Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Тошкентда давлат раҳбарлари учун халқаро аэропорт қурилмоқда

Тошкентда давлат раҳбарлари учун халқаро аэропорт қурилмоқда

Аэропорт лойиҳаси.

Фото: «Kun.uz»

Президентнинг «Тошкент—Шарқий» аэродром базаси асосида замонавий фуқаролик авиацияси аэропорт комплексини қуриш тўғрисидаги қарорига асосан пойтахтда яна бир халқаро аэропортни қуриш ишлари олиб борилмоқда. Мазкур иншоотни қуриш вазифаси «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамиятига юклатилган, деб хабар берди компания ахборот хизмати.

Лойиҳага кўра, аэропорт 2 та терминалдан иборат бўлади. Дастлабки терминал давлат раҳбарлари ва расмий делегацияларни кутиб олиш учун мўлжалланган. Бир вақтнинг ўзида 250 нафар йўловчини сиғдира оладиган навбатдаги терминал йўловчилар билан бирга ишбилармон ва тадбиркорларга хизмат кўрсатади. Шунингдек, ҳаво комплексида замонавий юк терминали фаолияти ташкиллаштирилади.

Аэропорт барча турдаги ҳаво кемаларини кутиб олади ва уларга хизмат кўрсатади. Ҳар бирининг узунлиги 4000 метрни ташкил этувчи иккита учиш-қўниш йўлаклари парвозлар хавфсизлигини таъминлашни ҳисобга олган ҳолда халқаро талабларга жавоб берадиган тарзда қурилмоқда. Лойиҳада ҳаво кемаларини турли ноқулай об-ҳаво шароитларда ҳам учиш ва қўнишини таъминловчи замонавий ёруғлик сигнали, радиотехник ва метеорологик асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш кўзда тутилган.

Бугунги кунга келиб биринчи учиш-қўниш йўлида 17 минг кубометр бетон қуйиш ишлари амалга оширилди. Иккинчи йўлнинг қурилишида 125 минг кубометр тупроқ ишлари бажарилган. Қурилиш-монтаж ишларига 300 дан ортиқ махсус техника жалб қилинган. 200 нафардан зиёд юқори тажрибали мутахассис ва ишчи меҳнат қилмоқда.

Яқин кунларда янги аэропорт мажмуасида маъмурият, «Кетринг», трансформатор нимстанциялар бинолари ҳамда ёқилғи қуйиш комплекси ва аэропортнинг бир маромда фаолият юритишига хизмат қилувчи бошқа объектлар қад ростлайди.

Лойиҳанинг биринчи босқичини 2020 йилда якунлаш режалаштирилган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг