Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Ўзбекнефтгаз»: Бошқарув раиси томонидан Муборак нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси конларида табиий газ қазиб чиқариш жараёнлари ўрганилди

«Ўзбекнефтгаз»: Бошқарув раиси томонидан Муборак нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси конларида табиий газ қазиб чиқариш жараёнлари ўрганилди

«Ўзбекнефтгаз» АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев бошчилигидаги «Ишчи гуруҳ» аъзолари табиий газ қазиб чиқарилиши ҳолатини жойида ўрганиш мақсадида Муборак нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасида бўлди.

Муборак нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасида 2021 йил январ-апрель ойларида режа кўрсаткичлари бажарилиши ва II-чорагида прогноз кўрсаткичларини бажаришга қаратилган геолого-техник чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан «Заварда» конида ташкил этилган штабда бошқарма ва кон бошлиқлари иштирокида йиғилиш ўтказилди.

Йиғилишда Бошқарма тасарруфидаги конлардан 2021 йилнинг январь-апрель ойларида конлар кесимида газ ва газ конденсати қазиб чиқариш бўйича бошқарма директори, бош муҳандиси, бош геологи ва кон бошлиқларининг лойиҳа тақдимоти эшитилди, қазиб чиқариш кўрсаткичлари бажарилмаган конларда йўл қўйилган камчиликлар, кўрсаткичларнинг бажарилмаслик сабаблари таҳлил қилинди. Сусткашликка йўл қўйган кон бошлиқлари ҳисоботлари танқидий таҳлил қилиниб огоҳлантириш берилди.

Жумладан, Бошқарув раиси «Ўртабулоқ», «Денгизкўл», «Сомонтепа», «Тегирмон», «Узуншор», «Ўртабулоқ Терреген», «Кўкдумалоқ, Жанубий Алан», «Истмоқ», «Алан» «Зеварда», «Жанубий Кемачи» ва «Жайрон» «Муборак гуруҳи», «Гирсан-Чўлқувар» «Помуқ», «Шимолий Дарвоза» «Умид», «Кўлтак» конлари бошлиқларининг ҳар бири билан алоҳида суҳбатлашиб, уларнинг муаммолари, яратиб берилган шароитга қарамай кўрсаткичлар бажарилмагани сабабини муҳокама қилди.

Бошқарув раиси томонидан январь-март ойларига қадар ишлар яхши ташкил этилгани, афсуски апрель ойидан бошлаб кўрсаткичлар пасайиб кетганини, «Алан» ва «Зеварда» конлар мажмуасида сиқув компрессор станциялари ишга туширилиб, 14 та янги қудуқ бурғилашдан ишга қўшилганига қарамай Бошқарма томонидан белгиланган топшириқлар тўлиқ бажарилмагани танқид қилинди.

Муборак нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасида январь-апрел ойларида жами 101 та тадбирлар амалга оширилди, жумладан, 14 та янги бурғилашдан қудуқлар ишлатишга туширилди, мавжуд 78 та қудуқларда мукаммал таъмирлаш ва интенсификация ишлари бажарилди, 7 та технологик объектда реконструкция, модернизация ва қурилиш ишлари амалга оширилди.

Шунингдек, «Алан» ва «Зеварда» конларида паст босимли сиқув компрессор станциялари ишлатишга туширилиши муносабати билан кунлик 2,0 млн куб метр табиий газ қазиб олиш кўпайтиришга эришилди.

Шунга қарамай ҳисобот даврида Муборак нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси бўйича табиий газ қазиб олиш режаси 99,5%га, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан ўсиш суръати эса 98,3%га бажарилди.

Бошқарув раиси томонидан авваламбор 1 ярим йиллик кўрсаткичларини тўлиқ бажариш бўйича қаттиқ чоралар кўриш, шунингдек, ўсиш суръатини таъминлаш борасида қўшимча тадбирлар ишлаб чиқиш, барча имкониятлардан фойдаланиш бўйича тегишли кўрсатмалар берилди.

Бошқарма директори томонидан конларда олиб борилаётган тадбирлар бўйича ҳисоботида янги газ қувурларини қуриш, технологик жараёнларни яхшилаш мақсадида газни дастлабки тайёрлаш қурилмалари қурилишидаги муаммоли масалалар ва уларни ечими муҳокама қилинди.

Углеводородларни қазиб чиқаришни ошириш дастури доирасида амалга оширилаётган тадбирлар ҳам кўриб чиқилиб, газ қувурларини қурилиш ишлари ва моддий товар бойликларини ўз вақтида етказиб бериш, қурилиш монтаж ишларини белгиланган муддатларда тугатиш юзасидан Бош пудрадчи «Eriell» компанияси мутахассисларига кўрсатмалар берилди ва келишиб олинди.

Муборак нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасида 2021 йилда 16,8 млрд куб метр табиий газ қазиб олиш режалаштирилган, бу ўз навбатида ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 286,9 млн куб метр кўп, ёки ўсиш суръати 101,7%, конденсат қазиб чиқариш 310,7 минг тонна, нефть қазиб чиқариш 109,0 минг тонна белгиланган.

Ушбу қазиб чиқариш прогноз кўрсаткичларини таъминлаш учун бурғилашдан 53 та янги қудуқларни ишга тушириш, мавжуд 235 та қудуқларда мукаммал таъмирлаш ва интенсификация ишлари олиб бориш ҳамда 17 та технологик объектларда қурилиш монтаж ишларини олиб бориш режалаштирилган.

Геолого-техник тадбирларда май-июнь ойларида бажарилиши кўзда тутилган Углеводородларни қазиб олишни кўпайтириш Дастури ва ўз маблағлари ҳисобидан янги ишлатиш қудуқларини бурғилашдан ишга тушириш, газ конларидан мавжуд газни дастлабки тайёрлаш қурилмалари ҳамда сиқув компрессор станцияларигача қўшимча газ қувурларини монтаж қилиш ва технологик объектларни ишга туширишни жадаллаштириш бўйича техник қарорлар қабул қилиб, лойиҳалар ишлаб чиқиш, моддий-техник ресурслар, қувурлар, арматуралар билан таъминлаш ҳамда қурилиш монтаж ишларини олиб боришдаги муаммоли масалалар муҳокама қилиниб, тегишли департамент ва бошқарма бошлиқларига топшириқлар берилди.

Шунингдек, янги истиқболлий майдонларда олиб борилаётган ишларни жадаллаштириш, газ захираларини ўстириш юзасидан ишларни ташкил этиш, шу билан бирга 3 та янги истиқболли конларда қуйи қатламарга янада чуқурроқ бурғилаш ишларини олиб бориш учун қарор қабул қилинди ва тегишли мутахассисларга кўрсатмалар берилди.

Конлардаги мавжуд захираларни максимал даражада ўзлаштириш ва газ қазиб чиқариш кўрсаткичларининг барқарорлигини таъминлаш мақсадида кўзда тутилаётган «Денгизкўл» ва «Гирсан-Чўлқувур» конларида сиқув компрессор станциялари қуриш лойиҳаларини тезлаштириш чораларини кўриш бўйича масъул мутахассислар, лойиҳа-тадқиқот институтлари ва бошқармаларга топшириқлар берилди.

«Ишчи гуруҳ» аъзолари томонидан ўрганиш давомида бошқармада хизмат қилаётган ишчи-ходимларнинг ойлик маошларини ўз вақтида берилиши, ижтимоий масалалар, қазиб чиқариш жараёнларида бевосита иштирок этаётган ишчилар учун яратилган шарт-шароитлар борасида ҳам муҳокамалар ўтказилди.

Конларда ишчилар учун овқатланиш хоналари барпо этиш, маиший техникалар билан таъминлаш, қудуқларда бурғилаш жарёнларидан бошлаб газ қазиб чиқариш жараёнигача бўлган барча технологик жараёнларни маълумотлар базасида электрон кўринишда сақлаш ва доимий таҳлил ишларини олиб бориш шароитини яратиш бўйича ҳам тегишли кўрсатмалар берилди.

«Ўзбекнефтгаз» АЖ Матбуот хизмати

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг