Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Молия вазирлиги аҳоли эътирозини бартараф этишга киришди

Молия вазирлиги аҳоли эътирозини бартараф этишга киришди

Фото: «Zamin.uz»

Республикамизнинг барча ҳудудларида бюджет маблағлари ҳисобидан мактабгача таълим муассасалари, умумтаълим мактаблари ва соғлиқни сақлаш муассасалари қурилмоқда, реконструкция қилиниб, капитал таъмирланмоқда.

Аммо, бундай муассасаларнинг қурилишига ёки реконструкция ва капитал таъмирлашга қанчалик зарурат борлиги ёки уларнинг ҳолати етарлича ўрганилмасдан Давлат дастурларига киритилиши аҳолининг кўплаб эътирозларига сабаб бўлаётир.

Ушбу ҳолатларнинг олдини олиш, муассасаларни танлашда шаффофликни таъминлаш мақсадида дастурларни шакллантиришнинг янги тартибини ишлаб чиқиш долзарб вазифадир.

Шуни ҳисобга олган ҳолда Молия вазирлиги сўровнома эълон қилди:

1-вариант: Таълим ва соғлиқни сақлаш муассасаларини бюджет маблағлари ҳисобидан қуриш ва таъмирлаш ишларини давлат дастурига киритилишининг амалдаги тартибини сақлаб қолиш.

Яъни, муассасаларни дастурга киритиш бўйича таклифлар, дастлаб таълим ва соғлиқни сақлаш муассасаларининг туман(шаҳар) бўлинмалари томонидан шакллантирилиб вилоят бошқармаларига тақдим этилади. Ушбу дастур вилоят ҳокимликлари даражасида ўрганилиб, тегишлилиги бўйича республика даражасидаги вазирликларга тақдим этилади ва уларнинг хулосаларига асосан якуний дастур шакллантирилади.

2-вариант: Таълим ва соғлиқни сақлаш муассасаларини дастурга киритиш ушбу муассасаларнинг туман(шаҳар) бўлинмалари, ҳудудий секторлар (туман (шаҳар) ҳокимлари, ички ишлар бўлими бошлиқлари, прокурорлари, давлат солиқ инспекцияси бошлиқлари) раҳбарлари томонидан таклифлар тайёрланади.

Мазкур таклифлар вилоятнинг тегишли бошқармалари ва вилоят миқёсидаги ҳудудий сектор раҳбарлари томонидан кўриб чиқилиб тегишлилиги бўйича республика даражасидаги вазирликларга тақдим этилади ва уларнинг хулосаларига асосан якуний дастур шакллантирилади.

3-вариант: Сизнинг вариантингиз?

Вариантингизни кўрсатган ҳолда ўз таклиф ва мулоҳазаларингизни қолдиришингиз мумкин. Таклиф ва мулоҳазаларингиз учун олдиндан миннатдормиз, дейилади вазирлик сўровномасида.

Сўров 2018 йилнинг 10 майига қадар ўтказилади.


Вазирлик ушбу сўровнома юзасидан таклиф ва мулоҳазалар қай тартибда ва шаклда юборилиши лозимлигига ойдинлик киритмаган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг