Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўзбекистон экспорт бўйича 28 миллион долларлик шартномалар имзолади

Ўзбекистон экспорт бўйича 28 миллион долларлик шартномалар имзолади

Фото: Савдо-саноат палатаси

Ўзбекистон Республикаси делегацияси Афинада бўлиб ўтган «Food Expo Greece 2018» Халқаро озиқ-овқат ва ичимликлар кўргазмасида иштирок этди. Бу ҳақда Савдо-саноат палатаси ахборот хизмати хабар берди.

2014 йилдан буён ташкил этиб келинаётган мазкур кўргазма Жанубий-Шарқий Европадаги озиқ-овқат ва ичимликлар бўйича энг йирик халқаро кўргазмалардан бири ҳисобланади. Жорий йилги кўргазмада 22 мамлакатдан 1250 нафар иштирокчи қатнашди.

Шунингдек, тадбирга 70 мингдан ортиқ киши ташриф буюрди. Улар орасида 65 та мамлакатдан келган 3,5 минг хорижлик мутахассис ва харидорлар бор.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон «Food Expo Greece 2018» кўргазмасида илк бор иштирок этмоқда. Хусусан, мамлакатимиздан 30 та кичик ва ўрта бизнес субъектлари қатнашиб, улардан 12 таси стенд билан намойиш этилди.

Ўзбекистон илк бор иштирок этаётган бўлса-да, «Made in Uzbekistan» бренди остидаги маҳсулотлар чет элликларда катта қизиқиш уйғотди.

Кўргазмада Ўзбекистондан келган делегация вакиллари ҳамда Греция, Голландия, БАА, Чехия, Покистон, Польша, Озарбайжон, Хитой вакиллари ўртасида 100 дан ортиқ учрашувлар ташкил этилди.

Қолаверса, хорижий томон билан ўзбек маҳсулотларини (майиз, ёнғоқ, қуритилган ўрик, бодом, қандолат маҳсулотлари ва ҳоказо) экспорт қилиш бўйича ҳамкорлик ва мини-технологияларни жалб этиш бўйича 28 миллион долларлик шартномалар имзоланди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг