Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Солиқ ислоҳотидан сўнг маошимиз камайиб, даромад солиғи ставкаси кўпаяди...ми?

Солиқ ислоҳотидан сўнг маошимиз камайиб, даромад солиғи ставкаси кўпаяди...ми?

Фото: «Xabar.uz»

Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 13 февралдаги «Солиқ қонунчилигини тубдан такомиллаштириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармойишига мувофиқ ишлаб чиқилган «Ўзбекистон Республикасининг солиқ тизимини ислоҳ қилиш концепцияси» кенг жамоатчилик эътиборига ҳавола этилди. Ушбу концепция бугунги кунда қизғин муҳокама қилинмоқда. Солиқ ислоҳотлари кенг қамровли бўлиб, барча солиқ турларини қайтадан кўриб чиқиш назарда тутилмоқда. Бу жараёнда кўпчиликни иш ҳақидан олинадиган даромад солиғи билан боғлиқ ўзгаришлар қизиқтираётгани табиий ҳол.

Шу йилнинг 7 апрель куни «kun.uz» ахборот сайтида Қаҳрамон Аслановнинг «Ойлигимнинг қолгани қани?» Янги солиқ тизими маошга қандай таъсир қилади?» сарлавҳали таҳлилий мақоласи эълон қилинди. Мутахассис сифатида муаллифнинг фикрлари ва ҳисоб-китобларини жўяли деб ҳисоблайман. Муаллиф айтганидек «ҳисоб-китоблар бироз умумий тақдим этилмоқда». Кўпчилигимиз ягона солиқ ставкасини 25 фоиз қилиб белгилаш таклифи билдирилаётганидан хабардормиз, холос. Агар янги солиқ концепциясида Қаҳрамон Асланов таҳлилидаги тартиб-таомил назарда тутилаётган бўлса, унинг фикрларини маъқуллаймиз.

Орадан икки кун ўтиб, 9 апрелда «xabar.uz» ахборот-таҳлилий порталида Мансур Тангишевнинг «Ойлигингиз камаймайди. Янги солиқ тизими маошга ижобий таъсир қилади» сарлавҳали мақоласи эълон қилинди. Қаҳрамон Асланов мушоҳадаларига жавоб тарзида берилган ушбу мақолада муаллиф ойликларнинг камаймаслигини, янги концепция ижобий ўзгаришларга асос бўлишини таъкидлайди. Муаллифлар ўртасида ҳакамлик қилмоқчи эмасман. Бироқ Тангишевнинг иш берувчи (корхона) тўлайдиган ЯИТ билан ишчининг даромад солиғини аралаштириб юборганлиги тушунарсиз ҳолат.

«Максимал салбий натижа сифатида ойлик ошмаслиги мумкин холос, бироқ бу ҳам ҳақиқатдан анча йироқ. Чунки ойлик оширилиши бозордаги умумий нархлар тенденциясига кўра амалга оширилиши лозим бўлган чора. Бу муаллифнинг ойликлар камайиши ҳақидаги фикрлари тўғри эмаслигини билдиради», деб ёзади М.Тангишев.

Ислоҳот янгилаш, яхшилаш, дегани. Мен ислоҳотни жамиятдаги муайян хасталикни даволовчи шифокорларга ўхшатаман. Пул, вақт сарфлаб шифохонада ётсаг-у, у ердан тузалмасдан чиқсак ким айбдор бўлади, шифокорми? Шундай экан, ислоҳот албатта яхшиликка хизмат қилиши шарт.

Умуман олганда, икки муаллифнинг ҳам мутахассис сифатидаги фикрлари тўғри. Лекин, гап ойлик маошнинг миқдори ҳақида кетаётгани йўқ. Мақсад – солиқ ставкасини пасайтириш.

Ўзбекистон Республикаси Солиқ қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Бекзод Мусаевнинг «O`zbekiston 24» телеканалига берган интервьюсида маълум қилишича, солиқ тизимини ислоҳ қилиш бўйича Президентимиз томонидан белгиланган асосий вазифалар қуйидагилар:

1. Солиқларни соддалаштириш;

2. Солиқларнинг сонини қисқартириш;

3. Солиқ ставкаларини пасайтириш.

Ислоҳотларни қўллаш учун илғор хорижий давлатлар, Жанубий Корея, МДҲ давлатлари давлатлари тажрибаси билан танишиш, маъқул бўлган қисмларини қўллаш назарда тутилган.

Б.Мусаевнинг таъкидлашича, даромад солиғи бўйича ЯИТ(25%) ва даромад солиғи(шкала бўйича) бирлаштирилиб, 25% миқдорида ходимдан ушлаш таклиф қилинган. Яъни, ЯИТ(25%) ва шкала бўйича 22,5% +8% пенсия фондига жами тахминан 52 фоизли солиқни 25%га камайтирилди, деган хулоса қилинади. Бу қанчалик тўғри эканини тушуниш осон бўлиши учун, аниқ мисолларда кўриб чиқамиз.

Амалдаги солиққа тортиш тизимида:

Айтайлик, «Альфа» компанияси ходимга 1 миллион сўм иш ҳақи ҳисоблади. Ўша пайтда 250 минг сўм ЯИТ ҳисобланади. Бу компания томонидан тўланадиган тўлов. Ходимдан 74 минг 574 сўм даромад солиғи, 80 минг сўм пенсия фондига, жами 154 минг 574 сўм ушлаб қолинади. Ходим қўлига 845 минг 426 сўм олади. Бошқача айтганда, ҳисобланган иш ҳақининг 15,5 фоизи ушлаб қолинади.

Янгича солиққа тортиш тизимида:

Худди ўша компания ходимга 1 миллион сўм иш ҳақи ҳисоблади. Ходимдан 25% ягона солиқ, яъни, 250 минг сўм ундирилади ва у қўлига 750 минг сўм олади. Агар бошқача тартиб кўзда тутилмаган бўлса, 95 минг 426 сўм (9,5%) кўпроқ ушлаб қолинади. Хулоса қилиш эса ўзингиздан.

«НТВ» газетасининг бош муҳаррири Михаил Перпер: «Экспертларнинг фикрича, амалда бу солиқ ходим ва бизнес ўртасида иккига бўлинади – тегишинча 10% ва 15% бўлиб», деган фикр билдирган. Агар шундай бўлса, нега бу концепция лойиҳасида акс эттирилмаган? Механизми тўғрисида ҳеч нарса билмаймиз. Солиқ концепциясининг эълон қилинган лойиҳасида айнан қандай вариант таклиф қилинаётганини билиш имкони йўқ. Шунинг учун ҳозирча қатъий фикр билдира олмаймиз. Концепция муаллифлари ушбу масалада аниқлик киритиб, маълумот беришса, айни муддао бўлар эди.

Маълумот учун: Қўшни давлатлар тажрибасига қарайдиган бўлсак, Россияда 12 % + (1% пенсия фондига), Қозоғистонда даромад солиғи 9,5 %, ЯИТ 3,5%, Қиргизистонда 10%, Грузияда 20%, Белоруссияда 13% даромад солиғи ушланади.

Ҳамза Сариев, иқтисодчи ЎзА

Изоҳлар 1

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг