Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Мажбурий меҳнатга йўл қўйган 30 нафар амалдор ишдан олинган

Мажбурий меҳнатга йўл қўйган 30 нафар амалдор ишдан олинган

Фото: «Xabar.uz»

Мажбурий меҳнат. Сўнгги икки йил давомида унинг олдини олиш, унга қарши курашиш — давлат сиёсатининг асосий йўналишларидан бирига айланди. Шундай бўлса-да, ҳали ҳам ўз қўли остидагиларни мажбурий меҳнатга ундаётган раҳбарларнинг борлиги тизимда олиб борилаётган ишларни янада кучайтиришни тақозо этмоқда, деб ёзади «Xs.uz».

Жумладан, йил бошидан буён шу масалада ҳуқуқбузарликларга йўл қўйган шахсларга нисбатан мансаб лавозимидан қатъи назар қонунда белгиланган тартибда чоралар кўрилган. 169 нафар ижтимоий-иқтисодий ривожланиш комплекси бўйича секторлар раҳбарлари, яъни туман ва шаҳар ҳокимлари, прокуратура, ички ишлар ва давлат солиқ хизмати органлари раҳбарлари интизомий жавобгарликка тортилган. Уларнинг 30 нафари эгаллаб турган лавозимидан озод этилган.

Бу рақамлар Олий Мажлис Сенатининг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси, Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси ҳамда Фуқароларнинг кафолатланган меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш масалалари бўйича Парламент комиссиясининг қўшма мажлисида айтиб ўтилган. Шунингдек, унда Халқаро меҳнат ташкилотининг «Мажбурий меҳнат тўғрисида»ги ҳамда «Мажбурий меҳнатни тугатиш тўғрисида»ги конвенцияларининг мамлакатимизда ижро этилиши ҳолатини ўрганиш натижалари муҳокама қилинди.

Агар илгари пахта йиғим терими мажбурий меҳнатдан фойдаланишнинг турли шакллари намоён бўладиган жараён сифатида қайд этилган бўлса, эндиликда, аксинча, бу мавсум фуқаролар, айниқса, ёшларнинг меҳнат ҳуқуқларини рўёбга чиқариш, ишга лаёқатли аҳолининг бандлигини таъминлаш ва фуқаролар даромадларини оширишнинг манбаига айланмоқда. Хусусан, бу борада жойларда теримчиларнинг моддий манфаатдорлигини таъминлаш ҳамда пахта етиштирувчи хўжаликларнинг молиявий ҳолатини янада мустаҳкамлаш чоралари кўрилган. Пахта-2018 мавсумига замонавий бозор механизмларининг жорий этилиши бу борада ижобий натижаларга эришишни таъминлади.

Мажлисда бир қатор ҳуқуқбузарлик ҳолатлари аниқ мисоллар билан келтирилди. Хусусан, Навоий вилояти Хатирчи туманидаги 83-умумий ўрта таълим мактаби директори М.Мавлонов томонидан мактаб ўқитувчилари ўз розилигисиз ободонлаштириш ишларига жалб қилинган. Жиззах вилояти Зафаробод тумани ҳокимлиги томонидан тумандаги 4 та касб-ҳунар коллежи раҳбарлари «Обод қишлоқ» дастури доирасида ҳудудларга бириктирилиб, аҳоли хонадонларини бузиш, таъмирлаш ва қайта қуриш ишларига жалб қилингани кузатилган.

— Мажбурий меҳнатга директор ўз хоҳиши билан қўли остидаги ходимларни жалб қилмайди, — дейди халқ таълими вазири Шерзод Шерматов. — У туман миқёсида иш олиб бораётган раҳбарларнинг оғзаки топшириқлари асосида шу ишга қўл уради. Масаланинг асл сабабларини ўрганишимиз керак. Аввало, ҳудудий кесимда иш олиб бораётган раҳбарларнинг бу борадаги масъулияти ва ҳуқуқий билимларини ошириш лозим.

Мажлис иштирокчилари томонидан мажбурий меҳнатнинг ҳар қандай шаклларидан фойдаланишнинг олдини олиш учун жойларда йўлга қўйилаётган мониторинг ва қайта алоқа механизмлари, жамоатчилик ва парламент назоратини кучайтириш зарурлиги айтилди.

— Биз жойларда аҳоли билан учрашиб, уларнинг яшаш шароитлари билан яқиндан танишганимизда меҳнат ҳуқуқларининг бузилишига кўп гувоҳ бўляпмиз, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси раиси Мавлуда Хўжаева. — Бунинг асосий сабаблари фуқаролар ўзларининг меҳнат ҳуқуқларини билмаслиги, иш берувчиларнинг зиммасига қандай масъулият юкланганидан бехабарлиги билан боғлиқ. Энг ачинарлиси, одамларимиз ўз ҳуқуқларини талаб қила олмайди. Мажбурий меҳнатнинг асл сабаблари ҳам шунда аслида. Бу борада қилиниши лозим бўлган ишларимизни ҳудудларда, туманлар кесимида янада кучайтириш тарафдоримиз.

Мажлисда ушбу йўналишда қилиниши лозим бўлган тадбирлар режаси ишлаб чиқилди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг