Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ўзсаноатқурилишбанк ва Туркиянинг Малтепе университети ўртасида меморандум имзоланди

Ўзсаноатқурилишбанк ва Туркиянинг Малтепе университети ўртасида меморандум имзоланди

Жорий йилнинг 21 август куни Туркиянинг Истанбул шаҳрида «Ўзсаноатқурилишбанк» АТБ Бошқаруви раиси - Қурилиш материаллари саноатини ривожлантириш бўйича кенгаш раиси Сахи Аннакличев ҳамда Туркиянинг Малтепе университети ректори, доктор Шахин Карасар ўртасида меморандум имзоланди.

Ўзсаноатқурилишбанк томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида жорий йил 30 апрель куни ҳудудларда қурилиш материаллари ва маҳаллий саноатни янада ривожлантириш чора-тадбирларига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида берилган топшириқлар ҳамда давлатимиз раҳбарининг шу йил 9 июндаги «Ҳудудларнинг саноат салоҳиятини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони ижросини таъминлаш мақсадида қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, «ЎзқурилишматериалЛИТИ» илмий-тадқиқот ва инжиниринг маркази билан биргаликда етакчи хорижий олийгоҳларини жалб қилган ҳолда, қурилиш материаллари соҳаси учун малакали ва зарур кўникмаларга эга мутахассисларни тайёрлаш йўлга қўйилмоқда.

Шу мақсадда Банк вакилларидан иборат делегация Туркиянинг Истанбул шаҳрида бўлиб, Малтепе университети мутасаддилари билан ўзаро музокаралар олиб борди.

Учрашув натижаларига кўра, «Ўзсаноатқурилишбанк» АТБ номидан – Банк Бошқаруви раиси Сахи Аннакличев, Туркиянинг Малтепе университети («MALTEPE UNIVERSITY» – MAU) номидан – олийгоҳ ректори, доктор Шахин Карасар ўртасида меморандум имзоланди.

Меморандумга мувофиқ, томонлар Ўзбекистон Республикасида MAU филиалини очиш бўйича барча зарур чора-тадбирларни амалга ошириб, мамлакатимизда қурилиш секторини ривожлантириш учун қурилиш материаллари ишлаб чиқариш соҳасида юқори малакали мутахассисларни тайёрлашга келишиб олдилар.

Банк томонидан эса талабаларга нисбатан амалий машғулотлар ва тадқиқотлар ўтказиш учун университет филиалида илмий лаборатория очиш ишлари амалга оширилади.

Таъкидлаш жоиз, Туркия юқори сифатли бетон ва темир-бетон ишлаб чиқариш учун ишлатиладиган янги авлод кимёвий қўшимчалари ва пломба моддаларининг энг йирик ишлаб чиқарувчиси эканлигини ҳисобга олиб, МАU таълим дастурлари доирасида тегишли мутахассисларни тайёрлаш бўйича иш олиб боради.

Маълумот учун: Малтепе университети – MAU хусусий олий таълим муассасаси бўлиб, у 1997 йилда Туркиянинг Истанбул шаҳрида «Истанбул таълим фонди» томонидан ташкил этилган. Бугунги кунда ушбу олийгоҳда таълимнинг барча йўналишлари бўйича мутахассислар тайёрланади.

Банк Ахборот хизмати

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг