Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Қачон Америка бўламиз?

Қачон Америка бўламиз?

Фото: «Xabar.uz»

Иш ҳақлари ҳақидаги гаплар шу кунларда интернетда кўпайиб кетди. Ростан ҳам бугунги кунда бюджет ташкилотларида иш ҳақи жуда кам. Нарх-наво эса ошишда давом этаяпти. Оддий ходимни бир ойлик маоши 800-900 минг сўм. Менимча бу маош билан 2012 — 2013-йилларда амаллаб яшаса бўларди. Ношукурчилик бўлсаям тан олиш керак буни.

Истеъмол саватчаси деган сўзлар йил бошида анча кўнглимизни кўтарганди. Йил ярим бўлаяпти, лекин жимжитлик. Нима бўлди, бу масала қай тартибда ҳал қилинаяпти, яшаш учун бир кишига бир ойда неча сўмлик маҳсулотлар керак? Ҳеч кимдан садо чиқмайди. Тўғри, орада бир кўзимиз тушган эди, лекин жавоб қониқтирмаган эди.

Бюджетимизга солиқлардан тушадиган маблағларимиз ҳам ҳавас қиладиган даражада эмаслигини Президентнинг солиқчилар ҳақида айтган гапларидан билиб олдик. Бу айтилаётган гаплар, бугун, кеча, бир йил олдин танқидга учраган ташкилотларнинг қилмишлари, ундирилмаган, ўзлаштирилган  миллиардлаб доллар, сўмларни эшитиш халқ учун, оддий ходимлар учун осон эмас. Неча йиллардан буён етказилган зарарни солиқчилар ва бошқа шахслар чўнтагидан тўласа, кейингиларининг кўзлари мошдек очилармиди?

Ёки Хитойга ўхшаб коррупция билан шуғулланган, давлат пулини ўзлаштирганларга ўлим жазоси қўлланса бу ҳодисалар бўлмасмиди? Шу ҳақида алоҳида бир қонун қабул қилинса нур устига нур бўларди. Ҳеч кимга сир эмаски, ҳар бир шаҳарда, ҳар бир туманда, ҳар бир қишлоқда умумий овқатланиш нуқталари, савдо дўконлари рўйхатдан ўтмай фаолият кўрсатиб бораяпти. Агар уларни суяйдиганлар бўлмаса шу ишни қилармиди? Бу ҳаммага аниқ факт-ку. Бозорларимизда яна ноқонуний валютафурушлик бошланди. Буни яна Президент айтмаса, бошқа органларнинг хаёлига ҳам келмаяпти.

Шундай бўлса-да, бюджетда аравасини ўзи тортадиган ташкилотлар ҳам бор. Ҳеч булмаса шуларда ишлайдиган ходимларнинг ойлик иш ҳақини кўриб чиқиш керакми? Сабаби маълум, бюджетга ҳам фойда бўлади. Яъни солиқ ҳам шунга яраша ундирилади. Бу билан бошқа бюджет ташкилотларининг ойлик иш ҳақлари кўтарилишига қарши эмасман. Нима учун оддий ходимларнинг, ўқитувчиларнинг кўкрагига шамол тегмаслиги керак?

Ҳаммамизга маълумки, ташкилот раҳбарлари ҳокимлар томонидан вазифасига қўйиб келинмоқда. Бу раҳбарлар фақат ҳоким учун жон куйдиради дегани эмасми? Ҳамма ташкилотда раҳбарлар тайинланиши эмас, сайланиши лозим. Ҳар бир вилоят, туман бюджет ташкилотида бошқарув кенгашларини ташкил қилиш кераклигини ҳаётнинг ўзи тақозо қилмоқда. Бўлмаса коррупция, давлат пулини ўзлаштириш тўхтамаслигини кўрдик. Ками қолмади-ёв назаримда. Ана шу бошқарув кенгаши аъзоларининг 80 фоизи оддий ходимлардан бўлиши шарт. Ана шунда раҳбарларимиз ўз ташкилоти, ўз ходимлари учун жон куйдиради. Куйдирмаса ёки оёғи қийшайса уни бошқарув кенгаши шартта алмаштиришини ҳис қилиб туради.

Илҳом Очилов

Изоҳлар 3

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг