Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

14 йил аввал Ўзбекистонни тарк этган оила ортга қайтарилмоқда

14 йил аввал Ўзбекистонни тарк этган оила ортга қайтарилмоқда

Ўзбекистон фуқароси, 1974 йили Қўқон шаҳрида туғилган Кибриё Йўлдошеванинг турмуш ўртоғи Муроджон Йўлдошев 2005 йилги Андижон воқеаларидан сўнг оиласи билан Россия Федерациясининг Красноярск шаҳрига чиқиб кетганди.

 «2007 йили четга чиқиб кетган фуқароларимиз, агар чин дилдан пушаймон бўлиб, кечирим хати ёзса, Ўзбекистонга қайтиши мумкин, деган хабар тарқалди, – дея ҳикоясини бошлади К.Йўлдошева. – Қайноғам барча ҳужжатларни расмийлаштириб, турмуш ўртоғимни олиб келаман деб Красоноярск томон йўл олди. Афсуски, қидирувда бўлгани сабабли турмуш ўртоғим Россия ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан озодликдан маҳрум қилиниб, уч йил турмада бўлди. 2010 йили у озодликка чиққач, қайнонам ва қайни оғамнинг ташаббуси билан мен ва тўртта фарзандим Красноярск шаҳрига келдик. Икки йилдан сўнг, қайнонам, қисқа вақтдан кейин эса қайни акам оламдан ўтди. Бу ерда тарқалган турли миш-мишлар туфайли Ўзбекистонга қайтишдан қўрқиб, Россияда тўққиз йил қолиб кетдик. Бу муддат мобайнида яна бир фарзанд кўрдик, катта қизим йигирмадан ошди».

Шундан сўнг оилавий можаролар ва келишмовчиликлар туфайли Муроджон Йўлдошев  «ўз кунингни ўзинг кўр», деб уйдан чиқиб кетган. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 19 сентябрдаги  «Террористик, экстремистик ёки бошқа тақиқланган ташкилот ва гуруҳлар таркибига адашиб кириб қолган Ўзбекистон Республикаси фуқароларини жиноий жавобгарликдан озод этиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида»ги Фармони К.Йўлдошеванинг ҳаётида катта бурилиш ясаган воқеа бўлди.

«Ўзбекистон Республикасининг Россиядаги элчихонаси консуллик бўлимига мурожаат қилдим. Аниқланишича, мен ва фарзандларим Ўзбекистон ҳудудида хеч қандай қидирувда эмас эканмиз. Яъни, шунча пайт бегона юртда адашиб, қийналиб юрган эканмиз.

Шу ўринда Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси консуллик бўлими ходимларига ҳам алоҳида миннатдорчилик изҳор этишни истар эдим. Улар менга Ўзбекистонга қайтиш учун ҳужжатларни расмийлаштиришда ҳеч қандай ортиқча оворагарчиликларсиз астойдил ёрдам беришди» дея хурсандчилигини изҳор этди Кибриё опа.

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг