Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

1 апрелдан нималар ўзгаради?

1 апрелдан нималар ўзгаради?

2022 йил 1 апрелдан Миллий қонунчиликда кучга кирадиган асосий ўзгаришлар шарҳини norma.uz портали тақдим этди.

Жисмоний шахсларнинг акциялари бўйича дивидендлар даромад солиғидан озод қилинади

2024 йил 31 декабргача қуйидагилар ўрнатилади:

  • Ўзбекистон Республикасининг резиденти ва норезиденти бўлган жисмоний шахсларнинг акциялар бўйича ҳисобланган дивидендлар тарзидаги даромадлари даромад солиғидан озод қилинади;
  • Ўзбекистон Республикаси норезидентлари – юридик шахсларнинг акциялари бўйича дивидендлар шаклида ҳисобланган даромадлар бўйича Ўзбекистон Республикаси резидентлари-юридик шахслар сингари фойда солиғининг 5 фоиз ставкаси қўлланилади;
  • Ўзбекистон Республикаси резидентлари ва норезидентлари – жисмоний ва юридик шахсларнинг тадбиркорлик субъектларининг облигациялари бўйича ҳисобланган фоизлар кўринишидаги даромадлар жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ва юридик шахслардан олинадиган фойда солиғидан озод қилинади.

Талаб қилинадиган маҳсулотлар ишлаб чиқариш қўллаб-қувватланади

Ички бозорда харидоргир бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқаришни қўшма молиялаштириш учун Тўғридан-тўғри инвестициялар жамғармаси маблағлари маркетинг тадқиқотлари, лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш, хорижий мутахассислар ва консалтинг компаниялари томонидан ускуналарни қуриш, ўрнатиш ва ишга тушириш жараёнларини технологик таъминлашга йўналтирилади.

Туризм соҳаси субъектларига имтиёзлар берилди

2022 йил 1 апрелдан бошлаб 2025 йил 1 январга қадар ҳужжатга иловада кўрсатилган туман ва шаҳарларда туризм ҳудудларида рўйхатдан ўтган ҳамда ушбу ҳудудда умумий овқатланиш, меҳмонхона (жойлаштириш), савдо, кўнгилочар, туроператор ва турагент хизматларини кўрсатаётган тадбиркорлик субъектлари учун:

  • айланмадан олинадиган солиқ ставкаси — 1%;
  • иловада кўрсатилган ҳудудлардаги объектлар бўйича юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ва юридик шахслардан олинадиган ер солиғи миқдорлари — мазкур солиқлар бўйича ҳисобланган сумманинг 1 фоизи миқдорида белгиланди.

Миллий чолғу асбобларини ишлаб чиқарувчилар учун — имтиёзлар

Миллий мусиқа чолғу асбобларини ишлаб чиқаришдан олган даромадлари жорий ҳисобот (солиқ) даври якунлари бўйича жами даромаднинг камида 60 фоизини ташкил этадиган ташкилотлар учун айланмадан солиқ ва ижтимоий солиқ ставкаси 1 фоиз этиб белгиланади.

Декларациялар масофавий расмийлаштиради

2021 йил 1 октабрдан бошлаб Давлат божхона қўмитасининг Тошкент шаҳри, Сирдарё, Қашқадарё ва Хоразм вилоятлари бошқармаларида «масофавий электрон декларациялаш» божхона постлари ўрнатилди. Жорий йилнинг 1 апрелидан бошлаб улар Давлат божхона қўмитасининг бошқа барча ҳудудий бошқармаларида босқичма-босқич ташкил этилади.

Ноқонуний дарахт кесиш ҳолатларини суратга ва видеога олиб юборганлар рағбатлантирилади

ИИВ ва Экология давлат қўмитасига дарахтлар, буталар, бошқа ўсимликлар ва кўчатларни ноқонуний кесиш, илдизи билан суғориш, шикастлаш, йўқ қилиш ёки бошқа жойга кўчириб ўтказиш ҳолатлари тўғрисида фотосуратлар ва видеолавҳалар юборган шахслар ҳар бир тасдиқланган ҳолат учун қоидабузардан ундирилган маблағдан 1 БХМмиқдорида пул мукофоти билан рағбатлантирилади. 

Балиқ ишлаб чиқарувчиларга ўқиш харажатлари қоплаб берилади

Жисмоний шахсларнинг аҳоли хонадонларида балиқ етиштириш йўналиши бўйича ўқув курсларида ўқиш харажатларини қоплаш учун Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлигининг Аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баробаридан ошмаган миқдорда бир марталик субсидия ажратилади.

Давлат органлари тизимидаги ислоҳотлар давом этмоқда

Урнатилган тартибга мувофиқ қуйидагилар белгиланади:

  • вазирлик ва идоралар ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ўз расмий веб-сайтларида ўзларининг таркибига кирувчи давлат муассасаларининг номи, фаолият тури, функция ва ваколатлари ҳамда раҳбарлари тўғрисидаги маълумотларни жойлаштиради ва унинг доимий равишда янгилаб борилишини таъминлайди;
  • давлат муассасаларининг ҳудудлар ва юқори турувчи органлари кесимидаги маълумотлар Давлат активларини бошқариш агентлигининг (кейинги ўринларда — Агентлик) веб-сайтига жойлаштирилади;
  • Очиқ маълумотлар порталида фойдаланувчилар учун қулай форматларда кўриш имкониятини яратган ҳолда муассасаларнинг юқори турувчи ташкилоти, кўчмас мулк объектлари, қурилиши тугалланмаган объектлар ва автотранспорт воситалари, режалаштирилган ва амалга оширилган харажатлар таркиби ҳақидаги ва бошқа маълумотларни (бундан тижорат сири мавжуд ёки чекланган ҳолда тарқатиладиган маълумотлар мустасно) эълон қилиш амалиёти жорий этилади;
  • 2022 йил 1 апрелдан бошлаб давлат молиявий назорати соҳасида қоидабузарликлар ҳолатлари тўғрисида Инспекцияга «Давлат аудити» дастурий комплекси орқали хабар берган жисмоний шахсларга, ушбу маълумот асосида молиявий текширувлар жараёнида аниқланиб, давлат фойдасига ундирилган маблағлар ҳисобидан мукофот тўланади.

Мажбурий талабларнинг электрон реестри жорий этилмоқда

Мажбурий талаблар – тадбиркорлик субъектлари фаолиятининг қонунчилик талабларига  мувофиқлигини текшириш бўйича давлат назорати функциялари рўйхати. Рўйхат тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил томонидан шакллантирилади ва юритилади.

Ногиронлик нафақалари ва пенсияларни оширилади

— меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган ногиронлик нафақаси ҳамда иш стажи тўлиқ бўлмаган чоғдаги ногиронлик пенсиясининг энг кам миқдори қўшимча тўловни ҳисобга олган ҳолда – 440 000 сўмдан 622 000 сўмгача оширилади;

— ўзгалар парваришига муҳтож ногиронлиги бўлган 18 ёшгача болаларнинг парвариши билан банд бўлган боланинг қонуний вакилига ҳар ойда 500 минг сўм миқдорида нафақа тўлови (парваришлаш нафақаси) жорий этилади.

Автомобилни сотиб олиш жараёни автоматлаштирилади

«UzAuto Motors» АЖ томонидан автомототранспорт воситасини харид қилиш бўйича шартнома тузган шахсга автоматик равишда расмийлаштириладиган ҳисоб-маълумотни ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хизматига фақат электрон шаклда тақдим этиш амалиёти жорий қилинади.

Тадбиркор аёлларни қўллаб-қувватлаш

  • тадбиркорликни янги бошлаётган хотин-қизларга ажратилаётган субсидия миқдори 7 миллион сўмдан 10 миллион сўмга оширилади;
  • «Ҳунарманд» уюшмаси қошидаги ҳунармандчилик марказларида камида 40 фоиз тадбиркор хотин-қизлар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар жойлаштирилади.

Тиббий кузатув ва патронажнинг янги модели жорий этилмоқда

У қуйидагиларни таъминлайди:

  • оилавий шифокорларни эндокрин касалликларни ташхислаш ҳамда даволаш бўйича қайта тайёрлаш;
  • эндокрин касалликлар мавжуд оилаларга махсус тайёргарликдан ўтган патронаж ҳамширасини бириктириш;
  • эндокрин касалликлар бўйича хавф гуруҳига кирувчи беморлар устидан доимий кузатув ўрнатиш мақсадида барча тиббиёт бригадаларини глюкометр ва махсус тест япроқчалари билан таъминлаш.
Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг