Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Умумбелгиланган солиқ тўлашга ўтилса, солиқ юки кўпаядими?

Умумбелгиланган солиқ тўлашга ўтилса, солиқ юки кўпаядими?

Айрим тоифадаги солиқ тўловчиларга бериладиган афзалликлар имтиёзлар деб эътироф этилган — бу ҳаммага маълум. Лекин солиқ тўловчиларни алоҳида тоифаларга «бўладиган» индивидуал хусусиятга эга бўлган имтиёзлар ҳисобига қўллаб-қувватлаш амалиётининг кенг тарқалганлиги, соддалаштирилган ва умумбелгиланган тартибда солиқ тўлайдиганлар ўртасидаги солиқ юки даражасидаги фарқнинг сезиларлилиги солиқ ислоҳотларини такомиллаштириш концепциясида муаммо сифатида эътироф қилиниб, уни бартараф этиш меъёри, чоралари аниқ белгиланган.

Солиқ юкини кескин камайтириш, фаол тадбиркорликка кенг йўл очиш, инвестициявий жозибадорликни янада ошириш мақсадларида қабул қилинган концепция келгуси йилдан ўзининг ижобий самарасини кўрсата бошлайди. Энг асосийси, у ёки бу солиқ тўлаш тартибидаги тадбикорларнинг солиқ тўловларидаги фарқнинг деярли бирхиллаштирилиши «соядаги» тадбиркорларнинг қонуний фаолият олиб боришларига имкон яратади.

Ислоҳотлар қаторида, йиллик товар айланмаси 1 миллиард сўмдан ошган корхоналарни умумбелгиланган солиқларни тўлашга ўтказиш жорий қилинмоқда. Табиий савол пайдо бўлади, тўланадиган солиқ турлари кўпайса солиқ юки ортмайдими? Йўқ албатта, концепция доирасида солиқ ставкалари кескин пасайтирилган, айримлари бекор қилинган бўлса, баъзилар соддалаштирилган.

— Сирдарё вилояти бўйича 2017 йил якунларига кўра айланмаси  1 миллиард сўмдан ошган корхоналар сони 334 тани ташкил этган бўлса, жорий йилнинг ўтган ўн ойида бундай корхоналар сони яна 324 тага кўпайиб, умумбелгиланган солиқ режимига ўтадиган корхоналар сони 650 тадан ўтадиган бўлди, мазкур корхоналар бўйича ҳисоб-китоб қилиб кўрганимизда, улар ихтиёрида қоладиган маблағлар ижобий томонга ўзгариши кутилмоқда, — дейди Сирдарё вилояти ДСБ Солиқ маъмуриятчилиги билан ишлаш бўлими бошлиғи Абдуқаюм Абдушукуров.

Мисол қилиб келтирадиган бўлса, ип-калава маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи «Фортуна текстил» корхонаси Сирдарё вилоятидаги кўзга кўринган ишлаб чиқариш корхоналаридан ҳисобланади. Албатта, кенг кўламли ишлаб чиқариш натижасида корхонанинг йиллик товар айланмаси 1 миллиард сўмдан бир неча баробар ортади.

— 2017 йил якунларига кўра, корхонамиз 27 млрд. сўмдан ортиқ товар айланмасини амалга оширди, киритилаётган ўзгаришларга кўра, 2019 йилдан бошлаб умумбелгиланган солиқ солиш тартибига ўтамиз, келгуси йилдан бюджетдан ташқари жамғармаларга мажбурий ажратмаларнинг бекор қилиниши, фойда солиғи, мол-мулк солиғи, ягона ижтимоий тўлов ставкаларининг пасайтирилиши ҳисобига, ўтган йилга нисбатан 700 миллион сўмдан ортиқ маблағ корхона ихтиёрида қолиши кутилмоқда, — дейди корхона бош ҳисобчиси Бахтиёр Орзиқулов. — Бундан ташқари, ишчи ва хизматчиларнинг даромад солиғи ставкасининг ягона 12 фоизга туширилиши ҳамда 8 фоизлик суғурта бадалининг бекор қилиниши қўшимча иш ўринлари яратилишига имкон бериши ва корхона иш самарадорлигининг ортишига ижобий таъсир кўрсатиши бизни янада қувонтирмоқда.

Концепциядаги меъёрлар иқтисодиёти ривожланган давлатлар тажрибаси мисолида ўрнатилганлиги республикамизда қулай рақобат муҳити яратилишига, солиқ қонунчилиги барқарорлиги ва соддалаштирилишини таъминлашга ва албатта инвестициявий жозибадорликни оширишга хизмат қилади.

Шуҳрат Йўлдошев,
Сирдарё вилояти ДСБ
Жамоатчилик билан алоқалар ва
 
ҳуқуқий ахборот шўъбаси бошлиғи

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг