Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Навоийдаги корхона Tcell билан 1 млн. долларлик шартнома имзолади

Навоийдаги корхона Tcell билан 1 млн. долларлик шартнома имзолади

Фото: «Ўзбектелеком» АК

«TELECOM DEVICES PRO» МЧЖ (Ўзбекистон) ва «ИНДИГО ТОЖИКИСТОН» ЁАЖ (Tcell савдо маркаси) ўртасида Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган телекоммуникация маҳсулотларини етказиб бериш бўйича 1 млн. долларлик экспорт шартномаси имзоланди.

Кеча, 22 ноябрь куни «Ўзбектелеком» АК биносида «ИНДИГО ТОЖИКИСТОН» ЁАЖ бош директори Озодхон Давлатшоев бошчилигидаги делегация билан учрашув бўлиб ўтди.

Фото: «Ўзбектелеком» АК

«Ўзбектелеком» АК бош директори Н.Ҳасанов, компаниянинг истиқболли ривожлантириш бўйича директори Ж.Мақсудов ва бошқалар иштирок этган учрашувда ўзаро ҳамкорлик алоқалари муҳокама қилинди.

Учрашув давомида «TELECOM DEVICES PRO» МЧЖ томонидан «Навоий»эркин иқтисодий зонаси ҳудудида ишлаб чиқарилган телекоммуникация ускуналарини етказиб бериш бўйича 1 миллион АҚШ доллари миқдорида экспорт шартномасини имзолаш маросими бўлиб ўтди.

Шартномага «TELECOM DEVICES PRO» МЧЖ бош директори Н.Раҳимов ҳамда «ИНДИГО ТОЖИКИСТОН» ЁАЖ бош директори О.Давлатшоевлар имзо чекишди.

Ушбу лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банкининг Навоий филиали молиявий кўмагида амалга оширилади.

Фото: «Ўзбектелеком» АК

«TELECOM DEVICES PRO» МЧЖ 2012 йилда «Ўзбектелеком» АК иштирокида «Навоий» эркин иқтисодий зонаси ҳудудида ташкил этилган. Компаниянинг асосий фаолият тури - CDMA-450 стандартидаги мобил ва стационар телефонлар, планшет компютерлари ишлаб чиқариш. «TELECOM DEVICES PRO» МЧЖ Марказий Осиёда CDMA-450 қурилмаларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган ягона корхона ҳисобланади.

Шу йилнинг 20 ноябрь куни президент Шавкат Мирзиёев Тошкентда ўтказилган Саноат ярмаркаси ва кооперация биржасида бўлганди.

Президент ярмаркада намойиш этилаётган маҳсулотлар билан танишди, сотувлар ва маҳаллийлаштириш даражаси билан қизиқди. Давлат раҳбари маҳаллийлаштиришни кенгайтириш, импорт қилинадиган қисмлар ишлаб чиқаришни ўзлаштириш, сифатни таъминлаш орқали харидорлар сонини кўпайтириш зарурлигини таъкидлади.

«TELECOM DEVICES PRO» МЧЖ маҳсулотлари Ўзбекистон саноат ярмаркаси ва кооперация биржасида кенг намойиш этилди ва ушбу муҳим шартнома унинг доирасида имзоланди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг