Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

2019 йилдан хонадонларга қўриқлов техник воситаларини ўрнатиш бепул амалга оширилади

2019 йилдан хонадонларга қўриқлов техник воситаларини ўрнатиш бепул амалга оширилади

Фото: «Газета.uz»

«Хавфсиз хонадон» концепцияси жорий этилади. 2019 йил 1 январдан бошлаб, жисмоний шахсларнинг уй-жойлари ва хонадонларига уларга қўриқлаш хизматини кўрсатиш мобайнида фойдаланишга бериладиган қўриқлов техник воситалари жиҳозларини ўрнатиш, қўриқлаш хизмати маблағлари ҳисобидан бепул амалга оширилади.

Жисмоний ва юридик шахсларнинг мулкини ишончли қўриқлаш, ўта муҳим, тоифаланган ва бошқа объектларни ҳимоялаш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йилнинг 12 декабрдаги “Жисмоний ва юридик шахслар мулкининг қўриқланишини таъминлаш самарадорлигин ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу йўналишдаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқди.

Айтиб ўтиш керакки, қўриқлаш фаолиятини ташкил этишда ҳозирга қадар бир қатор муаммолар мавжуд эди. Замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш даражасининг пастлиги, мавжуд қўриқлаш тизими ва технологияларининг етарлича самарали эмаслиги иш сифатига салбий таъсир кўрсатиб келган.

Эндиликда шу каби муаммоларни бартараф этиш учун қатор чора-тадбирлар амалга оширилади. «Хавфсиз хонадон» концепцияси амалиётга жорий этилади. Унга кўра, бутун республикада техник қўриқлаш ва ҳаракатланиш пунктларига хабарни узатиш ва марказлашган кузатувнинг автоматлаштирилган тизими жорий этилади.

Бунинг натижасида қўриқланадиган объектлардан келиб тушган хабар жойига нафақат қўриқлаш хизмати ходимлари, балки энг яқин патруль гуруҳининг тез етиб боришини таъминлаш механизмлари ишлаб чиқилади. Бундан буён фақатгина кўчмас мулклар билан бирга, транспорт воситалари ва бошқа ҳаракатланувчи объектларни қўриқловга олишга эътибор кучайтирилади.

Янги турар жойлар қурилишида уларни мажбурий тарзда қўриқлаш-ёнғин ташвишгоҳлари ва газоанализаторлар билан жиҳозланади.

Юқоридаги чора-тадбирларни амалга оширилганлиги даражасидан келиб чиқиб, маҳаллаларини уларнинг хавфсизлик даражасининг чораклик рейтингини жорий этган ҳолда баҳолаш ҳамда ҳар йили «Энг хавфсиз маҳалла» республика танлови ўтказилади.

Бундан ташқари, фуқароларга енгиллик яратиш, ўрнатиладиган қўриқлаш техникаларининг сифатини ошириш мақсадида, қўриқланадиган объектларда ўрнатиладиган қўриқлов техник воситалар ва тизимларини монтаж, демонтаж қилиш, таъмирлаш, уларга техник хизмат кўрсатиш ва эксплуатация қилиш бўйича ишларни бажарувчи «Qo‘riqlash Servis» давлат унитар корхонаси ташкил этилди.

Бу эса, фуқароларнинг қўриқлаш хизматига ишончини ва ўз мулкларини қўриқлаш хизмати орқали ҳимоя қилиши кенгаяди. Натижада фуқароларнинг мол-мулкига нисбатан бўладиган жиноий тажовузларнинг камайишига эришилади.

Улуғбек Омонов,
ИИВ Ташкилий департаменти
Юридик таъминлаш бошқармаси етакчи юрист консульти

Манба: uza.uz

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг