Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Тадбиркорларга янги солиқ концепцияси бўйича ҳисобларни юритишда бепул ёрдам кўрсатилади

Тадбиркорларга янги солиқ концепцияси бўйича ҳисобларни юритишда бепул ёрдам кўрсатилади

Фото: Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармаси

Юнусобод туманида Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармаси томонидан 2019 йил 1 январдан умумбелгиланган солиқ тизимига ўтаётган тадбиркорлик субъектлари учун семинар-тренинг ўтказилди. Унда 200 нафардан ортиқ тадбиркорлик субъектлари вакиллари иштирок этди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармаси хабар бермоқда.

Қайд этилишича, тадбиркорлик субъектлари учун корхона фойдасидан қатъи назар, товар айланмасидан 3,2 фоиз миқдорида ундириладиган мажбурий ажратмалар Концепцияга асосан бекор қилинган. Бунинг натижасида Юнусобод туманидаги корхоналар ихтиёрида 230 мрлд. сўмдан ортиқ маблағ қолади.

Шунингдек, юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи ставкаси 14 фоиздан 12 фоизгача, дивидендлар ва фоизлар кўринишидаги даромадлар бўйича фойда солиғи ставкаси 10 фоиздан 5 фоизгача пасайтирилиши натижасида туманда фаолият юритаётган тадбиркорлар даромади 5 мрлд. сўмга ошиши кутилмоқда.

Маълум қилинишича, жорий йилнинг 9 ойи якунлари бўйича Юнусобод туманидаги йиллик айланмаси 1 млрд сўмдан ошган 587 та корхонага умумбелгиланган солиқларни тўлашга ўтишлари ҳақида хабарномалар жўнатилган. Айни пайтда 500 та корхона қўшилган қиймат солиғи тўловчиси сифатида рўйхатдан ўтган.

Семинарда солиқ тўловчиларга қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида Юнусобод тумани давлат солиқ инспекциясининг малакали ходимларидан иборат маслаҳат хизматларини кўрсатувчи гуруҳ ташкил этилгани маълум қилинди. Улар томонидан тадбиркорлик субъектларига қўшилган қиймат солиғи тўловчиси сифатида рўйхатдан ўтиш ҳамда электрон ҳисобварақ-фактураларни юритиш қоидалари бўйича бепул амалий ёрдам кўрсатилади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг