Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Томорқадан самарали фойдаланганга имтиёз, акси бўлса 3 баробар солиқ

Томорқадан самарали фойдаланганга имтиёз, акси бўлса 3 баробар солиқ

Фото: «uza.uz»

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 18 мартдаги «Деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер участкаларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори билан Деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер участкаларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш ва мониторингини юритиш тартиби тўғрисидаги Низом тасдиқланди. Бу ҳақда Давлат солиқ қўмитаси хабар берди.

Эндиликда туман ҳокимининг қарорига мувофиқ фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, қишлоқ хўжалиги, сув хўжалиги, ер ресурслари ва давлат кадастри бўлимлари, профилактика инспектори, туман касаба уюшмалари, хотин-қизлар қўмитаси, туман бандликка кўмаклашиш маркази, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича туман кенгаши, давлат солиқ инспекцияси ва бошқа манфаатдор ташкилотлар вакилларидан иборат махсус ишчи гуруҳлари ташкил этилади.

Мазкур ишчи гуруҳлари ҳар йили декабрь-январь ойларида хонадонма-хонадон юриб томорқа ер участкалари майдонлари, тупроқ-иқлим шароити ва сув таъминотидан келиб чиқиб экин турлари, мевали дарахтлар тури ва сони, чорва моллари ва паррандалар сони, шунингдек, уларнинг йил давомида томорқа ер участкасида етиштириладиган маҳсулот турлари ва сотиш ҳажмлари ҳамда иссиқхона барпо этиш, чорва моллари ва парранда боқишга бўлган хоҳишни ўрганиб чиқади.

Ўрганиш натижалари умумлаштирилиб, туман ҳокими томонидан ўрганиб чиқилади ва 15 февралгача томорқа ер участкалари кесимида етиштириладиган экин ва маҳсулот турлари, уларни сотиш ҳажмлари, шунингдек, иссиқхоналар барпо этиш, мевали ва манзарали дарахтлар экиш ҳамда чорва моллари, паррандалар сотиб олиш прогноз кўрсаткичларини тасдиқлаш тўғрисида қарор қабул қилади ҳамда халқ депутатлари туман Кенгашига тасдиқлаш учун киритилади.

Халқ депутатлари туман кенгашининг сессиясида тасдиқланган туман ҳокимининг қарори нусхаси сектор раҳбарлари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан 1 мартгача деҳқон хўжаликлари бошлиқларига ва томорқа ер эгаларига уларнинг олганлигини тасдиқловчи имзо қўйдирган ҳолда етказилади.

Ишчи гуруҳ аъзолари хонадонма-хонадон юриб мазкур қарорининг томорқа ер эгалари ва деҳқон хўжаликлари томонидан бажарилиши мониторингини амалга оширади.

Мониторинг ишларини ўтказиш, қоида тариқасида, экиш (март-апрель, август-сентабрь, ноябрь-декабрь ойлари) ва парваришлаш даври бўйича белгиланади.

Мониторинг натижасида экин ерларидан мақсадли ва самарали фойдаланиб, туман ҳокимининг прогноз кўрсаткичлар тўғрисидаги қарорида белгиланган экин турларини тўлиқ эккан, агротехника тадбирларини ўз вақтида, сифатли бажарган, йилида камида икки ёки уч марта юқори ҳосил олган ҳамда томорқани ободонлаштирган, чорва моллари ва паррандаларнинг бош сонини сақлаган ва кўпайтиришга эришган томорқа ер эгасига ер солиғи ставкасининнг пасайтирувчи коеффициентини қўллаш тарзидаги солиқ имтиёзи берилади.

Агарда бунинг акси, яъни томорқа ер участкаларида белгиланган экин турлари ҳамда мевали ва манзарали дарахтлар экилмаганлиги, чорва моллари сотиб олинмаганлиги, иссиқхона барпо этилмаганлиги, шу жумладан ер участкаси ободонлаштирилмаганлиги аниқланса, томорқа ер эгасига жорий йил учун ер солиғининг уч баробар миқдорда ҳисобланади.

Деҳқон хўжаликларига нисбатан эса ер участкасига бўлган ҳуқуқини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда бекор қилиш бўйича чоралар кўрилади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг