Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўзбекистон иқтисодий эркинлик рейтингида 16 поғона юқорилади

Ўзбекистон иқтисодий эркинлик рейтингида 16 поғона юқорилади

Фото: «Спутник»

АҚШнинг «The Heritage Foundation» тадқиқот маркази эркин иқтисодиётга эга давлатлар рейтингини эълон қилди. Унда Ўзбекистон 51,5 балл билан 152-ўриндан жой олди. Бу ҳақида «Спутник» хабар берди.

Ўтган йилги рейтингда Ўзбекистон 166-ўринда (46 балл) жойлашганди.

Собиқ иттифоқ давлатлари рейтингда қуйидаги ўринларда жойлашди: Эстония (7), Грузия (16), Литва (19), Латвия (28), Қозоғистон (41), Арманистон 44), Озарбайжон (67), Қирғизистон (78), Молдова (105), Тожикистон (106), Россия (107), Украина (150), Туркманистон (169).

Рейтингнинг биринчи поғонасидан қаторасига 24-марта Гонконг жой олди.

Иқтисодий эркинлик индекси 1995 йилдан буён «Wall Street Journal» ва «Heritage Foundation» тадқиқот маркази томонидан эълон қилиб келинади. «Heritage Foundation» экспертлари иқтисодий эркинликни «ҳукуматнинг товар ва хизматларни ишлаб чиқариш, тарқатиш ҳамда истеъмол қилиш ишларига аралашмаслиги ёки тўсқинлик қилмаслиги, фуқаролар муҳофазаси ва эркинлигини таъминлаш бундан мустасно» дея таърифлашади.

Иқтисодий эркинлик индекси кўрсаткичлари бизнес, солиқ, савдо, пул, инвестиция, молия, меҳнат муносабатлари эркинлиги, мулк ҳуқуқининг ҳимояланганлиги ва ҳукумат аралашувидан ҳамда коррупциядан холи бўлиш мезонларидан келиб чиқиб белгиланади.

Ушбу индекс бўйича мамлакатлар қуйидаги гуруҳларга бўлинади: эркин — 80−100 балл, асосан эркин — 70−79,9 балл, ўртача эркин — 60−69,9 балл, асосан эркин бўлмаган —50−59,9 балл ва босим остидаги иқтисодиёт — 0−49,9 балл.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг