Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Ўзбекнефтгаз» АЖ бошқаруви раиси GTL заводи қурилишига ташриф буюрди

«Ўзбекнефтгаз» АЖ бошқаруви раиси GTL заводи қурилишига ташриф буюрди

2020 йил 6 апрель куни Қашқадарё вилоятининг Ғузор туманида «Ўзбекнефтгаз» АЖ бошқарув раиси Меҳриддин Абдуллаев раҳбарлигида «Шўртан газ кимё комплексининг тозаланган метан негизида синтетик суюқ ёқилғи ишлаб чиқариш» инвестиция лойиҳасининг қурилиш майдонида навбатдаги сайёр йиғилиш бўлиб ўтди.

Йиғилишда «Ўзбекнефтгаз» АЖ, «Uzbekistan GTL» МЧЖнинг масъул раҳбарлари, ҳамда бош пудратчи – «Hyundai Engineering Ltd.» ва «Enter Engineering Pte. Ltd.» консорциуми, лойиҳанинг бошқаруви бўйича маслаҳатчиси — TechnipFMС компаниясининг дирекция раҳбарлари, шунингдек масъул мутахассислар иштирок этдилар.

Бугунги кунда лойиҳанинг умумий бажарилиши 86%га етди. Қурилиш майдонида 10 мингга яқин ишчилар ва 936 дона қурилиш техникаси жалб этилган.

Сайёр йиғилишда «Ўзбекнефтгаз» АЖ Бошқаруви раиси GTL заводининг асосий технологик қурилмаларнинг қурилиш жараёни ҳамда қурилиш майдонида фаолият олиб бораётган ишчи-ходимларнинг ҳаёти ва соғлиғини сақлашга қаратилган чора-тадбирлар ижроси билан яқиндан танишди.

Ўзбекистонда ва бутун дунёда вужудга келган эпидемиологик вазиятга қарамасдан, синтетик суюқ ёқилғи ишлаб чиқариш бўйича минтақадаги энг йирик бўлган завод қурилиши давом этмоқда, бунда ушбу стратегик муҳим лойиҳани амалга оширишда иштирок этаётган ҳар бир ходимнинг ҳаёти ва соғлиғини ҳимоя қилиш бўйича барча зарур профилактик чора-тадбирлар кўрилмоқда.

Йиғилиш сўнгида, мутахассис, асбоб-ускуна ва ресурсларни максимал даражада жалб этган ҳолда қурилиш-монтаж ишларининг жадал ижросини таъминлаш, шунингдек, завод қурилишини ўз вақтида тугаллашини ва жорий йилда ишга тушурилишини таъминлашга қаратилган бошқа бир қатор кўрсатмалар берилди.

«Uzbekistan GTL» компаниясининг матбуот маркази

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг