Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ўзбекистонда ноқонуний равишда йилига ўртача 1 тоннага яқин олтин қазиб олиняпти

Ўзбекистонда ноқонуний равишда йилига ўртача 1 тоннага яқин олтин қазиб олиняпти

Иллюстратив сурат

Фото: «gold.kh.ua»

Бош прокуратура ҳузуридаги Ахборот-таҳлил мультимедиа маркази материалларида келтирилган маълумотларга кўра, бугун Навоий, Самарқанд ва Бухоро вилоятларида ноқонуний равишда қимматбаҳо металларни қазиб олиш тизимли тус олган бўлиб, уларнинг яширинча айланиши ва чет элларга олиб чиқиб кетилиш ҳолатлари ҳам кузатилмоқда. Бу ҳақда «Халқ сўзи» хабар бермоқда.

Масалан, 2015 йилдан 2018 йилнинг ўтган 10 ойи давомида олтин ва бошқа қазилма бойликларни ноқонуний қазиб олиш бўйича 547 нафар кишига нисбатан 214 та жиноят иши қўзғатилган. Бу эса бизнинг яъни халқнинг ризқи кесиляпти, бойлигимиз ўзгаларнинг чўнтагига тушяпти, дегани.

«Ноқонунийлик натижасида йилига ўртача 1 тоннага яқин олтин қазиб олиняпти. Айни мавсум паллада 10 минг одам шу иш билан шуғулланмоқда. Бу эса давлатнинг иқтисодиётига жиддий зиён етказмоқда», — дейди Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси бошқарма бошлиғи Ҳайитбой Омонов.

Президентимиз томонидан имзоланган «Қимматбаҳо металларни олтин изловчилар усулида қазиб олиш фаолиятини амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори бу каби муаммоларга чек қўяди. Қарор билан 2019 йилнинг 1 мартидан бошлаб қимматбаҳо металларни олтин изловчилар усулида қазиб олиш фаолиятини тадбиркорлик таваккалчилиги асосида амалга оширишга рухсат бериладиган бўлди.

Қимматбаҳо металларни олтин изловчилар усулида қазиб олиш билан шуғулланишни истаган юридик ва жисмоний шахсларга ер қаъри участкалари, шу жумладан, ўлчамлари 1 гектардан ортиқ бўлмаган майдонда сочма олтин конлари тақдим этилади. Бунинг учун улар «E-IJRO AUKSION» майдончасида ўтказиладиган электрон аукцион орқали олинадиган лицензияга эга бўлишлари лозим.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг