Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ташқи қарз: «Ундан оддий халққа не фойда»ми?

Ташқи қарз: «Ундан оддий халққа не фойда»ми?

Фото: «Tambov.gov.ru»

...Ҳеч қачон олдин сарлавҳа қўйиб, сўнг мақола ёзмаганман. Одатда, фикрларимни қоғозга тушираверганман — сарлавҳа эса, «ўз-ўзидан», келиб чиқаверган ва у «ижодим маҳсули»га, айтишларича, доим «узукка кўз қўйгудек» — бўлган, ярашган. Бу сафар эса, аксинча тарзда иш тутмоқдаман: олдин сарлавҳани қўйиб олдим.

Нега? Сабаби — кўзим беихтиёр интернет саҳифаларида «Ҳозирда мамлакатдаги ишсизлик ортиб бораётган бир вақтда, ташқаридан олинган қарз ва кредитлар эвазига республика ҳудудларида спорт иншоотларининг қурилишидан нима наф?» деган, узр, «иддао»га тушиб қолди.

Шу муносабат билан асло «олиб-қочмасдан» гапнинг индаллосини айтиб қўяқолай: саволнинг бу тарзда қўйилиши, айримларни — хавотирга туширади; бошқаларни — нотўғри йўлга бошлайди; фақат «танқидий фикр» билдиришдан бошқага ярамайдиган, бошқа «кўча»га кирмаган ёки қўлидан бошқа ҳеч бир «иш» келмайдиган «аламзада»ларни эса — «яйратади»...

Тўғриси, юқорида мен шартли ва ихтиёрий равишда уч тоифага (хавотирга тушувчилар; нотўғри йўлга «кетиб» қолувчилар; «аламзада»лар) бўлган ҳамюртларим ҳар бирларининг ҳам «тақдир»ига бефарқ эмасман. Шунинг учун ҳам ўша «иддао»га нисбатан айнан унинг ўзидан «старт» олиб, ўз фикрларимни билдирмоқчиман. Бизнингча, уларнинг айрим икки жиҳати қуйидагилардан иборат:

  1. Саволнинг ўзидан, узр, «кўрга — ҳасса»дек кўриниб турибдики, «...ташқаридан олинган қарз ва кредитлар эвазига республика ҳудудларида спорт иншоотлари қурил»аётган экан бу нимани англатади? Бу — халқ учун фойда эмасми?! Спорт иншоотлари халққа ҳеч нарса «бермайди»ми? Халқимизга саломатлик, узоқ умр кўриш, бўш вақтни фойдали ўтказиш, хуш кайфиятда қадни тик тутиб юриш...ларни ким беради? Бу бебаҳо нарсаларни пулга «чақиш»нинг иложи борми? Улар қанча тураркин?...

Наҳотки, юқоридагилардан кўра «Давлат олган ташқи қарзи ҳисобига спорт иншоотлари қурмасдан, масалан, бизга 2 та нон ёки бир шиша ароқ берса, шу яхши бўларди» нафли ёки фойдали бўлса?! «Дўст»ларим бундай «фалсафа» билан қаергача боришимиз мумкин? Узоққа бора оламизми?...

Ундан кўра, «Давлат «ташқари»дан қарзга олиб бўлса-да, бизга ота-бобомиз тугул, ҳатто етти пуштимиз ҳам кўрмаган спорт иншоотини қуриб берди. Отасига раҳмат! Қани, Онаси! Болаларинг, келинларинг ва набираларингни олдинга солиб, ортимдан туш! Спортзалга борамиз. Шуғулланамиз. Бу кони фойда-ку!», — десак, асакамиз кетадими?...

  1. «Иддао»да, шунингдек, «ҳозирда мамлакатдаги ишсизлик ортиб бораётган бир вақтда», деган беўхшов «киноя» ҳам бор. Тушунмай қолдим: спорт иншоотларини қуришда кимлар иштирок этмоқда? Ҳарқалай уни африкалик ёки австралияликлар келиб қуриб бермаётгандир? Қурилиш ишида европаликлар ҳам кўринмади, шекилли...

Унда мамлакатимиз ишсиз аҳолининг бир қисми иштирок этмаяптими? Бунинг эвазига ишсизларнинг сони, бироз бўлса-да, камаймаяптими? Спорт иншоотларини қуришда иштирок этган ватандошларимиз бундан ҳеч қандай наф кўришмаётир? Уларга, ҳатто, ойлик маош ҳам бермадикми? Ёпирай... Ахир, буларнинг бари наф бўлмасдан — нима?...

Кўриб турганингиздек, «савол»га муносабат билдиришда унинг жавобини шу ернинг ўзида ишлатилган сўзларнинг ўзидан фойдаландим, холос. Ўзга «огород»ларга киришга ҳожат қолмади. Агар уларга «кирсам», жавобнинг қандай «тус олиши» мумкинлигини тасаввур этган бўлсангиз керак. Шу боис, масаланинг бу жиҳатини, ҳозирча, Сизнинг ихтиёрингизга қолдираман.

«Дўст»ларим! Умуман олганда, «ташқи қарз» — ниҳоятда нозик, қалтис ва ўта мураккаб масала. Мамлакат ичкарисида бир-биримизга ўзимиз қарзни раво кўрмаётган бир пайтда «ташқари»дан қарз олишни уддалаётган давлатимизга, бўлар-бўлмасга, «тош» отаверсак, бу ёғи қандоқ бўларкин?!...

Р.S. Минг бор узр. Саволни юқоридаги тарзда қўювчилар, беихтиёр, менга «Ҳумо» арена олдига келган, унга ҳайратланиб қараган бўлса-да, сарғайиб-кўкариб кетган тишлари орасидан суюқлашган нос қолдиқлари сизиб чиқаётган, лаблари қавариб-гезариб кетган, оғзи тўлиқ ёпилмайдиган «носкаш ака»мизнинг «Давлат шу бинони қургандан кўра, бунинг ўрнига менга бир отим «нослик» берганда фойдали бўлур эди», — деган «фикр»ини англатади...

Тоҳир МАЛИКОВ

иқтисод фанлари доктори, профессор

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг