Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

15 июль достони. Туркия воқеаларига гувоҳ ёзувчи хотираларидан

15 июль достони. Туркия воқеаларига гувоҳ ёзувчи хотираларидан

Туркияда давлат тўнтаришига уруниш. 2016 йил 15-16 июль

2016 йилнинг 15-16 июль кунлари Туркияда бўлиб ўтган хоинона давлат тўнтаришига уринишнинг зудлик билан бартараф этилгани, халқ ҳурриятининг зафар қозонгани ўша куниёқ бутун дунёга маълум бўлган эди. Мен ўша куннинг даҳшатларини ҳамда халқ иродасининг қанчалар кучли эканини, денгиздай кўпириб чайқалиб турган кишиларнинг ўз давлати билан қанчалар жипс эканини ўз кўзим билан кўрганим учун у хотираларни ўртоқлашишга жазм қилдим.

2016 йил ёзида онаизоримга ҳамда аёлимга Анталияга олиб боришни ваъда қилган эдим. Ниҳоят, 14 июль тонгида Тошкентдан Истанбулга, у ердан эса Анталияга учдик. Иссиқ авжида, сайёҳлар оқими кўп. Аввалдан буюриб қўйилган, денгиз ёқасидаги меҳмонхонамизга бориб жойлашдик. Йўл чарчатган бўлса-да, онамга теваракни томоша қилдиргим, гўзалликларни кўрсатгим келарди. Онам ҳам кўниб, бир қанча вақт биз билан бирга юрди, сўнг муздай салқин хоналарга кириб тин олдик. Анталиянинг дим ҳавосисалқинга чулғанди, денгиздан кечки шамол эсди.

Тонгда бизларни мусича «ку-ку»си уйғотди. Биргалашиб нонуштага бордик, ҳар хил егуликлардан илиниб онамнинг кўнглини олиб ўтирдим, кейин қайнона-келинни ўша ерда қолдириб, ўзим хонамизга қайтиб телевизорни ёқсам... Даҳшат! Истанбулда, Анқарада халқ кўчани тўлдирган, икки-уч соат аввал рўй берган воқеалар қайта-қайта кўрсатилаётир. Президент Ражеб Тоййиб Эрдўғаннинг Отатурк аэропортидан видеомурожаати олиб берилаётир. У тасвирлар Бўғоз кўпригидаги танклар ва аскарларга, уларнинг йўлини тўсган, ҳарбийларга қарши оёққа турган сон-саноқсиз кишиларга алмашмоқда.

Кутилмаган бу ҳодисадан ақлим лол эди.

Сал ўтмай онам ва аёлим ҳам кириб келишди.

— Вой, тинчликми? — деб сўради Мақсуда, телевизорга кўзи тушиб.

Нима дейишимни билмайман. Туркияда давлат тўнтаришига ҳарбий уриниш рўй берди,фавқулодда ҳолат эълон қилинди, хиёнат кўламининг жуда катталиги тахмин қилинмоқда дейманми? Мақсуда турк тилини билади, «Вой» деб лабини тишлаб қолди. Онаизор ҳам ёмон бир иш рўй берганини пайқади.

— Шулар ҳам бир мўмин-мусулмоннинг боласими? Нимага бировни фарзандини устига танкда бостириб боришяпти?

Одамлар ҳарбий техника қаршисида жонли қалқон ҳосил қилишган, ёш бир йигитча танк устига сакраб чиқиб олган.

— Ҳой бола, туш пастга, — деди онам хавотирланиб. – Халқ устига бостирибдики, булар ёмон одамлар. Туш, онанг шўрлик етти туғиб бўлгандир сени ўйлаб?

Туркия ҳукуматининг навбатдаги баёноти эълон қилинди. Давлат тўнтариши хавфи бартараф этилгани, мамлакатда ҳаёт ўз ўзанига тушгани айтилди. Вазиятни билгани ташқарига чиқдик. Отеллар ҳам, теварак-атроф ҳам таҳликага тўла. Гоҳ-гоҳо Анталия осмонидан учта-учта бўлиб ҳарбий учоқлар гувиллаб учиб ўтяпти.

Йўқ, давлат тинчликни, ўз ҳурриятини қўлдан бермади. Президент Анқарага қайтди, сўнг Истанбулга келди, мамлакат бўйлаб осойишталик тикланганини маълум қилди, ўз халқи олдига чиқиб раҳмат айтди. Кечгача телевизор қошидан жилмадим. Ҳақиқатан ҳам хавф йўқлигига ишонч ҳосил қилгач, эртаси куни «ўзимникиларни» Анталия шаҳрини айлантиргани олиб бордим. Қадимий Адриан дарвозасидан, у ердаги машҳур Соат Қуббасидан ўтиб, ёйма бозор олдидан чиқиб қолдик. Одатдаги Шарқ бозори, ҳар турли молларини ёйиб ўтирган сотувчилару харидорлар гавжум.

Бир маҳал шу тумонат аро бир хабар елиб ўтди:

— Шаҳид бор! Шаҳид бор!

Бу хабар ёйилгани сайин тужжору асноф ўз ишини ташлаб, шу орадаги Андизли деб аталадиган қабристонга келаверишди. Ҳаммаёқ одамга тўлиб кетди.

Полиция машинасининг чинқириғи эшитилиб, сўнг давлат байроғи тақилган мотоциклчиларҳамда машиналар карвони одамлар орасини ёриб ўта бошлади. Аёлу эркак йиғлар эди. Онамни ҳамда аёлимни ўша ерда қолдириб, ўзим қабристонга кирдим. Турк байроғига ўралган тобут одамлар боши узра суза келди. Бир киши, афтидан, ҳукумат одами бўлса керак, кўзларида ёши билан қисқа нутқ сўзлади, хоинлар ўқидан ҳалок бўлган йигирма олти ёшли Муҳаммад Ўғуз Қиличнинг жанозаси ўқилди. Шаҳид тупроққа бериларкан, кимдир қаттиқ овоз билан «Бошинг соғ бўлсин, Туркия!» деб бақирди. Халойиқ бир овоздан «Ватан соғ бўлсин!» деб қичқирди.

Жуда мутаассир бўлдик, онаизорнинг ҳам, аёлимнинг ҳам кўзи тўла ёш. Ҳеч нарса татимай, ортимизга қайтдик.

Бир-икки кундан сўнг таътилимиз тугади. Истанбулга келдик. Мақсадим – Султон Аҳмад, Сулаймония жомеъсини, Аё-София масжидини, Босфор бўғозини кўрсатиш, Маҳмудпошо бозорига бориб, онамга ёқадиган кийим-кечак харид қилиш эди. Истанбулда кўчалар тўла одам. Ҳамманинг қўлида Туркия байроғи, одамлар оқими «Ватан! Ватан» дея оқарди.Истанбулнинг ҳар тарафи  «Ҳокимият миллатникидир», «Бир миллат, бир байроқ, бир Ватан, бир давлат» каби қирмизи алвонларга тўлган. Кишилар дарёдай бўлиб эндиликда «Шаҳидлар кўприги» деб ном олган Бўғоз кўпригига қараб ҳаракатланар, то июль ойи охиригача барча транспортлар халққа текин хизмат кўрсатарди. Шаҳидлар кўпригига эса эқинлашиб бўлмайди, одам ниҳоятда кўп, бир кечада пайдо бўлган улкан мониторларда ўша машъум кечанинг тасвирлари алмашиб турибди. Танк олдига уни тўхтатиш учун чиқан қуролсиз кишини тасаввур қилиб бўладими? «Ватан, сенга жоним фидо» деб қичқираётган ва жон бераётган ярадорларни-чи? Аскарлар олдига рўмолини ташлаган аёлларни-чи? Бу жуда қадимдан қолган туркий удум, аскар олдига она рўмоли ташланса, ҳар қандай урушлар тўхтаган... «Ҳалок бўлганларимиз шаҳидларимиздир, зафар қучганларимиз эса ғозийларимиздир» деган хитоблар янграрди.

Ўзбекистондан эса тинимсиз қўнғироқлар келиб турарди. Дўсту биродарларимиз, яқинларимиз тинчлигимизни сўрашар, «Туркия тинчми?» дейишар, «Ҳа, ҳаммаси жойида» десак, «Худога шукр, ишқилиб, тинч бўлсин» дейишарди...

Ҳа, халқ билан давлат бирлигининг қудрати ўша кунларда кўринди. Бунга бир биз эмас, бутун дунё шоҳид. Хоинона уриниш кунларида 251 киши шаҳид бўлди, икки мингдан ортиқ киши яраланди. Уларнинг исм-шарифлари шон-шараф майдонларига ардоқ ила битилди, халқ юрагидан жой олди.

Гоҳида баъзилар «Афсус, таътил яхши ўтмабди-да» дейишса, «Сира ундай эмас» дейман. Чунки денгиз соҳилида ором олиш бошқа, истиқлолнинг, зафарнинг, ҳурриятнинг, миллатнинг қудратини кўриш бошқа! Ҳар гал 15-июль воқеалари ҳақида сўз кетса, кўз ўнгимда ўша жасур оломон, ҳур кишилар, Ватаним, давлатим дея кўчага тўпланган сон-саноқсиз халқ жонланади. Миллатнинг, халқнинг нақадар қудратли экани сезилади.

Дарвоқе, юртимиз адабиёт мухлисларига анчагина манзур бўлган «Мен, онам ва Ўрта Ер денгизи» ҳикоям ўша кунларда ёзилган эди. Ушбуасар ҳам Туркияда рўй берган фавқулодда ҳодисанинг бир шоҳиди бўлиб китобларга муҳрланиб қолди.

Исажон Султон,
ёзувчи,
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг