Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Солиқ билимлари – болаларга!» республика кўрик-танлови якунланди

«Солиқ билимлари – болаларга!» республика кўрик-танлови якунланди

Фото: «soliq.uz»

Давлат солиқ идоралари томонидан солиқ ва бошқа мажбурий тўловларнинг бюджетга ўз вақтида ва тўлиқ келиб тушишини таъминлаш билан бир қаторда аҳоли ўртасида солиқ маданиятини оширишга йўналтирилган аниқ мақсадли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Айниқса, тўланган солиқларнинг нималарга сарфланиши, уларнинг республикамиз ҳамда фуқаролар ҳаётидаги ижтимоий аҳамиятини ёшликдан шакллантириб бориш мақсадида ёшлар ўртасида турли мавзуларда тарғибот ишлари ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Бу борада Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ташаббуси билан ташкил этилган ва Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус касб-ҳунар таълими маркази билан ҳамкорликда ҳар йили анъанавий тарзда уч босқичда ўтказиб келинаётган «Солиқ билимлари – болаларга!» республика кўрик-танловининг аҳамияти ҳам катта бўлмоқда.

Анъанага мувофиқ жорий йилнинг 1 апрелидан 15 апрелига қадар танловнинг туман (шаҳар) босқичи, 20-25 апрель кунлари вилоят босқичлари ўтказилди. Мазкур танловнинг якуний республика босқичи эса 2018 йилнинг 23 май куни Тошкент солиқ коллежида бўлиб ўтди.

Кўрик танловда республикамиздаги барча умумтаълим мактаблари, академик лицейлар ҳамда касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари 4 та номинация, «Солиқ мавзусининг суратлардаги тасвири», «Солиқ мавзусининг ҳикояларда акс эттирилиши», «Ўзбекистон Республикасида солиқ сиёсати» мавзусидаги энг яхши иншо ҳамда «Солиқлар нимага тўланади ва нималарга сарфланади?» мавзусидаги энг яхши компьютер тақдимоти номинациялари бўйича ўзаро беллашиб, солиқлар тўғрисида қанчалик чуқур билимга эга эканликларини синовдан ўтказишди.

Танловда 1-4-синф ўқувчилари солиқлар ҳақидаги ўзларининг дастлабки тасаввурларини чизган расмлари орқали ифода этган бўлса, 5-9 синф ўқувчилари ёзган ҳикояларида солиқлар тўғрисидаги тушунчаларини етказиб беришга ҳаракат қилди. Академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари эса таълим жараёнида солиқ соҳасида эгаллаган билим ва кўникмаларини иншо ёзиш орқали, шунингдек, замонавий ахборот-коммуникация технологиялари имкониятларидан фойдаланган ҳолда компьютер тақдимоти кўринишида ифода этишди.

Жорий йилда республикамиз бўйича танловнинг туман ва шаҳар босқичларида 43 мингга яқин, вилоятлар босқичларида 772 нафар ўқувчиларнинг фаол иштирок этганлиги ҳам ёшларнинг соҳага бўлган қизиқишларининг ортганлигидан далолат беради.

Танловда ҳар бир номинация бўйича ўз ҳудудида энг кучлилар деб эълон қилинган 56 нафар иштирокчилар кўрик-танловнинг республика босқичида ўзаро беллашди. Уларнинг ижодий ишлари ва билимлари Халқ таълими вазирлиги, Ўрта махсус касб-ҳунар таълими маркази, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи ҳамда Давлат солиқ қўмитаси ходимларидан иборат ҳакамлар ҳайъати аъзолари томонидан баҳоланди.

Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туманидаги 142-сонли мактабнинг 3-синф ўқувчиси Сўғдиёна Содиқова «Солиқ мавзусининг суратлардаги тасвири» йўналиши бўйича, Тошкент шаҳар Учтепа туманидаги 107-сонли умумтаълим мактабининг 9-синф ўқувчиси Вазира Валиева «Солиқ мавзусининг ҳикояларда акс эттирилиши» йўналиши бўйича, Тошкент шаҳридаги Тошкент банк ҳисоб-кредит коллежи 1-босқич ўқувчиси Муҳлиса Ҳусанова «Ўзбекистон Республикасида солиқ сиёсати» мавзусидаги энг яхши иншо йўналиши бўйича, Хоразм вилояти Урганч ижтимоий-иқтисодиёт касб-ҳунар коллежи 2-босқич ўқувчиси Садоқат Абдуллаева «Солиқлар нимага тўланади ва нималарга сарфланади?» мавзусидаги энг яхши компьютер тақдимоти номинацияларида биринчи ўринни эгаллади.

Тадбир якунида ғолиб ва совриндорларга ташкилотчилар томонидан таъсис этилган махсус диплом ва қимматбаҳо совғалар тантанали суратда топширилди.

Мавлюда Чимбергенова, Давлат солиқ қўмитаси Жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими бош мутахассиси

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг