Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Навоийда ўтказилган халқаро бизнес форумда 24 мамлакат ишбилармонлари қатнашди

Навоийда ўтказилган халқаро бизнес форумда 24 мамлакат ишбилармонлари қатнашди

Фото: Навоий вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

Навоий вилоятида халқаро бизнес форум бўлиб ўтди. Унда дунёнинг 24 мамлакатидан 150 га яқин ишбилармон доиралар, инвесторлар ҳамда хорижий мамлакатларнинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчилари ва дипломатлари  иштирок этди, деб хабар бермоқда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати.

Маълум бўлишича. бизнес форум доирасида дастлаб вилоятда фаолият кўрсатаётган йирик саноат корхоналари ва хорижий инвесторларнинг тор доирадаги учрашувлари бўлиб ўтган.

Фото: Навоий вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

— Мен Ўзбекистонда илгари ҳам бўлганман. Юртингизда бизнес юритиш учун ҳали ишга солинмаган имкониятлар жуда кўп. Шу сабабли хорижий сармоя киритиш икки томонлама ҳам фойдали бўлади. Айниқса, Навоийда кончилик саноати жуда ривожланган. Менда айнан ушбу соҳада ҳамкорлик қилиш истаги жуда юқори. Бу борада комбинат мутахассислари билан келишиб олдик, — дейди Женевалик инвестор Робер Блум.

Форум доирасида иштирокчилар учун вилоятнинг туристик салоҳияти билан танишиш мақсадида қадим ва кўҳна Нурота туманидаги «Чашма» меъморий мажмуаси ҳамда «Сармишсой» музей қўриқхонасига саёҳатлар ташкил этилган. Шунингдек, форум қатнашчилари «Навоий» эркин иқтисодий зонасида ишлаётган хорижий шериклар билан ҳамкорликдаги 20 га яқин корхона фаолияти билан таништирилди.

Фото: Навоий вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

«Навоий» эркин иқтисодий зонасининг фаоллар залида бизнес форум доирасида халқаро конференция бўлиб ўтди. Унда мамлакатимизнинг, хусусан Навоий вилоятининг иқтисодий потенциали, тадбиркорликни ривожлантириш бўйича яратилган шарт-шароитлар хусусида сўз юритилди.

Эслатиб ўтамиз, мазкур халқаро бизнес форумни ўтказиш ғояси Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 2 мартдаги Навоий вилоятига ташрифи чоғида илгари сурилган эди. «Навоий вилоятида иқтисодий лойиҳаларни амалга ошириш учун барча имкониятлар мавжуд. Бу имкониятлардан унумли фойдаланиш учун ташаббускор тадбиркорларни топиш керак. Бунинг учун яқин вақтда вилоятда бизнес-форум ташкил қилиш лозим. Унга чет эллик инвесторларни ҳам жалб қилиш мақсадга мувофиқ бўлади. Ана шунда Навоийга энг сара инвесторлар келади», деб айтган эди давлат раҳбари.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг