Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ўзбекистон АҚШ компанияси билан инновацион суғориш тизимларини яратиш ҳақида келишувга эришди

Ўзбекистон АҚШ компанияси билан инновацион суғориш тизимларини яратиш ҳақида келишувга эришди

Фото: Инновацион ривожланиш вазирлиги матбуот хизмати

10-14 февраль кунлари Ўзбекистон Республикаси делегацияси Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев бошчилигида АҚШнинг Миссисипи штатига ташриф буюрди.

Делегация аъзолари сафидаги Инновацион ривожланиш ва Қишлоқ хўжалиги вазирлиги вакиллари «Valmont Industries, Inc.» компанияси раҳбарлари билан учрашиб, Ўзбекистондаги қишлоқ хўжалик майдонларида сув ресурсларининг сарфини «ақлли технологиялар назорати»ни амалга оширувчи инновацион суғориш тизимларини яратиш ҳақида келишувга эришилди. Биринчи босқичда фермерлик хўжалигининг 100 гектарли экин майдонида пилот лойиҳаси амалга оширилади. Бу ҳақда Инновацион ривожланиш вазирлиги матбуот хизмати  хабар берди.

Компания лойиҳани ишлаб чиқиш, ёмғирли суғориш тизимини далага ўрнатиш, шунингдек фермер хўжалиги ходимларини ўқитишга тайёрлигини билдирди. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тажриба лойиҳаси қайси фермер хўжалигида ўтказилишини белгилаб, 100 гектар экин майдон ажратилишини таъминлайди. Инновацион ривожланиш вазирлиги эса лойиҳанинг умумий ва илмий-техникавий бошқарувини амалга оширади.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазири И. Абдураҳмонов Миссисипи штатидаги «Innovate Mississippi» Инновацион уюшма президенти Т.Джэфф билан учрашиб, инновациялар, илм-фан ва технологиялар соҳасидаги томонларнинг илмий-тадқиқот бирлашмалари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилдилар.

Маълумот учун: «Valmont Industries, Inc.» муҳандислик қурилмалари ва ирригация тизимлари соҳасида етакчи корхоналардан бири бўлиб, ирригацион суғориш технологиялари ва ускуналарини ишлаб чиқиш ва етказиб беришга ихтисослашган. У ўз фаолиятини дунёнинг 23 давлатида амалга ошириб келмоқда, компаниянинг бозор капитализациясининг миқдори 3 миллиард доллардан ошиқдир.

«Innovate Mississippi» Миссисипи штатининг иқтисодиётини инновацион ва техник ривожланишини таъминловчи нотижорат ташкилоти бўлиб, стартап компаниялар, ихтирочилар, тадбиркорларга ёрдам кўрсатади, ишлаб чиқариш, муқобил энергия соҳаларига инвестицияларни киритиш ва бизнесни ривожлантириш орқали штат иқтисодиётининг ўсишига ҳисса қўшади.

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг