Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Нефтюань – кимга фойда, кимга зарар?

Нефтюань – кимга фойда, кимга зарар?

Фото: «OverTheDoors.it»

Халқаро савдода товарлар баҳоси одатда уларнинг фьючерс баҳоларига боғлиқ ҳолда белгиланади, шу боис фьючерс баҳони ўрнатувчилар асосий (йирик — улгуржи) товарларнинг спот-баҳоларини ҳам аниқлайдилар.

Мисол тариқасида нефт савдосини оладиган бўлсак, унинг асосий сортларининг баҳоси Лондоннинг «Brent» ҳамда Нью-Йорк WTI (West Texas Intermediate) эталон маркалари баҳосидан келиб чиқиб ҳисобланади, улар ёрдамида ҳар куни юзлаб миллион долларга битимлар тузилади.

«Нефтдоллар» атамаси АҚШнинг собиқ президенти Жимми Картернинг маслаҳатчиси, Жоржтаун университети професссори Иброҳим Овейсисс томонидан ўйлаб топилган, афтидан у «нефть долларга, доллар эса нефтга айирбошланувчи» энергетика ва молиявий ресурслар циркуляцияси тизимини ташкил этишни истаган. Шундай қилиб, нефтдоллар — АҚШ қудрати ва доллар ҳукмронлигининг таркибий, тенги йўқ қисми ҳисобланади.

Шубҳа йўқки, нефть баҳосини шакллантиришга бўлган «ҳуқуқ» Хитойга жуда ҳам етишмайди. Вазиятнинг бундайлиги Хитойнинг нефть хомашёсига бўлган қарамлигини янада кучайтиради ва унга жуда ҳам салбий таъсир кўрсатади. Масалан, ХХР нефть импорт қилишда фақат битта (аксарият ҳолатларда денгиз бўйича яхлит ташувлар) йўналишдан фойдаланади, бу эса жуда хатарлидир, юқорида айтиб ўтилган «ҳуқуқ»нинг мавжуд эмаслиги боис мамлакатнинг ташаббус имконияти йўққа чиқади, бундан бошқа мамлакатлар осонлик билан фойдаланиши мумкин.

Бошқа мамлакатлардан фарқли равишда Хитойда қизиқ ҳолатни кузатиш мумкин — нефть баҳоси кўтарилгани сайин уни қўпроқ сотиб ола бошлайдилар ёки аксинча. Бундай вазият Хитойда нефть баҳосини аниқлашга бўлган ҳуқуқнинг мавжуд эмаслиги билан узвий боғлиқдир — у ҳақиқатан ҳам халқаро баҳоларнинг тебранишидан фойдалана олмайди, қарам ҳолатда бўлишга мажбур, бозор тўғрисида ахборотга эга эмас ва шу сабабли ҳолатга боғлиқ равишда ҳаракат қила олмайди, ташаббусни ўз қўлига ола олмайди ҳамда нефть импортида зиён кўришга мажбур бўлади.

Ўтган йили АҚШда нефть импорти тўғрисида «Bloomberg» агентлиги томонидан қилинган ҳисоб-китоблардан кўриниб турибдики (кунига 7,9 млн. баррелдан ортиқ), ХХР Қўшма Штатларни ушбу кўрсаткич бўйича қувиб ўтди ва жаҳонда энг йирик нефть импортчисига айланди. Хитой божхонасининг янги маълумотларига кўра, мамлакатнинг нефть етказиб беришга қарамлиги даражаси тарихий максимумга етди (2017 йилда ХХРга импорт қилинган нефть ҳажми кунига 8,43 млн. баррелга етди, солиштирма ўсиш 10 фоизни ташкил этди). Мана шулар инобатга олинса, Хитой абадий қарамликда қолиши мумкин.

Россия ўзининг қиммат нефти билан Хитойнинг ушбу энергия манбаига қарамлигини аниқ кўриб тургани боис янада жиддийроқ бўла бошлади ва мазкур бозорни эгаллашни мўлжалламоқда. Халқаро нефть ишлаб чиқарувчи компаниялар нефть баҳосини бошқара бошладилар, бу эса Хитойни тобора уларга тобе қилиб қўймоқда.

АҚШ ҳам ўзининг сланецли нефти билан «ҳирс»ли нигоҳини Хитойдан узолмаяпти. Ушбу ёқилғи билан боғлиқ тармоқлардаги ишлаб чиқариш занжирлари тўғрисида сўз юритадиган бўлсак, халқаро баҳолар ушбу ҳолатда энг аввало мамлакат ичидаги баҳоларга, ундан кейин ишлаб чиқариш жараёнининг ҳар бир бўғинига, ҳаётнинг барча жабҳаларига таъсир кўрсатади ва якунда тўғридан-тўғри хитойлик истеъмолчига етиб боради.

Масалан, нефть, табиий газ ва бошқа энергия манбалари истеъмол баҳолари индексига бевосита таъсир кўрсатади: халқаро баҳолар нефтга — у эса нефть маҳсулотлари ва мамлакат ичидаги табиий газ баҳосига — бу маҳсулотларнинг харид баҳосига — буниси транспорт харажатларига — униси нефть ёрдамида ишлаб чиқарилган саноат моллари баҳосига — маиший газ баҳосига — ишлаб чиқарувчилар баҳоси индексига — якунда барчаси истеъмол баҳолари индекси ортишига олиб келади.

Нефть фьючерсларини юанга сотиш нефть баҳосини белгилашда Европадаги мамлакатлар ва АҚШни тараддудлантириб қўйиши шубҳасиз, янги механизм кўмагида АҚШ молия тизимини буткул четлаб ўтиш мумкин, бу эса долларни самарасиз иқтисодий қуролга айлантиради, чунки доллар етишмовчилигидан жабр кўраётган нефть қазиб олувчи мамлакатлар нуқтаи назари билан қараганда, нефтюань эски нефтдоллар тизимидан жозибали ҳисобланади.

Шу билан бир вақтда Хитой тўсатдан Саудия Арабистонига босимни кучайтирди, чунки саудияликларнинг юанни нефть савдосида ҳисоб-китоб воситаси сифатида қабул қилиши барчасини ўзгартириб юбориши мумкин. Саудия Арабистони — нафақат йирик нефть қазиб олувчи давлат, балки ОПЕКнинг етакчи аъзоси ҳамдир (бу унга бошқаларга таъсир ўтказиш имконини бериши мумкин). Агар «Сауди Арамко» компанияси Хитойга ҳиссадорлардан бири бўлиш имкониятини берса, бу бошқалар учун «огоҳлик» ишораси бўлади.

Бошқа томондан ҳозир аксарият мамлакатлар ХХР тимсолида ҳомийни кўрмоқдалар, шу туфайли унга ўзларининг нефть ва табиий газларини таклиф этмоқдалар. Ҳозир Россия нефтини Хитойга импорт қилиш ҳажми озроқ камайди, лекин Хитой-Мьянма газ қувури денгиз йўли ва Марказий Осиё мамлакатларидан ўтувчи нефт ҳамда газ қувурларидан кейин энергия ресурсларини етказиб берувчи учинчи стратегик йўналиш бўлиб қолиши мумкин.

Шундай бўлса-да, нефтдолларнинг моҳияти «доллар бўлмаса, нефть ҳам бўлмайди»дан иборат. АҚШ доллар ҳукмронлигини ҳимоя қилиш учун нефтдоллар тизимини йўқ қилиш пайига тушган нефть қазиб олувчи мамлакатларга тўсқинлик қилиши мумкин. Масалан, илгари Ироқ ва Ливия ташқи савдо ва нефть битимлари бўйича ҳисоб-китобларда очиқ-ойдин доллар ўрнига олтин билан таъминланган африка валютаси ва еврони ишлатиш тўғрисида баёнот берган эдилар. Улар SWIFT (Жаҳон банклараро молиявий каналлар алоқаси ҳамжамияти) ёрдамида нефть қазиб олувчи мамлакатлар банкларида АҚШ валютасида ҳисоб-китоб қилишни тўхтатишга уриндилар.

АҚШ акциялар назорат пакети эгаси ёки оддий акциядор сифатида Хитой ва Қозоғистон, Тожикистон ўртасидаги нефтгаз лойиҳаларига аралашмоқда ҳамда халқаро лойиҳаларга раҳна солмоқда, шу орқали Хитой учун ўта зарур бўлган Марказий Осиёдаги нефть ва табиий газ манбаларини назоратда ушлашга ҳаракат қилмоқда.

Истиқболда йирик геосиёсий инқироз рўй бериш эҳтимоли ғоят юқорилигини ҳам истисно этмаслик керак, нефть ушбу курашда жуда муҳим «қурол» бўла олади. Форс кўрфазидан нефть етказиб беришнинг тўхтатилиши Хитой ва Европа иттифоқи иқтисодиётига жиддий зарба беради. Лекин АҚШ нефтдоллардан яна унумли фойдаланиши мумкин.

Хитой Марказий Осиё нефть ресурсларини ишлатишда геосиёсий устунликка эга бўлишига қарамай, стратегик захираларнинг етишмовчилиги эндиликда мамлакат иқтисодиёти учун таҳдидга айланди. ХХР нефтнинг баҳоси нисбатан пастлиги ва юань курсидан унумли фойдаланиши, стратегик захираларини ошириши ҳамда олтин баҳосига асосланган янги жаҳон тизимини қуришга аввалдан тайёргарлик қилиши лозим.

Ботирхўжа Жўраев тайёрлади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг