Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Тадбиркорлар учун умумбелгиланган солиқларни тўлашга ўтиш тартиби қандай?

Тадбиркорлар учун умумбелгиланган солиқларни тўлашга ўтиш тартиби қандай?

Фото: «Xabar.uz»

Келгуси йилдан солиқ сиёсатида қандай ўзгаришлар бўлади? Тадбиркорлик субъектлари учун берилаётган солиқ имтиёзлари нималардан иборат? Йил якуни бўйича йиллик айланмаси 1 миллиард сўмдан ошган ёки йил давомида белгиланган чегаравий миқдорга етган корхоналар қай тартибда умумбелгиланган солиқларни тўлашга ўтказилади?

Тадбиркорлар Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармаси томонидан ўтказилган семинарларда ана шундай «ёниб турган» саволларга жавоб топишди.


Мавзу доирасида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 29 июндаги «Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси тўғрисида»ги фармони.


Пойтахтнинг Сирғали туманида ўтган семинарда Концепцияга асосан, 2019 йил 1 январдан солиқ соҳасига жорий этилаётган янгиликлар ҳақида маълумот берилди. Хусусан, келгуси йилдан бошлаб, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг 12 фоиз миқдоридаги ягона ставкаси жорий этилади. Бундан ташқари, Пенсия жамғармасига 8 фоиз миқдоридаги суғурта бадали тўлови бекор қилинмоқда. Ягона ижтимоий тўлов ставкаси 12 фоизгача пасайтирилади. Мазкур меъёрларнинг амалиётга жорий этилиши орқали меҳнатга ҳақ тўлаш фондига солиқ юки камайтирилади.

Шунингдек, давлат мақсадли жамғармаларига юридик шахсларнинг товар айланмасидан 3,2 фоиз миқдорида ундириладиган мажбурий ажратмалар бекор қилинади. Бундан ташқари, юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи, мол-мулкига солинадиган солиқ ставкалари камайтирилади.

Мисол учун, солиқ ставкаларининг пасайтирилиши биргина Сирғали туманида 339,8 миллиард сўмдан ортиқ маблағларни солиқ тўловчилар ихтиёрида қолдириш имконини беради.

Жорий йил 9 ойи якунлари бўйича Сирғали туманида 1 миллиард сўмдан ортиқ товар айланмасига эга 390 та корхона мавжуд, — деди Сирғали тумани давлат солиқ инспекцияси бошлиғи Жаҳонгир Мирпўлатов. — Уларнинг барчасига 2019 йилнинг 1 январидан умумбелгиланган солиқларни тўлашга ўтишлари зарурлиги ҳақида хабарномалар жўнатилган. Ҳозирги кунга қадар 237 та корхона умумбелгиланган солиқ тўловчиси сифатида рўйхатдан ўтди. Концепцияга асосан солиқ соҳасига жорий этилаётган ушбу янгилик юзасидан Сирғали туманидаги тадбиркорлардан кўплаб саволлар тушаётганлиги сабабли семинар ташкил этилиб, тадбиркорлар билан бевосита учрашган ҳолда жавоб берилди.

Ҳисобот йили якунлари бўйича 1 миллиард сўмдан ортиқ товар айланмасига эга бўлган тадбиркорлар 2019 йил 1 январдан умумбелгиланган солиқларни тўлашга ўтишлари зарурлиги ҳақида Давлат солиқ қўмитаси томонидан хабар қилинади. Хабарнома олган тадбиркорлар жорий йилнинг 12 ноябридан 12 декабригача қўшилган қиймат солиғи тўловчиси сифатида рўйхатдан ўтишлари лозим.

— Айни пайтда корхонамиз ягона солиқ тўлови тўлаб келаётганди, — деди тадбиркор Наргиза Умарова. — 2018 йил 9 ойи якуни бўйича умумий айланмамиз 1 миллиард сўмдан ошганлиги боис 2019 йилдан умумбелгиланган солиқлар тўлашга ўтишимиз ҳақида хабарнома олдик. Шундан сўнг умумбелгиланган солиқларни тўлашга қай тартибда ўтамиз? Солиқларни қай тартибда тўлаймиз? деган кўплаб саволлар туғилганди. Очиғи бир оз иккиланишлар ҳам йўқ эмасди. Бугунги семинарда Тошкент шаҳар давлат солиқ хизмати органлари ходимлари барча саволларимизга жавоб беришди.


Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармаси томонидан Мирзо Улуғбек туманида фаолият юритаётган тадбиркорлар учун ташкил этилган семинар ҳам мазмунан бой ва самарали бўлди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонига асосан, йил якунлари бўйича йиллик айланмаси 1 миллиард сўмдан ошган ёки йил давомида белгиланган чегаравий миқдорга етган корхоналарни умумбелгиланган солиқларни тўлашга ўтказиш тартиби кўргазмали воситалар ҳамда слайдлар ёрдамида тушунтирилди.

Маълумотларга кўра, жорий йилнинг 9 ойи якунлари бўйича Мирзо Улуғбек туманида 1 млрд сўмдан ортиқ тушумларга эга 576 та корхона мавжуд. Уларнинг барчасига умумбелгиланган солиқларни тўлашга ўтишлари зарурлиги ҳақида хабарномалар жўнатилган. Жорий йилнинг 26 ноябрь ҳолатига 265 та корхона қўшилган қиймат солиғи тўловчиси сифатида рўйхатдан ўтишга ҳам улгурган.

Семинарда иштирокчилар томонидан Концепция солиқ юкини камайтириш ва солиқ солиш тизимини соддалаштириш орқали иқтисодиётни жадал ривожлантириш ҳамда мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлигини оширишга хизмат қилаётгани қайд этилди.

Тадбиркорлик субъектлари вакиллари мулоқотлар чоғида солиқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар боис бугунги кунда солиқ ходимлари солиқ тўловчиларнинг ишончли ҳамкори, яқин маслаҳатчисига айланиб бораётганлигини алоҳида таъкидлашди. Бу эса фуқароларда ҳам, тадбиркорларда ҳам шу юртга дахлдорлик туйғуси шаклланиб, инсофли солиқ тўловчилар сафи кенгаяётганидан дарак беради.

Ўзаро мулоқот тарзидаги бу каби семинарлар пойтахтимизнинг барча туманларида ўтказилади.

Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармасининг
Жамоатчилик билан алоқалар ва
ҳуқуқий ахборот шўъбаси

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг