Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ғайрат Йўлдош

Бешикдан қабргача илм изла!

Нега меваларимиз мазали бўлса-да, экспорти суст?

Нега меваларимиз мазали бўлса-да, экспорти суст?

Шак-шубҳа йўқки, мазаси жиҳатдан меваларимиз истаган давлат маҳсулотлари билан беллаша оладилар.

Фото: «Sputnik»

Ҳаммамизга маълумки, ҳозирги кунда мамлакатимизда маҳсулот экспорти билан шуғулланувчиларга катта эътибор берилмоқда. Уларга турли енгилликлар, имтиёзлар тақдим этилмоқда.

Жумладан:

  1. Охирги бир йил ичида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилувчиларга қўйилган шартнома бўйича олдиндан тўлов шарти олиб ташланди.

Яъни олдинлари чет эллик харидор билан экспорт шартномаси тузилганда у ўша шартнома қийматининг 50 фоизини олдиндан тўлашга мажбур эди. Шу шарт бекор қилинди. Энди чет эллик харидор билан шартнома тузилса бўлди. Унга маҳсулот бемалол жўнатилаверилади.

  1. Экспортдан тушган валютанинг қандайдир фоизларини Марказий банк белгилаган нархда давлатга мажбурий сотиш тартиби бекор қилинди.

Олдинлари қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилувчи фирмаларга экспорт тушумларининг маълум бир қисмини давлатга мажбурий сотиш мажбурияти юкланган эди. Ана шу мажбурият ҳам бекор қилинди, энди экспортчи фирмалар ҳисобларига келиб тушган валютани хоҳлаганча тасарруф қила оладилар.

  1. 2017 йил 1 июлдан бошлаб ҳар қандай хўжалик юритувчи субъектга, шу жумладан фермер хўжаликларига ҳам ўзлари етиштирган маҳсулотни чет элларга тўғридан-тўғри экспорт қилиш имконияти берилди. Пулини олдиндан 100 фоиз тўлаш шарти билан.

Яъни эндиликда фермер хўжаликлари ўз маҳсулотларини чел эллардан харидор топиб, шартнома тузиб, маҳсулот пулини олдиндан тўлиқ олиб бемалол экспорт қилишлари мумкин.

Юқорида ёзганларимиз қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилувчиларга берилаётган енгилликлардир.

Аммо бу соҳада ҳам ҳозирча муаммолар бор. Масалан:

  1. Оғир рақобат ва чет эллардан харидор топишнинг қийинлиги.

Биз учун энг яқин ва қулай бўлган бозор бўлмиш МДҲ давлатлари, хусусан Россия бозорларида бизнинг қуруқ ва ҳўл меваларимизга асосан Эрон ва Туркия экспортчилари рақобат қилишади. Шунинг учун ҳам экспортчи фирмаларимизга узоқ хориж уёқда турсин, ҳатто бизга анча яқин бўлган Россия бозорларида ҳам ҳозирги даврда харидор топиш осон бўлмаяпти.

Шунингдек Эрон ва Туркия фирмалари ўз маҳсулотларини Россияга анча арзон бўлган денгиз йўли орқали етказиб берадилар. Биз эса ўз маҳсулотларимизни темирйўл ва автомобиль йўллари орқали Қозоғистонга транзит учун бож тўлаб олиб ўтамиз. Ана шу туфайли ҳам бизнинг маҳсулотларимиз экологик тоза ҳисобланса-да, баъзан Россия бозорларида турклар ва эронликларнинг маҳсулотларидан қимматлик қилиб қолаяпти.

  1. Меваларни қуритишда ва қайта ишлашда замонавий технологияларнинг камлиги ва қуритишнинг ибтидоий кўриниши.

Юқорида МДҲ ва Россия бозорларида Туркия ва Эрон ҳўл ва қуруқ мевасининг бизнинг маҳсулотларимиз билан рақобат қилиши ҳақида ёздик. Уларда тайёрланадиган ҳўл ва қуруқ меваларнинг таркиби экологик жиҳатдан бизникига ета олмайди. Аммо тан олайлик, уларда тайёрланган маҳсулотларнинг кўриниши, қадоқланиши бизникидан анча яхши. Тўғри, охирги йилларда бизга ҳам замонавий технологиялар олиб келинмоқда, аммо ишлар ҳали қониқарли эмас.

Аҳоли ўз томорқасида етиштирадиган меваларни, фермерлар ўз боғларида етиштирган меваларни аксарият ҳолларда ибтидоий кўринишда ўнг келган ерга ташлаб қуритмоқдалар. Натижада турли қуруқ меваларнинг сифати ёмон бўлиб қолаяпти.

Шу туфайли бизнинг қуруқ меваларимизнинг сифати Евростандарт талабларига жавоб бермаяпти. Шу ерда бир мисол: бундан бир неча йил олдин бир танишим интернет орқали Польшадан қуритилган олхўрига харидор топди. Польшалик харидорлар текшириш учун олдин озгина намуна жўнатишни сўрашди. Намуна жўнатилди. Шундан кейин улардан рад жавоби келди. Чунки улар ювилиб тозаланган олхўриқоқини лабораторияда текшириб кўришса таркибида қум борлиги аниқланган. Олхўрига қум уни ерга ёйиб қуритишганда илашган ва ювилганда ҳам батамом тоза бўлмаган.

  1. Фермерларимизда чет элларга чиқиб харидор излаш имкониятининг йўқлиги.

Юқорида 2017 йил 1 июлдан фермерларга ўз хўжалигида етиштирган маҳсулотини чет элларга тўғридан-тўғри экспорт қилиш имконияти берилгани ҳақида ёздим. Аммо ҳозирча бу имкониятдан фойдаланаётган фермерни учратмадим. Бунинг сабаби фермерлар ўз маҳсулотларини тўғридан-тўғри экспорт қилиш учун авваламбор банкда валюта ҳисобини очишлари, кейин эса чет элдан харидор топишлари керак бўлади. Бугунги кунда турли агрофирмалар учун қийин бўлиб турган бу иш оддий фермерлар учун ҳам осон эмас.

Бунинг устига фермерларнинг вақти турли мажлису селекторларда ўтаяпти. Хўш, шундай ҳолатда фермер ерига қарасинми, мажлис ва селекторларда юрсинми ёки хориждан ўз маҳсулотига харидор изласинми?

Шу масала юзасидан бир нечта фермер билан суҳбатлашганимизда улар беш-ўн гектар ерда жойлашган боғларидан чиқадиган ҳўл ва қуруқ меваларга хориждан харидор қидириб топиш қийинлигини, шу боис ўз маҳсулотини экспорт-импорт билан шуғулланувчи агрофирмаларга сотиш қулайлигини айтдилар.

Умуман олганда, бу соҳада ҳали қилинадиган ишлар кўп. Чет элларга маҳсулотларимизни кўпроқ экспорт қилиш учун авваламбор меваларни эскича қуритиш ва қайта ишлаш усулларидан воз кечиб, юқори технологияли ишлаб чиқариш қувватларини кўпроқ олиб келишимиз ва меваларни ана ўша технологиялар ёрдамида қуритиб, қайта ишлашимиз керак. Ана шунда яхшироқ натижаларга эришамиз.

Изоҳлар 1

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг