Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Тадбиркорлик субъектларини тугатиш ва ёпиш осонлаштирилиши мумкин

Тадбиркорлик субъектларини тугатиш ва ёпиш осонлаштирилиши мумкин

Фото: Norma.uz

Амалиётдан маълумки, бирор бир корхона, тадбиркорлик субъектини ташкил қилиб, очишдан кўра, уни тугатиб, ёпиш анча мушкул, қийин иш. Айни шу сабабли ҳам кўплаб тадбиркорлар юридик шахс ташкил этмай, муайян фирмани давлат рўйхатидан ўтказмай фаолият юритишни афзал билади. Аслида юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлардан кўзланган мақсад тадбиркорлик субъектлари фаолиятини тугатиш жараёнларининг тартиб-таомилларини ҳам янада соддалаштириш, шаффофлигини ошириш орқали коррупция билан боғлиқ омилларнинг олдини олишга қаратилгандир.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 2019 йил 30 сентябрь куни ўтказилган навбатдаги мажлисида депутатлар «Тадбиркорлик субъектларини тугатиш тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси юзасидан қизғин баҳс-мунозара олиб борди.

Лойиҳа билан тадбиркорлик субъектларини тугатишни тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган деб ҳисоблаш учун асос бўладиган муддат тўққиз ойни ташкил этиши, молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган корхоналар давлат солиқ хизмати органининг тақдимномасига асосан рўйхатдан ўтказувчи орган томонидан Тадбиркорлик субъектларининг Ягона давлат реестридан уч йил муддатга ҳаракатсиз режимга ўтказилиши белгиланмоқда. Ҳаракатсиз режимига ўтказилган корхоналар фаолияти уч йил давомида тикланмаган тақдирда рўйхатдан ўтказувчи орган уларни тадбиркорлик субъектларининг Ягона давлат реестридан чиқаради. Шундан келиб чиқиб, тегишли қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Депутатларнинг қайд этишича, мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши тадбиркорлик субъектлари фаолиятини тугатиш жараёнларининг тартиб-таомилларини янада соддалаштириш, очиқлик ва шаффофлигини оширишни таъминлашда муҳим ҳуқуқий асос вазифасини ўтайди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг