Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ўзбекистон Қозоғистонга 50 миллион долларлик маҳсулот етказиб беради

Ўзбекистон Қозоғистонга 50 миллион долларлик маҳсулот етказиб беради

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Қозоғистонга ташрифи чоғида Ўзбекистон-Қозоғистон ўзаро ҳамкорлигининг турли йўналишларини қамраб олувчи 22 та ҳужжат имзоланган бўлса, улардан бири агросаноат соҳасидир.

«Агросаноат мажмуасидаги ҳамкорликнинг кенгайиши ўзаро савдога жиддий туртки беради. Мамлакатларимиз нафақат Марказий Осиё минтақасини озиқ-овқат билан таъминлаш, балки янада кенгроқ географик миқёсда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари хавфсизлигининг ўзига хос кафилига айланишга қодир», — деганди Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тоқаев.

Қосим-Жомарт Тоқаев бу борада Ўзбекистон муҳим роль ўйнашини таъкидлаб, Ўзбекистонни «қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш соҳасидаги қудратли давлат», дея таъкидлаб ўтган. Шунингдек, у «қардош Ўзбекистоннинг бу борадаги экспорт имкониятлари амалда чексиз», дея ўз таърифини берди.

Шавкат Мирзиёевнинг Нур-Султонга ташрифи арафасида Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасида III Минтақлараро ҳамкорлик форуми ташкил этилди. Шунингдек, Ишбилармонлар кенгашининг йиғилиши бўлиб ўтди. Ушбу тадбирлар натижасида умумий қиймати қарийб 6,6 миллиард долларга тенг бўлган иқтисодий шартномалар тузилди.

Икки давлат ўртасидаги Минтақалараро ҳамкорлик форуми доирасида «UZAgro Logistics Centers» (Ўзбекистон) ва «TL NIKA keden» (Қозоғистон) ўртасида ҳамкорлик меморандум ҳам имзоланди.

Бундай ҳамкорликнинг асосий мақсади Ўзбекистондан Қозоғистонга товарлар ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб бериш тизимини яратиш ва жорий этишдир. Шунингдек, 2005 йилда Жаҳон божхона ташкилоти (ЖБТ) томонидан қабул қилинган хавфсизлик стандартларини тадбиқ этиш ҳам эътибордан четда қолмади.

Ваколатли иқтисодий оператор ва «TL NIKA keden» божхона вакили Ўзбекистондан Қозоғистонга қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини (тез бузиладиган маҳсулотлар) етказиб бериш бўйича умумий қиймати 50 миллион долларлик йирик шартномалар имзолади.

«Ҳамкор давлатлар ҳукумати иқтисодиётни ривожлантириш, хусусан, тадбиркорлик фаолиятини юритиш учун катта ишларни амалга оширмоқда. Божхона органлари фаолиятида ҳам ижобий ўзгаришлар кўзга ташланмоқда. Яъни товарларни рўйхатдан ўтказишда божхона чегараси орқали ўтиш тартиби соддалаштирилди ва тезлаштирилди», — деди «TL NIKA keden» директори Николай Марусевич.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг