Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Самарқанд ҳокими: «Қўрқмай кредитни ол, ҳалол ишла, ўзинг ҳам бой бўл, юртни ҳам бой қил!»

Самарқанд ҳокими: «Қўрқмай кредитни ол, ҳалол ишла, ўзинг ҳам бой бўл, юртни ҳам бой қил!»

Фото: «Xabar.uz»

Бугун, 1 апрель куни Самарқанд шаҳрида «Тадбиркорларга кўмаклашиш маркази»нинг очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда вилоят ҳокимияти, ИИБ, прокуратура, солиқ, электр таъминоти, газ, сув идоралари раҳбарлари, барча банкларнинг бошқарувчилари, турли нодавлат ташкилотлар вакиллари, тадбиркорлар, журналистлар иштирок этишди.

Фото: «Xabar.uz»

− Вилоятимизга ташрифидан сўнг Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Самарқанд вилоятини ривожлантиришнинг алоҳида дастурини ишлаб чиқди. Махсус «Ташриф баёни»ни чоп эттирди. Баёнда 260 та аниқ топшириқ берилган, − деди марказни очар экан вилоят ҳокими Туроб Жўраев. – Самарқанд иқтисодини, халқнинг фаровонлигини ошириш учун Халқаро ривожлантириш агентлиги ҳисобидан 400 миллион АҚШ доллари миқдорида кредит ажратилди. Бундан ташқари Республикани ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан яна 50 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратилди. Бу пулларни 2018 йил охиригача ишлатишимиз, тадбиркорликни ривожлантиришимиз, янги корхоналар қуришимиз, боғдорчилик, мева-сабзавот етиштирадиган хўжаликлар, чорвачилик фермалари очишимиз, янги иш ўринлари яратишимиз керак.

Фото: «Xabar.uz»

Анжуманда сўзга чиққан Халқаро ривожлантириш агентлигининг Самарқанддаги вакили Азамат Бекқулов, вилоят солиқ идораси раҳбари, Марказий банкнинг Самарқанд бўлими бошқарувчиси бу кредитларни олиш тартиби, қандай ҳужжатлар талаб қилинишини тушунтириб беришди.

− Бу кредитлар тадбиркорларга 10 йил муддатга, 5,5 фоизли қилиб, уч йил имтиёз билан берилади, − деди Азамат Бекқулов. – Асосан боғдорчилик ва чорвачилик билан шуғулланадиган тадбиркорларга биринчи навбатда кредит беришни режалаштирганмиз.

Фото: «Xabar.uz»

Яна бир бор тадбиркорларга, тадбиркор бўлишни ният қилиб турган ёшларга мурожаат қилган вилоят ҳокими ўз услубида дангал ваъда берди:

− Тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш марказига битта тадбиркорга керак бўладиган барча идораларнинг мутасаддиларини бириктириб қўйдим. Керак бўлса, булар 24 соат ишлайди. Мана шу марказга каллангда ғоя билан кирсанг бас, барча ҳужжатларни марказдаги мутасаддилар ўзлари тўғрилаб, сени тадбиркор қилиб, қўлингга кредитни ҳам бериб чиқариб юборади. Ўзбекистон президентининг вилоятдаги ишончли вакили сифатида мен, вилоят ҳокими, кафиллик бериб айтаман: қўрқмай кредитни ол, ҳалол ишла, ўзинг ҳам бой бўл, юртни ҳам бой қил! 10 йилга берамиз кредитни, уч йил имтиёзинг бор, сени биров текширмайди. Биров тадбиркорлигингга халақит берса, тўппа-тўғри менга учраш. Фақат ҳалол ишласанг бас! Мақсад битта: юртимизда бой кўпайсин!

Каримберди Тўрамурод,

«Хаbar.uz»нинг махсус мухбири.

Самарқанд шаҳри.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг