдан буён тушмаётгани, бирдан ошиб кетиши кўпчиликда турли саволлар келтириб чиқармоқда. Келинг, ҳисоб-китоб қилиб кўрамиз.

Маълумотларга кўра, «Ўзтрансгаз» реализация қиладиган табиий газнинг улгуржи-сотиш нархи — 1 кубометр учун 289,74 сўм, унга қўшиладиган махсус инвестиция устама ҳақи — 1 кубометр учун 500 сўм. Шундай қилиб, табиий газ тарифи 1 кубометр учун 789,74 сўмни ташкил қилади. Бироқ, ўтган йилнинг ноябрь ойидан автомобиль газ тўлдириш компрессор станцияларига табиий газ тарифи 1 кубометр учун 800 сўм (ҚҚС билан) миқдорида ўрнатилди. Бундан ташқари, тадбиркор ҳар бир кубометр ҳисобидан истеъмол солиғи (2018 йил 1 ноябрь ҳолатига кўра 305 сўм), умумий реализациядан 5 фоиз миқдорида тўловни амалга оширади. Шундай қилиб, станцияларда табиий газ тарифи ўсиши 1 кубометр учун 10,26 сўмни ташкил қилди. Шу билан бирга, ўрнатилган бензин, дизель ёқилғиси ва газ ишлатганлик учун олинадиган солиқ ставкаси ўзгармади ва аввалги даражада сақланиб қолинди.

Очиғини айтганда ёқилғи сиёсатидаги нарх ўзгариши ўз-ўзидан юз бергани йўқ. Унга асос қилиб, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 1 ноябрдаги «Ёқилғи-энергетика ресурсларининг нарх ва тарифларини босқичма-босқич ўзгартириш тўғрисида»ги қарори кўрсатилмоқда.

Лекин, кўриб турибмиз, шохобчаларнинг харид нархлари жуда ошиб кетгани йўқ. Агар юқоридаги сўмларга ходимлар маоши, электроэнергия, амортизация харажатларини қўшиб ҳисоблаган тақдирда ҳам сотувдаги бир кубометр газнинг таннархи тахминан 1 400 сўмга тушмоқда. Агарда автомобилларга газ қуйиш компрессор станциялари бир ойда 1 миллион кубометрга яқин табиий газ сотса, тадбиркор бир кубометр газдан ўртача қанча фойда кўришини биз ҳисобламаганимиз маъқул, назаримда. Улар улгуржи нарх устига ўзларининг сарф-харажатларини ҳисоблаб, эркин нарх қўйиши мумкин. Бунга рухсат берилган.

Наҳот, давлат берган қатор имкониятлардан фойдаланаётган тадбиркорлар виждонни унутган бўлса? Вазият ўзгарадими? Буни ўрганишга ҳаракат қиламиз.

— Ҳар бир ташкилот ҳар ойда олдиндан қанча газ ёки электр энергияси сарфлашини ҳисоб-китоб қилиб буюртма беради, шунга кўра уларга лимит ажратилади, — дейди Молия вазирлиги мутахассиси Салоҳиддин Мамадалиев. — Тадбиркор ана шу ресурсга олдиндан тўлов қилади. Агарда бу миқдор етмаса қўшимча олинган маҳсулот учун икки баробар нарх тўланади. Яъни, 800 сўмни иккига кўпайтирсак, 1 600 сўм бўлади. Бунда махсус инвестицион устама бекор қилиниб, табиий газни сотиш нархига киритилди.

Шу ўринда чалкашликни топгандай бўлдик. Ваҳоланки, улгуржи нарх ўртасидаги фарқ бор-йўғи 11 сўм бўлса-да лимитдан ташқари сотув учун газга 1 600 сўм тўлов белгиланган экан. Шунда лимити тугаган шохобчада сотувдаги бир кубометр газнинг таннархи қарийб 2 200 сўмга тушмоқда.

Хўп, бу ҳам тўғри бўлсин. Лекин тадбиркор бир ойнинг 28 кунида суюлтирилган газни арзон нархда олиб, қолган икки ёки уч кун учун лимитдан ортиқ нархда харид қилса, икки кунлик зарарни қоплаш учун нархни 2 200 сўмга чиқариб қўйиши инсофданми?

— Тадбиркор ҳисоботида ишлатадиган ресурсни ўртача нархини келтириб чиқариш керак, — дейди Молия вазирлиги мутахассиси Салоҳиддин Мамадалиев. — Биз олиб борган ўрганишлар натижасида қўшимча лимит асосий маҳсулотнинг ўртача 10 фоизини ташкил этди. Бу жуда катта кўрсаткич эмас. Лекин баъзи шохобчаларда фарқ 30 фоиз бўлиши ҳам мумкин. Бошқасида кўзда тутилган маҳсулот ортиб ҳам қолиши мумкин. Шунинг учун шохобчаларда нархлар ҳар хил.

Молия вазирлиги ёки бошқа бир ташкилот ўзбошимчалик билан нархни оширган тадбиркорга чора кўра оладими? Айни вақтда ҳаммани қизиқтираётган бу саволга мутахассис шундай жавоб берди. «Йўқ. Ҳозирда амалдаги қонун нуқтаи назаридан буни имкони йўқ. Биз фақат шикоятлар кўп бўлса, масалани кўриб чиқишимиз ва нархни тартибга солиш борасида таклиф беришимиз мумкин. Лекин нархни белгилаб беришга ҳаққимиз йўқ».

Эркин фаолият юритаётган тадбиркорда маҳсулот ёки хизмати учун ўзи истаган баҳони қўйиш ҳуқуқи мавжуд бўлса, аҳолининг метан газ нарх-навосидан норозилиги қандай бартараф этилади?

Албатта, биз олтин ўрталикни топишга ҳаракат қиламиз, — дейди С.Мамадалиев. — Лимитдан ортиғи учун 2 коэффициентда эмас, балки, 1,5 коэффициент билан тўлов қилишга ҳаракат бошладик. Шунда лимитдан ортиқча кубометрлар учун 1 600 сўм эмас, 1 120 сўм ҳисобланади. Агар лимит доирасида бир кубометр табиий газ 1 079 сўм бўлса, энди ундаги фарқ 40 сўм бўлади. Ана шунда нарх пастлаши мумкин. Агарда ушбу саъй-ҳаракатлардан кейин ҳам ўзбошимчалик билан оширилган нархлар тушмаса, тегишли чоралар кўрилиши мумкин.

Сайёра Шоева, ЎзА

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг