Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«18 ёшда эдим. Тўйим олдидан...» — ОИВга чалинган қизнинг бугун соғлом фарзандлари бор

«18 ёшда эдим. Тўйим олдидан...» — ОИВга чалинган қизнинг бугун соғлом фарзандлари бор

ОИВ — ҳаёт қисқа дегани эмас!

«18 ёшда эдим. Тўйим олдидан тиббий кўрикдан ўтишим керак эди. Ва менга ташхис таҳлилларингизда бир муаммо бор, бизнинг марказга келишингиз керак, дейишди. Шунда ҳам ҳеч нарсадан шубҳаланмадим. ОИТС ҳақида-ку умуман тушунчага эга эмасдим. Бордим ва менга ОИВ юққанлигини айтишди. Ўша пайтдаги ҳолатимни тасвирлаб беролмайман. Дунё остин-устун бўлиб кетди. Ҳаёт мен учун тугагандек эди. Одамлар мени қандай қабул қилади, деган қўрқув бор эди, ишонасизми, ҳатто куёв, майли розиман, уйланишга деганда ҳам уни рад этдим, чунки мен ОИВнинг нималигини билмасдим. Агар ҳозирги билимим бўлганда эди, терапия орқали соғлом ҳаёт тарзига қайтишим ва соғлом фарзандлар дунёга келтира олишимни билганимда эди...»

— Қандай юқди...

Саволим охирига етмайди. Менга ўз касаллик тарихини айтиб бераётган 40 ёшли Н. ҳикоясини давом эттиради:

«Мен ўсмир ёшимда автоҳалокатга учраганман, кўп қон йўқотганман ва менга қон қуйишган, демак ўша пайти менга бу касаллик юққан...»

Стигма ва дискриминация мавжуд

Яқинда «Ишонч ва ҳаёт» ташкилоти асосчилари томонидан журналистлар учун ўтказилган «ОИВ ва гендер зўравонликка кураш» мавзусидаги тренингда биз ўз бошидан бу касалликни ўтказаётган ва яшаётган, шу билан бирга, бошқаларга ёрдам бераётган инсонлар билан суҳбатлашдик.

«Ўзбекистонда, умуман, ушбу минтақа мамлакатларида ушбу ОИВ муаммоси – стигма мавжуд. Яъни, ОИВ ташхиси қўйилган одамларга бошқача кўз билан қараш мавжуд. Бу эса дискриминацияни келтириб чиқаради. ОИВ ва ОИТС ҳақида Ўзбекистонда жуда кам гапирилишининг ўзи стигма ва дискриминациянинг бартараф этилишига тўсқинлик қилади. Ва шунинг учун ҳам бу касаллик ҳақида кўпчилик маълумот эга бўлиш имконидан маҳрум бўлади, –  дейди ОИВ ва инсон ҳуқуқлари лойиҳаси координатори  Виктория Аширова. – Яна кўпчилик фақатгина жинсий алоқа орқали юқади, мен ахлоқли бўлсам бундан мустасноман, деб ўйлашади. Йўқ. Бу қараш нотўғри, масалан, ОИВ шифохонада ОИВ билан касалланган одамнинг қонини қуйиш орқали ҳам юқиши кенг тарқалган. Қолаверса, бу эпидемия гиёҳванд моддаларни истеъмол қилувчилар, фоҳишалар, бир жинслилар, яъни эркаклар билан эркаклар алоқада бўлганлар орасида кенг тарқалган. Авваллари бу эпидемия фақат ўлим билан тугайди, деган қараш мавжуд эди. Энди эса бу вирус танқислиги билан узоқ умр кўриш мумкин. Фақат ҳар олти ойда кўрикдан ўтиш, яъни вирус юкламасини текшириб туриш лозим».

18 ёшида ўзида ОИВ аниқланган аёлнинг ҳозирда соғлом икки нафар фарзанди бор. Демак, тинимсиз шифокор кўригидан ўтиб туриш,  ЮААРТ (АРВТ) – юқори фаол антиретровирус терапияни канда қилмаслик ҳатто соғлом фарзанд кўриш имконини ҳам беради. Хўш, ЮААРТ нима? Тренинг давомида бу саволларга ҳам жавоб топдик.

ЮААРТ — қонда ОИВ миқдорини имкон қадар камайтириш ва кўп йиллар давомида шу даражада сақлаб туришга қаратилган дори-дармонларни қўллашдир. ЮААРТ таъсирида қонда ОИВ миқдори аниқлаб бўлмайдиган даражада паст миқдорга етказилади ва шу сабабли касалликнинг авж олишига йўл қўйилмайди. Даволаш тўғри ўтказилганида, вирус юкламаси камайиб, иммунитет кўтарилади. 

Жорий йилнинг февраль ойи ҳолатига кўра, Ўзбекистонда 45 минг нафар ОИВ инфекцияси билан касалланганлар рўйхатга олинган. Тасаввур қилинг, 45 минг тақдир ва уларнинг қанчадан-қанча яқинлари бу эпидемия билан курашмоқда.

ОИВ нима, ОИТСчи?

Келинг, ҳамма билиши керак бўлган, аммо ҳамма ҳам ажратиб олавермайдиган ҳолатларга тўхталсак. Гарчи ОИВ ва ОИТС алоҳида-алоҳида ҳолат эканлиги ҳақида маълумот етарлича топиш мумкин бўлса-да, кўпчилик икковини бир нарса деб ўйлайди. Тренинг доирасида бизга тарқатилган Республика ОИТСга қарши кураш маркази томонидан чоп этилган қўлланмани варақлаймиз:

Хўш, ОИВ нима? ОИВ – бу одамнинг иммунитет танқислиги вируси. Касалликнинг юқиши ва ривожланишининг бошланғич даври, яъни «серологик ойна даври» 3 ҳафтадан 3-6 ойгача давом этади. Бу даврда қонда етарли миқдорда антитанача пайдо бўлмагани сабабли инфекцияни аниқлашнинг имкони йўқ. «Бирламчи белгилар даври» қонда антитаначалар пайдо бўлгандан бошлаб 1 йил давом этади. Белгиларсиз ва юзаки белгилар билан кечувчи яширин давр эса 1 йилдан 5 ёки 8 йилгача, ҳатто 12-14 йилгача чўзилиши мумкин.

ОИТС – ОИВ инфекциясининг охирги босқичи бўлиб, одатда бир неча ойдан 2 ёки 3 йилгача давом этади. Касалликнинг бу даврида инсон турли аъзоларини зарарловчи, модда алмашинувини издан чиқарувчи, қўшимча оппортунистик касалликлардан азият чекади, бемор кўпинча озиб кетади. Бу даврда антиретровирус препаратларини қабул қилиш орқали инсоннинг умрини узайтириш мумкин.

«Мен  орттирилган вирус танқислигига чалинганимни ҳомиладорлигимда, поликлиникада билганман,  – дейди шу ташкилотда кўнгилли бўлиб хизмат қилаётган О. – Турмуш ўртоғимдан юққан. Фарзандим вафот этди, лекин сабаби бу эмас, турмуш ўртоғимдан ажрашдим, бунга ҳам сабаб касалликни юқтиргани эмас. Шунчаки йўлларимиз тўғри келмади. Мен учун ҳаёт ўз мазмунини йўқотгандек эди, токи ўзаро ёрдам кўрсатиш гуруҳига келиб қўшилмагунимча. Ўша пайтлари ҳатто яқинларимга ҳам айтолмаганман. Анчадан сўнг бундан хабар топган опам кўнглимни кўтарди: нима сен шу касалликка чалинганимни айтсам мендан воз кечади, деб ўйладингми ёки менинг аввалгидек синглим эмасмисан, биз сени қандай бўлсанг шундайлигингча яхши кўрамиз, деди. Ҳозир мен волонтёрман, айнан ҳомиладорлигида, бола туғиш керак бўлган пайтда шу касалликка чалинганидан хабардор бўлиб чорасиз қолган оналар билан ишлайман, уларга тренинглар ўтаман. Чунки мен буни ўз танамда, қалбимда ҳис қилганман, биламан турмушга чиқдингизми, демоқчисизлар. Ҳа, ўзимдек инсонга турмушга чиққанман, ҳозир 7 ёшли соғлом қизалоғим бор. Ўзаро ёрдам бериш гуруҳида жуда кўп аёлларга, оналарга ёрдамим тегаётганидан хурсандман. ОИВга чалинган оналардан қандай қилиб соғлом фарзанд туғилади, деган саволга эса жавоб... бу энди алоҳида жуда катта мавзу, лекин ҳақиқат шуки: ҳа, соғлом бола туғилади».

Ўзаро ёрдам кўрсатиш гуруҳи нима?

«Мен норкоманман»,

«Мен фарзандимни йўқотганман, ёлғизман»,

«Мен ичувчи эдим...», деб ўз ҳикоялари билан ўртоқлашадиган гуруҳларни хориж киноларида кўп кузатганмиз.

Бу гуруҳ ҳам худди шундай. Бу ерда ОИВга чалинган инсонлар ҳаётий муаммолари ва қийинчиликлари туфайли бирлашиб, уларни ҳал этишда ўзаро тажриба алмашишади, ўзига маслакдош ва мададкор топиш мақсадида биргаликда ҳаракат қиладилар.

«Бу гуруҳга фақат шу муаммога учраган одамлар эмас, балки уларнинг яқинлари, дўстлари ҳам қўшилиши мумкин. Гуруҳ аъзолари бу ерда ўзаро фикр алмашади, ҳиссиётлари, кечинмалари билан ўртоқлашади. Ҳар бир инсон ўзининг кўмакдоши ва маслакдоши борлигини ҳис этади. Ҳатто  шу борада учраётган қийинчиликларни енгиб ўтиш усулларини ўртага ташлаб муҳокама қилиш имкони мавжуд,  – дейди психолог София. – Чунки бундай одамлар ўзининг ички дунёсига киришиб кетади. Айнан мана шундай гуруҳлар одамларга ўз кечинмалари билан ўртоқлашишга ва енгил тортишга ёрдам беради. Ақлли инсонгига ўзида муаммолар борлигини тушуниб ета олади, ёрдам сўраб мурожаат қилиш учун жасорат зарур».

Биз ушбу эпидемия билан яшаётган ва курашаётган инсонлар билан гаплашиб шу нарсага гувоҳ бўлдикки, инсон ўзида вирус бор ёки йўқлигини қанчалик тез билса, даволанишни бошласа, соғлом одамлар қатори ҳаёт кечириш имконияти шунчалик кўп бўлади.

«Биз ишонч ва ҳаёт берамиз»

«Ишонч ва ҳаёт» ташкилоти 2003 йилда ташкил топган. Ўтган йиллар мобайнида ОИВ билан яшовчи кўплаб инсонларга ҳуқуқшунослар, психологлар, шу соҳа мутахассислари, волонтерлар кўмак бериб келмоқда. Бу ерда ишловчи кўнгиллилардан тортиб мутахассисларгача беморларнинг ҳақ-ҳуқуқларини тиклаш, улар тушкунликка тушиб қолмаслиги учун ёрдам бериш, антиретровирус терапиясига ҳеч қачон лоқайд бўлмасликка чақиришдан иборат.

«Ахир бир умр буйрак касаллигидан азият чекиб диалез олаётганлар, қанд касаллиги билан оғриб инсулин оладиганлар ёки қон босими безовта қиладиган инсонлар каби доимо қон босимини назоратда ушлаб турувчи қанчадан-қанча инсонлар узоқ яшамоқда, демак бу ОИВни бошидан кечираётган инсонлар антиретровирус терапиясини мунтазам олиб борса узоқ яшашади. Дарвоқе, бу ташкилотга нафақат катталар, балки ўсмирлар, ОИВ билан яшаётган болажонлар ҳам ташриф буюради. Биз уларга жамиятда ҳеч қандай дискриминация  тўсиқ бўлмаслиги, бошқа болалар қатори ўзини соғлом ва бехавотир ҳис қилиши учун барча имкониятларимизни ишга соламиз, уларга ишонч ва ҳаёт берамиз», – дейди Виктория Аширова.

Бугун 1 декабрь, анъанавий равишда «Бутунжаҳон ОИТСга қарши кураш куни». Юқорида айтганимиздек, бу касаллик ҳақида жуда кам гапирилади. Тренинг орқали англаганимиз шу бўлдики, бу борада одамлар билан эмас, балки вируснинг ўзи билан курашиш муҳим. Ва бу ҳақда фақат бугун эмас, ҳар доим гапирилиши керак...

Барно Султонова

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг