Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Пахта ва ғаллага ажратилган ердан маълум қисми ёшларга берилади. Улар истаган экинини етиштириши мумкин

Пахта ва ғаллага ажратилган ердан маълум қисми ёшларга берилади. Улар истаган экинини етиштириши мумкин

Фото:«Xabar.uz»

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 27 январь куни ёшлар билан ишлашнинг янгича тизимини жорий этиш бўйича селектор йиғилишида ёшларни иш билан таъминлашда қишлоқ хўжалигининг ўрни ҳақида гапириб ўтди.

— Шахсий томорқаларни ривожлантириш учун 15 минг нафар ёшларга иссиқхона қуриш, уруғ ва кўчатлар ҳамда суғориш воситаларини сотиб олиш учун 40 миллиард сўм ажратилади.

Яна бир масала – деҳқончилик билан шуғулланиш учун ер сўраб, мурожаат қилган 14 минг нафар ёшларнинг атиги 3 минг нафарига ер берилган.

Мисол учун, Жиззахда – 5 минг нафар, Хоразмда – 2,5 минг, Қашқадарёда – 2 минг, Сирдарёда – 1 минг нафар ёшлар деҳқончилик учун ер ажратишни сўраб мурожаат қилган.

Шу сабабли, жорий йилда 10 сотихдан 1 гектаргача ер ажратиш орқали – 10 минг нафар, иссиқхона қуриш, лимончилик, паррандачилик, қуёнчилик, асаларичилик учун кредит бериш ҳисобидан – 8 минг нафар, захира ерларини оборотга киритиш учун қудуқ қазиб бериш орқали – 1 минг нафар, ғалладан бўшаган ерларда такрорий экин экиш орқали – 20 минг нафар ёшларнинг бандлигини таъминлаши керак, — дея таъкидлаб ўтди давлат раҳбари.

Селектор йиғилиши давомида пахта ва ғалла ҳисобидан ҳар 10 гектардан 1 гектари ёшларга ажратилиши тавсия қилинди. Пахта режаси эса томчилаб суғориш ва замонавий агротехника ҳисобига бажарилиши кўзда тутилган.

Ёшлар ўзлари учун ажратилган ерда истаган экинини етиштириши мумкин бўлади.

Аввалроқ, президент ушбу ҳафта кадрлар масаласида катта ўзгаришлар бўлиш ҳақида гапиргани хабар берилганди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг