Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Нега юқори ҳосил олмаслик «ерга нисбатан хиёнат» деб баҳоланади?

Нега юқори ҳосил олмаслик «ерга нисбатан хиёнат» деб баҳоланади?

Мамлакатимизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда ғаллачилик тармоғи юқори аҳамиятга эга. Чунки, инсон нонсиз ҳаёт кечириши мумкин эмас. Шуни ҳисобга олган ҳолда республикамиз истиқлолининг дастлабки йилларида «Ғалла мустақиллиги» дастурининг қабул қилинганлиги ва бошоқли дон экин майдонларининг кенгайтирилиши дунё бўйича 800 млн.дан зиёд инсонлар тўйиб овқат емаётган бугунги кунда мамлакатда ғалла ишлаб чиқариш ҳажмини оширибгина қолмай, балки аҳолини асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан барқарор таъминлаш имконини бермоқда.

Республикамиз Ҳукумати томонидан жорий йил 27 ноябрь куни қабул қилинган «Бошоқли дон етиштиришни янада рағбатлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарор ғаллачиликдаги ислоҳотларни янги босқичга кўтарган ҳолда инқилобий аҳамият касб этди десак, муболаға бўлмайди. 

Чунки, қарор билан мустақил Ўзбекистон тарихида илк маротаба кафолатланган харид нархлари ўтган йилга нисбатан ўртача 60 фоизга оширилди. Бу эса ғалла етиштирувчи фермер ва деҳқонлар манфаатдорлигини оширишга ва иқтисодий жиҳатдан барқарор фаолият юритишини таъминлашга қаратилгандир.

Аҳамиятли томони шундаки, энг юқори миқдорда чегирма қўллаб белгиланадиган давлат харид нархи ҳам бу йилги давлат харид нархига нисбатан 1,2 баробарга ортиқдир.

Қарорнинг яна бир муҳим жиҳати шундан иборатки, бошоқли дон етиштиришга сарфланадиган харажатлар учун 100 фоиз миқдорида давлат бюджетидан имтиёзли кредит ажратиш белгиланди. Шу пайтга қадар ғалла етиштиришда маҳсулот қийматининг 60 фоизи миқдорида кредит ажратилиб, сарфланган моддий-техник ресурсларга ўз вақтида ва тўлиқ ҳажмда тўловлар амалга оширилмасдан ўзаро қарздорликлар пайдо бўлишига, бу эса агротехник тадбирларни сифатсиз ёки ўз вақтида ўтказилмаслигига олиб келган.

Имтиёзли кредитларнинг маҳсулот қийматининг 100 фоизи миқдорида  берилиши, фермер хўжаликларида маблағлар тақчиллигини олдини олиб, талаб этиладиган моддий-техника ресурсларига ўз вақтида тўловларни амалга ошириш орқали агротехник тадбирларни тўлақонли ўтказиш имконини беради.

Қарор билан белгиланган яна бир янгилик – бу етиштирилган ғалла ҳосилдорлигига боғлиқ ҳолда харид баҳоларини ошириб бориш ёки камайтириш механизми белгиланганлигидир. Ушбу тизим фермер хўжаликлари томонидан «тиллодан-да юқори қийматга эга — халқ мулки бўлган ер ва сув»дан оқилона фойдаланиш ҳамда сарфланаётган ресурслар (минерал ўғит, ёнилғи мойлаш маҳсулотлари, техника ва бошқалар) самарадорлигини ошириш орқали юқори ҳосил олишга бўлган қизиқишини рағбатлантиради.

Бугунги кунда республикамизда етиштирилган ғалланинг жами ҳажмининг аниқ ҳисоб-китобини юритиш тизими мавжуд бўлмасдан, шартнома бўйича сотилган ғаллани 2 баробарга оширган ҳолда, «шартномадан ортиқча қисми фермернинг ўзида қолди» дея асосланмаган ҳисоботлар тақдим этиб келинган.

Қарор билан қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан етиштирилган ғалланинг ялпи ҳосили ҳажмини ҳисобини юритиш тартибини ишлаб чиқиш белгиланиши ҳам фермерда, ҳам давлат органларида етиштирилган ғалла ҳосили тўғрисида аниқ маълумотга эга бўлиш орқали энг муҳим масала – озиқ-овқат заҳирасини тўғри башорат қилиш имконини беради.

Таъкидланган ҳуқуқий ҳужжатни «фермер томонидан етиштирилган  ғалла ҳосили тўлиғича давлат хариди учун етказиб берилади» деб тушуниш нотўғри бўлади. Фермер фақатгина контрактация шартномасида белгиланган ҳажмдаги ғаллани давлат хариди учун сотади. Қолган қисмидан ўз ҳохишига кўра фойдаланади. Бунда бир гектар майдондан олинадиган ҳосил қанча юқори бўлса, сотиш нархи ҳам шунча юқори бўлади.

Қарор билан белгиланган яна бир муҳим масала, яъни суғориладиган ерлардан юқори ҳосил олмаслик «ерга нисбатан хиёнат» сифатида баҳоланишига тўхталиб ўтсак.

Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш Дастури доирасида 2016-2018 йилларда республика бўйича 41 минг гектардан зиёд паст ҳосилли ғалла майдонлари қисқартирилди. Бугунги кунда суғориладиган ғалла майдонлари юқори унумдорликка эга бўлиб, агротехник тадбирларни ўз вақтида ва сифатли ўтказиш ҳисобига ўртача 55-60 центнер, юқори репродукцияли уруғлар экилганда 100–110 центнердан ҳосил олиш имконияти мавжудлиги илмий асосланган.

Албатта, тупроқ унумдорлигини оширишга интилмаган, ер билан тиллашмаган ва яратиб берилган шароит ҳамда имкониятлардан самарали фойдаланмасдан, юқори ҳосил олишни мақсад қилмаган фермернинг фаолияти нафақат ерга, балки халққа, ватанга хиёнат сифатида баҳоланиши лозим.

Хулоса қилганда, ҳар бир қаричи бебаҳо бўлган еримизга эгалик қилиб турган фермер хўжалиги Ҳукуматимиз томонидан яратиб берилаётган имтиёз ва имкониятлардан самарали фойдаланган ҳолда ғалладан юқори ҳосилдорликка эришиб, давлатимиз хирмонини, халқимиз дастурхонини тўлдириш, ўз даромадларини ошириш  ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга масъулдир.

Исроилжон Холмирзаев,
иқтисод фанлари номзоди

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг