Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Намангандаги 5 тонналик сумалак 15 минг идишда тарқатилди

Намангандаги 5 тонналик сумалак 15 минг идишда тарқатилди

Фото: «ЎзА»

Наманганда 5 тонналик сумалак масаллиқлари қозонга солингани ҳақида хабар берган эдик.

Тайёргарлик жараёнида 1,1 тонна буғдой тозаланди ва ювилди, 2,5 тонна ун элакдан ўтказилди. Бу жараёнларда 300 нафардан зиёд хотин-қиз иштирок этди. Ювилган буғдой махсус тайёрланган ва умумий юзаси 112 квадрат метрдан кўпроқ бўлган 50 хонтахтага ундиргани қўйилди. «ЎзА»га бу ҳақда маълумот берди.

Сумалак пиширишга жалб этилган 25 нафар аёлнинг туну кун навбатчилиги ташкил қилинди. Чунки буғдойга об-ҳавога қараб ҳар уч соатда сув сепиб туриш, униш суръатини бошқариб туриш керак. Акс ҳолда буғдой белгиланган кунга зарур даражада унмай қолса режа барбод бўлганидек, муддатидан аввал меъёридан ортиқ ўсиб кетган буғдой майсасидан тайёрланган сумалак тахир бўлиб қолади.

Юқоридаги масаллиқлардан ташқари яна 250 литр ўсимлик мойи ва 2,4 минг литр сув ишлатилган ва дарёдан махсус териб келиб ювиб-қайнатиб тозаланган тош солинган сумалак 24 соат қайнади.

Ниҳоят 21 март – Наврўз тонгида обдон дам едириш учун ўраб қўйилган қозон ўрамаси очилди.

Шундай қилиб, Наманганда Наврўз сайли сумалак тарқатиш билан бошланди.

– Сумалакнинг учдан бир қисми вилоятдаги Меҳрибонлик, Саховат уйлари, шифохоналар ва кам таъминланган оилаларга етказилади, – дейди мега-сумалак тайёрлаш ғояси ташаббускори, «Наманган китоб олами» масъулияти чекланган жамияти раҳбари, шаҳар кенгаши депутати Маъруфжон Мўминов. – Бундан ташқари, сайилга келган юртдошларимиз, вилоятимиз меҳмонлари ҳам эзгу ниятлар билан тайёрланган баҳор таомидан баҳраманд бўлишади. Уларга шу мақсадда тайёрлаб қўйилган 15 мингдан зиёд бир марталик идишларда сумалак тарқатилади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг