Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

380 йилда ёзиб битирилган асар

380 йилда ёзиб битирилган асар

Фото: «Google.com»

Шарқ халқлари тарихини ўрганиш, тадқиқ этишда Табарий, Наршахий, Байҳақий, Жувайний, Шарафиддин Али Яздий, Низомиддин Шомий, Ибн Арабшоҳ, Абдураззоқ Самарқандий сингари олим ва мутафаккирлар яратиб қолдирган дурдоналар катта аҳамият касб этади. Ана шундай бебаҳо тарихий асарлардан бири «Равзат-ус-сафо» асаридир.

Навоийнинг тавсияси билан

Асарнинг илк муаллифи Мир Муҳаммад ибн Саййид Бурҳониддин Ховандшоҳ ибн Камолуддин Маҳмуд ал-Балхий — Мирхонд (1433—1498) Ўрта асрлар тарих фанининг кўзга кўринган намояндаларидан биридир. Мирхонднинг отаси Саййид Бурҳониддин Ховандшоҳ темурийлар ҳукмронлиги даврида Бухородан Балхга келиб қолган эди. Мирхонд 1433 йили Балхда туғилган бўлса-да, умрининг деярли кўп қисмини Ҳиротда ўтказди.

Набираси Хондамир «Хулосат ул-ахбор» китобида бобоси ҳақида қуйидагиларни ёзади: «Падарпаноҳ жаноб амир Хованд Муҳаммад йигитлик чоғларида турли илмларни таҳсил этиш ва нафис фазилатларни камолига етказиш йўлида тиришқоқлик ва зўр меҳнат қилди... қисқа вақт ичида билимдонлиқда замон фозилларининг пешқадами бўлиб олди. У (кўпроқ) тарих илмини касб қилди ва жаҳон аҳволини ҳамда осориатиқаларини таҳқиқ қилишга киришди. Олижаноб хотирани тез фурсат ичида бу фанни эгаллашдан фориғ қилди, аммо феълу атвори маишат аҳди билан қўшилишга йўл бермади, завқу шавққа берилмади... Дарс бериш ва амру маърифатга иштиёқ унинг равшан хотирида асло кўринмади. Аммо (бу ҳол)... орзу ва омонликнинг қиблагоҳи, яъни олижаноб Султон (Ҳусайн) ҳазратлари яқин дўсти (Амир Алишер Навоий)нинг ҳузурларига боргунича ва унинг ҳар турли навозиш, марҳамат, илтифот ҳамда мурувватларини топмагунларича давом этди».

Хондамирнинг яна бир маълумотига қараганда, Навоий Мирхондга ўзининг «Ихлосия» хонақосидан бир ҳужра ажратиб берган ва ундан бир тарихий асар ёзиб беришни илтимос қилган. Мирхонд бу асарни қисқа вақт ичида ёзиб тамомлаган. 1497 йилнинг баҳорида оғир касалликка чалиниб, 1498 йилнинг 22 июн куни оламдан ўтган.

Бобосига тортган набира

Навоийнинг кўрсатмаси билан Мирхонд яратган асарнинг номи «Равзат-ус-сафо фи сийрат ул-анбиё ва-л-мулук ва-л-хула-фм.» («Пайғамбарлар, подшоҳлар ва халифаларнинг таржимаи ҳоли ҳақида жаннат боғи») бўлиб, ундан дунёнинг яратилишидан то 1523 йилга қадар Марказий Осиё, Яқин ва Ўрта Шарқ мамлакатларида бўлиб ўтган ижтимоий-сиёсий воқеалар кенг баён этилган. «Равзат-ус-сафо» муқаддима, еттита жилд, хотима ва жуғрофий қўшимчадан ташкил топган.

Мирхонднинг вафоти сабаб «Равзат-ус-сафо»нинг сўнгги еттинчи жилди тугалланмай қолганди. Маълумотларга кўра, бу ишни унинг набираси Хондамир давом эттирган ва унга 1497 йилдан то 1523 йилгача бўлган бўлган воқеаларни киритиб ўтган.

Хондамир (тўла исми Ғиёсиддин Муҳаммад ибн Хожа Хумомуддин ибн Хожа Жалолуддин Муҳаммад ибн Бурҳонуддин) ҳам бир қатор асарлари билан Ўрта асрлар тарихнавислигида ўзига хос из қолдирган. У она томонидан Мирхонднинг набираси бўлган. Отаси Хожа Хумомуддин Муҳаммад Шерозий Бадахшон ҳукмдори Султон Маҳмуд Мирзонинг вазири бўлган.

Хондамир 1473—1476 йиллар орасида Ҳирот шаҳрида туғилган ва ўша ерда таълим олган. Хондамирнинг олим сифатида шаклланишида Мир Алишер Навоийнинг ҳиссаси катта бўлган. У бўлажак олимга бой кутубхонасидан фойдаланишга рухсат берган, шу билан бирга илмий ишларига раҳбарлик қилган.

Алишер Навоийнинг вафотидан сўнг, Хондамир Балхга кетиб, Султон Ҳусайн Бойқаронинг тўнғич ўғли Бадиуззамон Мирзо саройида хизмат қилган. Шу даврда унга «садр» унвони берилган. 1507 йилда темурийлар салтанати пароканда бўлиб, ҳукумат шайбонийлар қўлига ўтгач, Хондамир Ҳиротдан кетишга қарор қилади. 1528 йили у ердан бобурийлар пойтахти Аграга, Заҳириддин Муҳаммад Бобур (1483—1530) саройига боради.

Хондамир 1534 йили Ҳумоюн билан ҳарбий сафардан қайтиб келаётганида вафот этади. Унинг васиятига кўра, жасади Деҳлида Низомиддин Авлиё, шоир Хусрав Деҳлавийлар ёнига дафн этилади.

Орадан асрлар ўтгач...

Асар форсий тилда, содда ва равон услубда ёзилган бўлиб, илк саҳифаларданоқ ўқувчининг эътиборини ўзига тортиб олади. Асарни ёзишда муаллифларга улардан аввал яшаб ўтган ўнлаб тарихчиларнинг асарлари, турли манбалардан олинган тарихий маълумотлар асос бўлган.

Асрлар ўтиши билан сулолалар ўзгарди, давру давронлар алмашди. Шу боис XVI аср биринчи чорагидан кейинги воқеаларни пухта, асосли ёритадиган асарларга эҳтиёж сезила бошлаганди. Аммо бу сингари катта ҳажмли асарни муносиб тарзда давом эттиришга ҳар қандай тарихчи олим журъат эта олмасди. Шунга қарамасдан, Эронда Қожорлар даврида яшаган машҳур тарихчи, шоир ва дипломат Ризоқулихон Ҳидоят (1800—1871) ана шу ишга қўл урди.

Ризоқулихон ёшлигидан Қожорлар сулоласининг вакили Фатҳали Шоҳ (1797—1834)нинг саройида хизмат қилган. Ўзининг рангин шеърлари билан шоҳнинг назарига тушган Ризоқули «амируш-шуаро» («шоирларнинг амири») унвонини олган. У сулоланинг кейинги вакили Насриддин Шоҳ Қожор замонида ҳам (1848—1896) саройда масъул вазифаларда ишлаган. Сарой кутубхонаси раҳбари бўлган, кейинчалик Эронда янги усулдаги мактаб очиб, уни бошқарган.

Ризоқулихон Ҳидоят Шарқда форсий тилдаги энг мукаммал тарихий асарлардан бири саналган «Равзат-ус-сафо» асарининг давомини ёзишга киришди. Ризоқулихон Мирхонднинг баён услубини сақлаган ҳолда Сафавийлар давридан бошлаб, Афшарлар, Зандлар ва Қожорлар сулоласи даврида Эрон, Хуросон ва қисман Мовароуннаҳрда юз берган воқеаларни ўзининг уч жилдли асарида ёзиб қолдирган. Асар Насриддин Шоҳга бағишлаб битилгани учун унинг исмига монанд тарзда «Равзат-ус-сафои Носирий» деб номланган.

Огаҳий таржимасида

Ризоқулихон Ҳидоят 1851 йилда Насриддин Қожор (1834—1848) нинг топшириғи билан Хива хони Муҳаммад Аминхон (1845—1855) ҳузурига элчи бўлиб келади. Мазкур элчилик асносида Эрон-Хоразм муносабатларига ойдинлик киритиш юзасидан музокаралар олиб борилган. Хоразмдаги саёҳати ҳақида у «Сафоратномаи Хоразм» («Хоразм сафари кундалиги») асарини ҳам ёзади.

Чамаси, Ҳидоят Хива хонлигига ташрифидан сал аввалроқ «Равзат-ус-сафои Носирий» асарини ёзиб тугатган эди. Чамаси у мазкур асарнинг бир нусхасини ўзи билан олиб келган. У Хивада бўлган пайтида буюк ўзбек шоири Огаҳий билан ҳам учрашгани, у билан ижодий ҳамкорлик қилгани маълум.

Айни пайтда «Равзат-ус-сафо»нинг ўзбек тилига таржимаси Мунис томонидан бошланган, бу ишни эндиликда Огаҳий давом эттираётган эди. Шоир кейинчалик ушбу йирик тарихий асарнинг Ризоқулихон қаламига мансуб қисмини ҳам ўзбекчага ўгирган.

Хуллас, бугунги кунга келиб ўн жилддан иборат улкан ҳажмли тарихий асар тўла-тўкис жамланиши учун тахминан 380 йилдан ортиқ вақт керак бўлган экан...

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг