Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ўзбекистон тарихида илк бор АИ–98 маркали бензин ишлаб чиқарилди

Ўзбекистон тарихида илк бор АИ–98 маркали бензин ишлаб чиқарилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан «Ўзбекнефтгаз» АЖ Бошқаруви олдига аҳолини сифатли нефть маҳсулотлари билан таъминлаш ҳамда унинг янги турларини ишлаб чиқиш вазифалари қўйилган эди.

Белгиланган топшириқ ва вазифалар ижросини бажариш мақсадида «Ўзбекнефтгаз» АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев бошчилигида «Ишчи гуруҳ» тузилиб «Йўл харитаси» ишлаб чиқилди.

Жумладан, Бухоро нефтни қайта ишлаш заводида Бошқарув раиси топшириғига асосан, юқори октанли автомобиль бензини ишлаб чиқаришни йўлга қуйиш бўйича тадқиқотлар ўтказилди ҳамда технологик қурилмаларда режим танланди, натижада АИ–98 юқори сифатли этелланмаган бензин ишлаб чиқариш ўзлаштирилди.

Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи юқори октанли АИ–98 автомобиль бензинини саноат даражасида ишлаб чиқаришни йўлга қўйди ва ўз маҳсулотлари қаторини яна бир марка билан бойитиб, юқори октанли АИ–98 автомобиль бензини билан тўлдирди.

АИ–98 маркали автомобиль бензини, асосан, сиқиш даражаси 12 дан 14 гача бўлган двигателли автомобилларда ишлатилади. АИ–98 бензини юқори детонацияга қарши хусусият (октан характеристика)лари туфайли двигатель қувватини оширади ҳамда тезланиш динамикасини яхшилайди, тебраниш, шовқин даражасини пасайтиради, шунингдек, ёнилғи сарфини сезиларли даражада камайтиради.

Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги («Ўзстандарт») томонидан АИ–98 автомобиль бензинини серияли ишлаб чиқариш учун O‘zDSt 3031:2015 «Автомобиль бензинлари. Техник шартлар» мувофиқлик сертификати олинди.

Қувонарлиси, АИ–98 автомобиль бензинининг дастлабки партияси ишлаб чиқарилди ва 380 тонна ҳажмдаги бензиннинг физик-кимёвий хусусиятлари стандартга биноан муваффақиятли синовдан ўтказилди.

АИ–98 маркадаги автомобиль бензини ишлаб чиқарлиши ўзининг тарихига эга бўлиб, бундан натижага эришиш осон бўлгани йўқ. Сабаби, Акбар Фазилов бошчилигидаги Бухоро нефтна қайта ишлаш заводининг технологлари, техник бўлими, ишлаб чиқариш ва диспетчерлик хизмати, Марказий таҳлилхонанинг юзлаб ишчи-ходимлари хорижий мутахассисларнинг кўмагисиз изланишлар олиб боришди.

Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи томонидан жорий йилнинг сентябрь–декабрь ойларида 36,5 минг тонна АИ–91, 13,1 минг тонна АИ–92 1,4 минг тонна АИ–95, шундан 848 тоннаси «QuWatt» русумидаги юқори октанли автобензин ишлаб чиқарилиши кутилмоқда. Шунингдек, 14,9 минг тонна Евро–4, 11,4 минг тонна Евро–5 русумидаги дизель ёнилғилари ишлаб чиқарилиши, 2021 йилнинг иккинчи ярим йиллик якунига қадар «Uzbekneftegaz GTL» синтетик керосинини сақлаш учун 5 000 куб метр ҳажмда 2 дона сақлаш сиғимларини қуриш ишларини якунига етказиш режалаштирилган.

Қувонарлиси эса, бугунги кунда Бухоро нефтни қайта ишлаш заводида 19 дан ортиқ маркага эга бўлган 9 та турдаги маҳсулот ишлаб чиқарилади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг