Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Миллий банк тадбиркорларни доимо қўллаб-қувватлайди

Миллий банк тадбиркорларни доимо қўллаб-қувватлайди

Фото: Миллий банк

Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки Тошкент шаҳар бош бошқармаси бошлиғи Дилмурод Нуриддинов, банкнинг амалиёт бошқармаси бошқарувчиси Комилжон Олимжонов тадбиркорлар билан учрашди.

Банк бош бошқармасида ўтказилган очиқ мулоқотда Президентимизнинг 2018 йил 23 мартдаги «Банк хизматлари оммабоплигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ижроси юзасидан молия-банк тизимида мижозларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш, хизмат кўрсатиш сифати ва аҳолининг банк тизимига бўлган ишончини ошириш борасида тизимли ишлар амалга оширилаётгани таъкидланди.

Бу борада ТИФ Миллий банки томонидан амалга оширилаётган ишлар, шу жумладан, тадбиркорлик субъекларига сифатли хизмат кўрсатиш ва ишончли кредитлар билан таъминлаш янги ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш, мавжудларининг фаолиятини кенгайтиришга, бу эса ўз навбатида аҳоли бандлигини таъминлаш ва уларнинг турмуши фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилаётир.

Маълумотларга кўра, банк Тошкент шаҳар бош бошқармаси томонидан тадбиркорлик субъектларига жорий йилнинг 1 сентябрига қадар тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида қарийб 2 триллион 400 миллиард сўм миқдорида кредит ажратилган. Ушбу кредит маблағлари ҳисобидан 3 минг 500 га яқин янги иш ўринлари яратилган.

Президентимизнинг жорий йил 13 августдаги «Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатларини кучайтириш, тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларни ташкил қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар, шунингдек, тадбиркорлик субъектларининг молиявий ресурслар ва ишлаб чиқариш инфратузилмасидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш тўғрисида»ги фармонига мувофиқ, банк раҳбарлари хизмат кўрсатаётган тадбиркорлик субъектлари билан мулоқот қилиш вазифаси белгиланган.

Мазкур фармон талабидан келиб чиқиб, тадбиркорлар билан бўлиб ўтган очиқ мулоқотда банк ва тадбиркорлик субъекти ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлаш, ўзаро ҳамкорликда ечимини топиши зарур бўлган масалалар бўйича атрофлича фикр алмашилди.

– 24 йилдан буён мазкур банк мижозимиз, – дейди «Бешёғоч» хусусий корхонаси ҳисобчиси Шоиста Фозилова. – Корхонамиз савдо ва хизмат кўрсатишга ихтисослашган. Мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Корхонамиз бундай имкониятдан фойдаланиб, туризмнинг меҳмонхона йўналиши бўйича фаолиятини кенгайтирмоқчи. Бугунги банк раҳбарлари билан бўлган мулоқотда Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида қурилиши режалаштирилаётган меҳмонхона учун 1 миллион доллар кредит сўрадим. Кредит берилиши шартларини тушунтирди ва зарур ҳужжатларни топширишимни, мурожаатим ижобий ҳал этилишини билдирди.

Шунингдек, банк раҳбарияти шу куни банкнинг Олмазор тумани филиалида ҳам туманда фаолият юритаётган тадбиркорлар билан учрашди.

Очиқ ва самимий мулоқот амалий таклифларга бой бўлди. Хусусан, «Абдулхамид ҳожи ота» хусусий корхонаси раҳбари ўринбосари Маҳаммадтоҳир Каримов банк раҳбариятига байрам ва ҳар ойнинг сўнгги дам олиш кунларида тадбиркорлар учун хизмат кўрсатилишини ташкил этишни таклиф қилди.

– Ойнинг охирига бориб тадбиркорнинг банк операциялари билан боғлиқ ишлари кўпаяди, – дейди М.Каримов. – Яъни, солиқ, коммунал тўлов ва бошқа тўловларни кейинги ойга ўтказиб бўлмайди. Шунинг учун ой охирида банклар дам олишсиз ишласа бизларга қулай бўлар эди. Тўғри, қўшимча иш банк учун қўшимча маблағ талаб этади. Лекин шунга қарамай банк мутасаддилари таклифимни инобатга олди.

Учрашувда тадбиркорларнинг мана шунга ўхшаш таклифлари, муаммоли масалалар бўйича мурожаатлари ижобий ҳал этилди. Тадбиркорларга банк фаолияти, жумладан, уларга таклиф этилаётган банк хизматлари, кредитлар ва бошқа масалалар бўйича атрофлича маълумот берилди.

Авазбек Худойқулов,
Фарҳод Абдурасулов(Сурат) ,ЎзА

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг