Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Тошкентнинг марказида беш юлдузли меҳмонхона, савдо-кўнгилочар марказ ва тижорат банки қурилади

Тошкентнинг марказида беш юлдузли меҳмонхона, савдо-кўнгилочар марказ ва тижорат банки қурилади

Фото: "Яндекс.Карты"

Вазирлар Маҳкамасининг «Тошкент шаҳрининг марказий қисмида кўп тармоқли комплекс қурилишини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Қарорга кўра, Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Қурилиш вазирлиги ҳамда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг «Taşkent Merkez Park Gayrimenkul Yatirim Anonim şirketi» компанияси (Туркия Республикаси) ва «UzTur Investment and Development» МЧЖ (Ўзбекистон Республикаси) томонидан Тошкент шаҳрида «Tashkent Central Park» кўп тармоқли комплекси қуриш лойиҳасини амалга ошириш тўғрисидаги таклифи маъқулланган.

Беш юлдузли меҳмонхона, савдо-кўнгилочар марказ ва тижорат банки

Инвесторлар лойиҳани амалга ошириш доирасида 2019-2020 йилларда ўз маблағлари ва жалб қилинган маблағлар ҳисобидан лойиҳа ҳужжатларига мувофиқ беш юлдузли меҳмонхона, савдо-кўнгилочар марказ, тижорат банки учун маъмурий бинолар ҳамда бошқа иншоотлар қуриш мажбуриятини олган.

Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитасига хорижий инвесторлар билан хорижий инвесторлар ҳуқуқ ва мажбуриятлари, инвестициялар ҳажми, янги ташкил этиладиган иш ўринлари, тақдим этиладиган имтиёзлар ва преференциялар ҳамда бошқа шартларни қамраб олувчи инвестиция шартномаси бир ой муддатда, белгиланган тартибда тузилишини таъмиш; хорижий инвесторлар томонидан инвестиция шартномасидан келиб чиқувчи мажбуриятларнинг ижро қилиниши юзасидан назорат ўрнатиш юкланган.

Пойтахт марказидан 2,5 гектар ер майдони

Тошкент шаҳар ҳокимлиги Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси билан биргаликда «UzTur Investment and Development» МЧЖга лойиҳани амалга ошириш учун Тошкент шаҳри, Юнусобод туманидаги Амир Темур шоҳ кўчаси, Шаҳрисабз ва Истиқлол кўчалари доирасидаги умумий майдони 2,5 гектар бўлган ер майдони доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида белгиланган тартибда ажратилишини таъминлайди.

Лойиҳани амалга ошириш доирасида инвесторлар, пудрат ва субпудрат ташкилотларига:

  • қурилишни «fast-track» услубида, фойдаланишга «тайёр ҳолда топшириш» шартларида амалга оширишга;
  • қурилиш учун олиб келинадиган импорт товарларни омборларда «божхона омбори» режимида жойлаштиришга рухсат берилди.

Қўшимча имтиёзлар

Лойиҳани амалга ошириш доирасида 2022 йил 1 январга қадар:

а) инвесторлар ва пудрат ташкилоти:

  • ягона ижтимоий тўловдан ташқари барча турдаги солиқлар ва давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий тўловларни тўлашдан;
  • инвесторлар, пудрат ва субпудрат ташкилотларининг хорижий мутахассисларининг иш ҳақи фонди бўйича ягона ижтимоий тўловни тўлашдан;
  • белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхатлар бўйича олиб келинадиган материаллар, хомашё, ускуналар, технологик ҳужжатлар, бутловчи буюмлар ва эҳтиёт қисмлар, шунингдек, металл прокати учун божхона тўловлари тўлашдан (божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари);
  • белгиланган тартибда тасдиқланадиган рўйхатлар бўйича «вақтинча олиб кириш» божхона режимида олиб келинадиган қурилиш техникаси, машина ва механизмлар, транспорт воситалари даврий божхона тўловлари тўлашдан;

б) инвесторлар, пудрат ва субпудрат ташкилотлари Ўзбекистон Республикаси норезидентлари томонидан бажариладиган ишлар (кўрсатиладиган хизматлар) бўйича қўшилган қиймат солиғини тўлашдан озод қилинди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг