Ўзбекистонда қайси соҳада энг юқори ўсиш суръатлари қайд этилди?

Ўзбекистонда қайси соҳада энг юқори ўсиш суръатлари қайд этилди?

АКТ соҳасининг Ўзбекистон ялпи ички маҳсулотидаги улуши 2,2 фоизни ташкил қилмоқда.

Фото: «Analizy Online»

Ахборот ва коммуникация технологиялари соҳаси бугунги кунда жаҳон иқтисодиётининг жадал ривожланаётган соҳаларидан биридир. Иқтисодий ўсиш ва иқтисодиёт тармоқларини юксалтирувчи, ҳаракатга бошловчи кучга айланган мазкур йўналиш барча соҳаларнинг иқтисодий жараёнларини сезиларли даражада ўзгартириб, янги босқичга кўтармоқда. Шунингдек, ахборот технологияларининг ривожи — инсоннинг ақлий меҳнати, илм ва тафаккурининг меваси бўлган ахборот ҳамда маҳсулотларга асосланган янги турдаги иқтисодиётнинг ташкил топиши учун ҳам замин яратмоқда.

Бунга АКТ соҳасининг мамлакатимиздаги ўсиш суръатлари мисолида ҳам гувоҳ бўлиш мумкин. Хусусан, 2017 йилда алоқа ва ахборотлаштириш соҳаларида кўрсатилган хизматлар миқдори 7,9 трлн. сўмни ташкил қилган. Шундан 232,8 млрд. сўмлик хизматлар дастурий таъминот маҳсулотларига доир хизматлар улушига тўғри келади, дейилади Ўзбекистон Республикаси давлат статистикаси қўмитаси маълумотида.

Ўзбекистонда валюта бозорининг эркинлаштирилиши ҳамда 2017 йилнинг сентябрида хорижий валюта курси кескин кўтарилишига қарамасдан, алоқа хизматлари тарифларида нархларнинг ўсиши кузатилмади.

2016 йил билан солиштириб кўрилганда, янги технологияларни жорий қилиш ва хизматлар сонининг оширилиши, хизмат кўрсатиш ҳудудлари ҳамда доирасининг кенгайтирилиши ҳисобига соҳада хизмат кўрсатиш ҳажми 124,0 фоизга (солиштирма нархларда 115,6 фоиз) ошган.

Айни пайтда Ўзбекистонда хизматлар соҳасининг ривожланиши моддий ишлаб чиқариш соҳаларидаги ўсиш суръатини ортда қолдирмоқда. Жумладан, 2017 йилнинг январь-декабрь ойларида ялпи ички маҳсулот (ЯИМ)да хизматлар соҳаси улуши 47,3 фоизни ташкил қилган.

2017 йилнинг январь-декабрь ойларида хизматлар ҳажми 116795,7 млрд. сўмни ташкил этиб, 8,9 фоизга ўсди. Юқори ўсиш суръатларини товарларни кредит карталари орқали тўловлар, интернет орқали савдолар  каби янги хизмат турларини пайдо бўлиши, янги савдо марказлари, овқатланиш мажмуалари, меҳмонхоналарнинг ишга тушиши, таълим ва кўнгилочар хизматларининг кенгайиши билан изоҳлаш мумкин.

Шунингдек, қайд этиш жоизки, Ўзбекистонда валюта бозорининг эркинлаштирилиши ҳамда 2017 йилнинг сентябрида хорижий валюта курси кескин кўтарилишига қарамасдан, алоқа хизматлари тарифларида нархларнинг ўсиши кузатилмади.

Алоқа ва ахборотлаштириш соҳасидаги хизматларни кўрсатишда асосий улуш (87,3 фоиз) телекоммуникация хизматлари (симли ва мобил алоқа, интернет тармоғи, телерадиоузатиш ва бошқалар) ҳиссасига тўғри келди.

2017 йилда АКТ соҳасига жалб қилинган инвестициялар миқдори 1,891 трлн. сўмни (ўсиш суръати 168,7 фоиз), жумладан хорижий инвестициялар улуши 1,557 трлн. сўм (ўсиш суръати 2,2 баробар)ни ташкил қилган.

Ҳозир АКТ соҳасининг Ўзбекистон ялпи ички маҳсулотидаги улуши 2,2 фоизни ташкил қилмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг