Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Сирдарё ИЭСнинг 6та энергоблоги модернизация қилинади

Сирдарё ИЭСнинг 6та энергоблоги модернизация қилинади

«Ўзбекэнерго» АЖ бошқаруви раиси Улуғбек Мустафоев ҳамда Россиянинг «Силовые машины» ОАЖ компанияси бош директори Тимур Липанов бошчилигидаги делегация ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда «Ўзбекэнерго» АЖ Матбуот хизмати хабар берди.

Маълумки, Президентимизнинг 2017 йил 29 декабрдаги «Сирдарё иссиқлик электр станциясида энергоблокларни босқичма-босқич модернизация қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармойиши ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг бу ҳақдаги тегишли қарорига мувофиқ, 2018 – 2021 йилларда Сирдарё ИЭСнинг 6 та энергоблогини модернизация қилиш белгиланган.

Фото: «Ўзбекэнерго» АЖ Матбуот хизмати

Мулоқотда «Ўзбекэнерго» АЖ Бошқарув раиси Улуғбек Мустафоев барча соҳалар қатори электр энергия соҳасида ҳам Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги ҳамкорлик изчил ривожланиб бораётганини эътироф этди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 23 октябрдаги «Электр энергетикаси тармоғини жадал ривожлантириш ва молиявий барқарорлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ҳамда 2018 йил 3 ноябрдаги «Ўзбекистон Республикаси билан Россия Федерацияси ўртасидаги икки томонлама стратегик ҳамкорликни ва иттифоқчилик муносабатларини янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорларига кўра, электр энергияси соҳасидаги лойиҳаларни ўз вақтида амалга оширилиши чора-тадбирлари назоратга олинган.

– Сирдарё ИЭСда 6 та энергоблок модернизация қилиниши эвазига уларнинг иш самарадорлигини ошириш, ҳар бир энергоблокнинг ўрнатилган қувватини 300 МВт.дан 325 МВт.га ва амалдаги қувватларини 250 МВт.дан 325 МВтга кўпайтириш, ёқилғининг солиштирма сарфини ҳар бир кВт. учун 35-40 гр.га камайтириш ва бунинг натижасида табиий газни тежаш кўзда тутилган, – дейди «Силовые машины» ОАЖ компанияси Бош директори Тимур Липанов. – Шу билан бир қаторда, модернизация қилинган энергоблокларнинг хизмат даврини камида яна 20 йилга оширишга эришилади.

Мулоқотда кўзда тутилган лойиҳалар ижросини қисқа муддатларда таъминлаш ҳамда ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтиришнинг истиқболли йўналишлари муҳокама этилди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг