Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Халқ банки»: Call-center, «Бону ширинликлари», креатив ёшлар (фото)

«Халқ банки»: Call-center, «Бону ширинликлари», креатив ёшлар (фото)

«Халқ банки» билан танишганимга уч йилдан ошди. Ўшанда машинага кредит олгандик. Шу уч йил ичида мижоз сифатида бирон марта уларнинг ишончини суиистеъмол қилмадик. Кредитни имкон қадар вақтида тўладик. Аммо уч йилдан кейин бу банк билан яна бир бор тўқнашишимизга тўғри келди. Кредитни ёпиб, машинани ўз номимизга ўтказамиз, деганимизда бир ойлик кредитимиз ҳисобга тушмагани аниқ бўлди. Уни ҳисобга тушириш учун икки ой вақтимиз кетди. Ана шунда мен матбуот котиби қандай ишлаши кераклигини англаб етдим.

Ижтимоий тармоққа қўйилган асаббузарлик постидан кейин «Халқ банки»нинг матбуот котиби менга алоқага чиқди — икки соатга қолмай муаммо ҳал бўлди.

Ҳеч қанча ўтмасдан Гулноза Алимова Жиззах вилоятига ташкил қилинаётган пресс-турга таклиф қилди: «Опа, пресс-турга келинг, балки хулосангиз ўзгарар, сизни қийнаётган саволларни берарсиз, жавоб оларсиз». Одатда танқид қилинган ташкилотнинг матбуот котиби журналистларни ўзига душмандек қабул қиларди...

Дастлабки ташриф буюрган манзилимиз Жиззах вилоятида «Халқ банки»нинг кредит маблағлари асосида ўз ишини бошлаган «Бону ширинликлари» фабрикаси бўлди.

«Халқ банки»нинг кредит маблағлари эвазига тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйган корхона бугунги кунда 450 дан ортиқ ходимни иш билан таъминлаган. Корхонанинг 6 та линиясида ойига 700 тоннага яқин маҳсулот тайёрланади. Йиллик қуввати қарийб 4 минг тонна бўлган корхона ишлаб чиқариш жараёнида Россия ҳамда Беларусдан келтирилган сифатли хом ашёдан фойдаланмоқда.

Мазкур корхона 2009 йилда ташкил этилган бўлиб, «Халқ банки»дан фаолият кўламини кенгайтириш ҳамда замонавий ишлаб чиқариш ускуналарини сотиб олиш учун қарийб 10 млрд. сўм кредит олган. Ҳозирги кунда бу ерда қандолат, хусусан, турли қадоқланган конфет, вафли, печение, кекс, пирожние ва торт сингари 100 дан ортиқ маҳсулот ишлаб чиқарилмоқда. Бугунги кунда корхона маҳсулотлари қўшни мамлакатлар — Афғонистон, Туркманистон, Тожикистон, Қирғизистон, шунингдек, Озарбайжон ва Хитойга экспорт қилинмоқда.

Вафли қандай тайёрланади?

Хорижнинг бир кўрсатуви бор «Бу қандай тайёрланади?» деган. Ўша кўрсатувни қизиқиб кўрардим. Ахир оддий қоғознинг рулон ҳолига келтирилиши ёки бирор ширинликнинг пиширилиб, машинада қоғозга ўралиши қизиқда. Ҳар қандай пресс-турнинг завқли томони — жараён иштирокчисига айланишингиз. Машиналар тўхтовсиз ишлайди, ора-орада уни бошқариб турган йигит-қизларни кўрасиз. Машиналарнинг овозидан ҳам ва бир лаҳза бўлса-да назоратдан четга оғишмаслик учун гаплашишга имкон йўқ.

Ана, бири унни идишга солади, ундан кейин сариёғ, шакар ва бошқа ингредиентлар.

«Асосан Афғонистонга экспорт қиламиз. Сабаби ҳалол ёғ ишлатамиз, мижозларнинг ишончи биз учун муҳим», — дейди ишчи қизлардан бири.

Вафлилар дастлаб катта китоб муқовасидек ҳолатда кесилади, орасига крем сурилиб, кичик қисмлар бўлакланади, сўнгра қадоқланади. Вафли тайёрланаётган цехдан ширин маза келади — ванилин, қайнатилган қиём ва турли мевалар.

Ташриф давомида биз «Бону ширинликлари» фабрикаси томонидан «Бонни» бренди остида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни татиб кўриб, синовдан ўтказиш ҳамда унга баҳо бериш имконига ҳам эга бўлдик.

Унча-мунча бренд билан беллаша оладиган ширинликлар...

«Ярим тунда ҳам қўнғироқ қилишингиз мумкин»

Пресс-турнинг навбатдаги манзили — «Халқ банки»нинг алоқа маркази бўлди. Куннинг иккинчи қисмида Call-center фаолияти билан яқиндан танишдик. Ушбу марказ 2020 йилнинг 1 июнида илғор хорижий компаниялар билан ҳамкорликда ташкил қилинган бўлиб, айни вақтда бу ерда 70 га яқин ходим томонидан аҳоли ва мижозларнинг мурожаатларига тезкор жавоб қайтарилиб, самарали хизмат кўрсатилмоқда. Зарур ҳолларда оператор томонидан филиал ёки бошқарувнинг масъул ходимига қўнғироқ қилиниб, масалага ойдинлик киритиляпти. Эътиборлиси, қўнғироқ қилиб навбатга тушган ва оператор билан улана олмаган мижозларга марказ операторларининг ўзлари қайта қўнғироқ қилишади. Бу Callback хизмат тури ҳисобланади.

Маълумот учун: статистик таҳлиллар кўрсатишича, ҳар бир алоқа маркази ходими 1 кунда ўртача 100 та қўнғироққа жавоб беряпти. Уларнинг 60 фоизи кириш қўнғироқлари бўлса, 40 фоизи телефон қилиб, боғлана олмаган фуқаролар билан қайта алоқага чиқиш мажбуриятидир. Алоқачиларнинг қулоқлари банд, ҳаммаси зийрак.

Алоқа маркази ишга тушганида дастлаб соат 9:00 дан 18:00 га қадар ишлаган бўлса, ўтган йилнинг апрель ойидан бошлаб куну тун — 24/7/365 режимида 3 та навбат асосида узлуксиз фаолият юритмоқда Call-center ишга тушгандан бошлаб жорий йилнинг июнь ойи ҳолатигача жами 594 минг 341 та мурожаат кўриб чиқилди. Қизиғи, шундан 35 614 таси айнан куну тун ишлаш вақти ҳисобига, яъни 24/7 режимида қабул қилинган. Демак 3 сменада ишлаш муҳим экан-да.

Алоқа маркази билан боғланиш у қадар қийин эмас. Шунчаки 1106 қисқа рақамини териб, чақирув тугмасини босиш кифоя. Уйда туриб «Халқ банки» билан боғлиқ ишларингизни битирасиз экан.

Масалан, йўқотилган пластик картангизни блоклаш ёки аксинча, «электрон ҳамён»ни блокдан чиқариш ёки банкдан ечиб олинган пул масаласи. Пластик карта баланси ва ўтказмалар тарихини билиш, «HUMO» пластик картаси эгаларига СМС-хабарнома хизматини ёқиш ҳам марказ операторлари учун бир зумлик иш. Қолаверса, бу ерда жисмоний шахслар кредитлари тўлови учун ID-рақамларни билиб бериш ва чакана кредит маҳсулотларига ариза қабул қилиш, «Мобил банкинг» ва «Интернет банкинг», «СМС банкинг» каби қатор масофавий хизмат турлари ҳам кўрсатилади. Ҳаттоки, айтайлик кечаси соат 3 да қўнғироқ бўлиши мумкин. Мижоз пластигидан кредит учун ечиб олинган пул маблағи ҳақида маълумот олиш учун.

Хуллас, алоқа марказига тааллуқли бўлмаган масала йўқ. Кун давомида ҳал этилмаган мурожаатларга эса банкнинг ички назорат ва ҳудудий филиаллар фаолиятини мувофиқлаштириш комплекси билан биргаликда ижобий ечим топиляпти. Умуман олганда, Call-center «Халқ банки»нинг чинакам «юраги»га айланмоқда!

Мана шу марказда бир ёш йигит эътиборимни тортди. Бу Улуғбек Гадоев эди. Қитмирлигим тутиб савол бердим, банкка асосан таниш-билишлик билан ишга олишади, дейишади, бу ерга қандай келиб қолгансиз?

Улуғбек Гадоев

«2020 йилнинг февраль ойида «Халқ банки» Инсон ресурсларини бошқариш (ҲР) департаментида бош мутахассис вазифасида иш фаолиятимни бошлаганман, — деди Улуғбек Гадоев ҳозиржавоблик билан. — 2020 йилнинг март ойида Бошқарув раиси буйруғи асосида Инсон ресурсларини бошқариш (ҲР) департаментига вақтинча вазифа бажарувчи директор лавозимига тайинланганман ҳамда Call-center лойиҳаси юзасидан Жиззах шаҳрига хизмат сафарига юборилиб, номзодларни саралаб ишга қабул қилганмиз. 2021 йил 1 ноябрга қадар алоқа марказида директор ўринбосари лавозимида фаолиятимни давом эттирганман.

2021 йил 1 ноябрдан бошлаб Алтернатив каналлар бошқармаси Масофавий банк хизматлари бўлими бошлиғи лавозимида ишлаяпман. Россия федерациясининг Белгород миллий тадқиқот университети, Муҳандислик технологиялари ва табиий фанлар институтида ўқиганман. Иқтисодиёт ва молия соҳасида ахборот тизимлари ва технологиялари факултетини тамомлаганман (бакалавр). Ҳозирги кунда АТ «Халқ банки» тизимида янги мобил илова ва унинг веб-дастурини яратиш ҳамда банкнинг биллинг тизимини ташкил қилиш юзасидан ишламоқдамиз. Айтиб қўяй, бу ерда фақат ўз билимингизни намойиш эта олсангизгина ишлай оласиз».

Мен бу пресс-турда кашф қилган ёшлар орасида креатив фикрлайдиган Гулноза ҳам, Улуғбек ҳам хорижда таҳсил олишган экан. Гулноза Алимованинг айтишича, резюмеси учта жойга ўтган ва «Халқ банки»дан ташқари, икки жойнинг нуфузиям, маошиям баланд бўлишига қарамай, банк матбуот котиблигини танлаган: «Халқ банки»ни танлаганимда кўпчилик ҳайрон қолишди. Мен эса «Халқ банки»да матбуот котибининг қиладиган ишлари кўп экан, балки ёрдамим керакдир буларга», деб рози бўлдим.

Ҳа, мен шунча йиллик тажрибам асносида илк бор матбуот котибининг журналистларни ўзига дўст деб кўрадиганини, танқидга ижобий муносабатда бўладиганини, журналистдан мадад кутадиганини кўрдим. Гулноза айтдики: «Халқ банки»ни янада халққа яқинлаштириш, камчиликларини тўғрилашга сизлар каби мижозлардан кўмак ва таклиф олишга доим тайёрман».

Пресс-турдан кейин, яна бир бор, бизга хорижда ўқиб, ишлаб келаётган мутахассислар жуда зарурлигини, адолатли жамият қуришда айнан шуларнинг кўмаги катта бўлишини яна бир бор ҳис қилдим. Уларнинг сафи янада кенгайиши уларнинг қўллаб-қувватланишига, рағбатлантирилишига боғлиқ...

Барно Султонова

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг