Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Муаллақ турган савол: «экспресс-ўрганиш» текширувнинг янги турими?

Муаллақ турган савол: «экспресс-ўрганиш» текширувнинг янги турими?

Иллюстратив сурат

Тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, улар фаолиятига ҳадеб аралашавермаслик, текширув деган балони кескин қисқартириш хусусида яқин йигирма йилдан буён тинимсиз гапирилади, қанча ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинмади, дейсиз. Шунга қарамай текширувлар камайиб, кичик бизнес, тадбиркорлик гуллаб-яшнаб кетганича йўқ.

Нега?

«Текшираман!» деганга асос топилаверар экан. Текширишга «асос топган» азаматларга тадбиркордан камчилик-айб топиш чўт бўптими? Бунинг дастидан бир сўм топган тадбиркор шундан йигирма тийини ўзига насиб қилса, дўпписини осмонга отадиган даражага етвормадими?!

Майли, ўтган ишларга саловат, муҳими — энди вазият ўзгача: давлат раҳбарининг ташаббуси ва асосий эътибори, катта-кичик амалдорлар олдига қўяётган талаби, қабул қилинаётган  қатор-қатор ҳуқуқий ҳужжатлар мана энди тадбиркорнинг  бемалол ва бедаллол ишлашига имконият яратмоқда.

Турли текширувларми? Бу борада инқилоб  қилинворди-ку: тадбиркорлик субъектлари, бир-иккита истиснони айтмаганда, икки йил текширувчининг юзини кўрмайди ҳисоб.

Тадбиркор фаолиятига тушов бўладиган муаммо қолмадими? Йўғ-а, гоҳ маҳаллий ҳокимият билан ер майдонига боғлиқ можаро, гоҳ банк билан кредитга оид низо, ваколатли идораларнинг ҳаракатсизлиги, сансалорлик... қисқаси, ҳозир ҳам тадбиркор учун катта-кичик ғурбатлар топилиб турибди. На чора, фуқаровий-ҳуқуқий муносабатлар бор экан, турли тушунмовчилик, муаммо, низо чиқаверади. Бундан  кўпам ваҳимага тушавермаслик керак. Асосийси — ҳар қандай ҳуқуқий муносабатларни тартибга солувчи қонунлар  бор. Тадбиркорлар ҳуқуқини ҳимоя қилишга шай ваколатли идоралар ҳам...

Шундай ваколатли идораларбоп бир масала чиқиб қолдики, қоғоз қоралаётганимиз боисиям шунда.

Алалхусус, Фарғона вилояти Давлат солиқ бошқармаси бошлиғи 16.11.2018 й. кунги 557-ХС-сонли буйруққа имзо чекибди. Унга кўра, қатор хўжалик юритувчи субъектларнинг «...омборларида импорт қилинган юқори ликвидли товарлар қолдиғига аниқлик киритиш мақсадида» экспресс-ўрганишлар ўтказиш белгиланган. Гап йўқ, қонун шуни талаб қилса, ким нима дейиши мумкин?!

Ҳар қандай буйруқ-кўрсатмалар маълум ҳуқуқий ҳужжатларга асосланади. Вилоят солиқ бошқармасининг мазкур буйруғи ҳам иккита ҳуқуқий ҳужжатга таяниб чиқарилган. Биринчи асос — Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Давлат солиқ хизматлари органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарорининг (26.06.2018 й. ПҚ-3802) 7-банди. Бунда соҳа ходимларига жойларга чиқиб, экспресс-ўрганишларни амалга ошириш ҳуқуқи берилган. Яъники, солиқ тўловчи томонидан тақдим этилган ахборотнинг ишончлилиги ҳамда солиқ тўловчилар ҳисоботларида акс эттирилган солиқ ва божхона имтиёзларини қўллашнинг қонунийлигини тасдиқлаш жараёнида (камерал назорат) эҳтиёж туғилса, мутасадди шахс жойига чиқиб,  вазиятга узил-кесил аниқлик киритиш учун экспресс-ўрганиш ўтказиши мумкин.

Фарғона вилоят солиқ бошқармаси бошлиғи юқоридаги буйруққа айни шу қарорнинг қайд этилган бандини асос қилиб олгани тушунарли, ахир гап хўжалик юритувчи субъектларда экспресс-ўрганиш ўтказиш хусусида гап кетмоқда.

Мазкур буйруққа иккинчи асос сифатида Солиқ кодексининг 711-моддаси  кўрсатилган. Асосий савол шунда, негаки, Солиқ кодексининг мазкур моддаси хўжалик юритувчи субъектларнинг қолдиқ товар-моддий бойликлари сони эмас, балки у ерда ишлаётган ходимларининг ҳисоботдаги ва ҳақиқиқий  сонининг мувофиқлигини аниқлаш  ҳуқуқини беради.  Муҳими, бу жараёнда  хўжалик юритувчи субъектнинг молия-хўжалик фаолиятига аралашиш ҳам, назорат органи ходимидан эса «Текширишлар китоби»ни тўлдириш ҳам талаб этилмайди. Рост-да, бу ўринда масала, ғирт  деҳқонча айтганда,  сонда бор-у саноғда йўқ ходимлар бор-йўқлигига тааллуқли,илло молия-хўжалик фаолиятига эмас. Ким билсинку-я, вилоят солиқ бошқармаси «Текширувлар китоби»дан «айланиб ўтиш» учунгина Солиқ кодексининг 711-моддасига ёпишиб олгандек. Бироқ бу модда «хўжалик юритувчи субъектларнинг омборига кириб», «товарлар қолдиғига аниқлик киритиш»га изн бермаяпти, ахир?! «Товарлар қолдиғига аниқлик киритиш» текшириш-тафтишни тақозо этади — бошқа йўли йўқ. Модомики, мақсад шу бўлса — марҳамат, «Текширишлар китоби»ни тўлдиринг-да, ишингизни қилаверинг! Бироқ солиқ идораси вакиллари «Текширишлар китоби» яқинига йўламоқчи эмас. Айтишаётган гапи битта: биз корхонанингизга текшириш учун эмас, «экспресс-ўрганиш» ўтказиш учун келганмиз, анов китобингизни нари олинг!»

Асос?

«Солиқ кодексининг 711-моддаси»!

Барака топгур, бу модда ҳе йўқ-бе йўқ омборнинг тит-питисини чиқаришга изн бермаяпти-ку?!

«Ҳа энди... буйруқ шунақа-да, ака!».

«Шунақа буйруқ» асослими, қонунийми?

Иккинчидан, «экспресс-ўрганиш» нима ўзи: текширув дейилса, ҳужжатларда «ўрганиш» дейилмоқда. «Ўрганиш» дейилса, текширувдан фарқи  йўқ?

...Алқисса, саволлар муаллақ, тадбиркорлар гаранг, солиқчилар оёғини тираб турибди...

Охирги гап Бош прокуратурада қолди, чамаси...      

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг