Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

74 та хонадон эгаси кўчада қоладими?

74 та хонадон эгаси кўчада қоладими?

Янгийўлда етти йиллик муаммо ҳеч кимни қизиқтирмаяпти

Халқимизнинг одати шу: мустақил ҳаётга қадам қўйган одам борки, ўз уйига эга бўлишни ният қилади. Ватанли бўлиш учун тиним билмай тиришади, меҳнат қилади. Ахир ҳузур-ҳаловатда, фарзандлар қуршовида яшашдан ортиқ бахт борми? Кишининг мустақил яшаши, меҳмонини бемалол кутиб, фароғатда турмуш кечириши учун ўз уйи – ўлан тўшаги бўлмас экан, у ўзини хотиржам ҳис қила олайди.

Бахтнинг бахтсиз фуқаролари

Мана, бир неча йилдирки, Тошкент вилоятининг Янгийўл тумани «Бахт» маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи юзлаб инсоннинг туриш-турмушида ҳаловат йўқ. Бу одамларни ўз уйига ўзи эгалик қилолмаётгани эзиб келаяпти.

Бу чигалликнинг аввали шундай: бундан етти-саккиз йил илгари янгийўллик фермер Ўткир Маҳмудов ўз хўжалиги тасарруфидаги тўрт қаватли эски иморатни аҳоли ўз номига хатлаб олиши мумкинлигини айтиб, бу ердаги хоналарни пуллай бошлайди. Ўртадаги келишув ва олди-берди суммаси бир парча қоғозга битилиб, фермернинг муҳри билан тасдиқланади. Фермер шу йўсинда бир-икки йил мобайнида барча хоналарни содда одамларга пуллашга улгуради. Кимдир икки хона, яна биров уч-тўрт хонани сотиб олгач, уларни бирлаштириб, хонадон қиёфасига келтиради.

Дастлаб ташландиқ бу бино фақатгина бетон деворлардан иборат бўлган. Кишилар кўчиб келиб, бинони одам яшайдиган ҳолатга келтирган. Аммо уларнинг қўлида ҳеч қандай ҳуқуқий ҳужжат йўқлиги боис на уйини таъмирлай, на атрофни ободонлаштира олади. Негаки, кимдир келиб, уйнинг ҳужжатлари қани деб қолишидан қўрқишади.

Кўп қаватли уйда ўтин ёқилади

Ана шу тахлит яшаб келаётган одамларнинг хонадонлари, дард устига чипқон деганларидек, газдан ҳам узиб қўйилган. Аҳоли бу борада мутасаддиларга бир неча бор мурожаат қилган бўлса-да, ҳеч ким эътибор қаратмаган. Эшитган жавоби битта: «ҳужжатсиз хонадонларга газ берилиши мумкин эмас!».

Бино йўлакларининг эшик-деразасизлиги, таъмирталаблиги қишнинг изғирин кунлари одамларни қийин аҳволга солади. Айниқса, ёш болали ва кексаси бор хонадонларга жуда қийин. Икки йилдирки, уйни иситиш тугул, ақалли қора қозонни қайнатиш учун ҳам газ берилмайди. Шу боис айримлар қиш кунларида уй ичида ўтин қалаб, исиниш учун олов ёқишга ҳам мажбур бўлмоқда.

Ўйлаб қолади киши: наҳот кўп қаватли уйларда ҳам бунга йўл қўйилса? Аҳоли-ку, жон аччиғида мажбурлигидан шундай қилаётгандир. Мутасаддилар нега жим? Агар эҳтиётсизлик ортидан хонадонлардан бирортасида ёнғин чиқса, бутун бошли уй  хатар остида қолади-ку.

Айни масала юзасидан дастлаб «Бахт» маҳалла фуқоролар йиғини раисининг фикри билан қизиқдик.

– Ҳақиқатан 34-уйдаги 74 та хонадон эгаси анча йилдан бери қуруқ ваъдага ишониб яшаб келмоқда, – дейди «Бахт» МФЙ раиси Ёқубжон Қўшоқов. – Агар уйнинг ҳақиқий эгаси келиб, «Уйни бўшатиб қўйинглар» деб қолса, уларнинг «фалон сўм берганман» деган мазмундаги тилхат-қоғоздан бўлак кўрсатадиган ҳужжати йўқ. Биз бу муаммони ҳал этиш учун бир неча бор ҳаракат қилиб кўрдик. Аммо уйнинг қонуний эгаси қамалиб кетгани боис хонадонларни нотариал расмийлаштиришнинг имкони бўлмаяпти. Энди одамлар Ўткир Маҳмудов қамоқ жазосини ўтаб бўлганидан сўнг келиб ҳужжатларни расмийлаштирмагунча кутишга мажбур.

Хонадон эгаларининг фикрлари ҳам кишини ўйлантиради.

– Шароитларни кўриб, ҳайрон қолаётгандирсиз-а? – дейди фуқаро Баҳром Йўлдошев фиғони фалакка чиқиб. – Начора, нима ҳам қилардик? Дастлаб кўчиб келганимизда бу ерда яшовчиларнинг барчасидан пул йиғиб, оқава сув, газ ва электр токи уладик. Аммо қўлимизда уйнинг кадастр ҳужжатлари бўлмагани сабабли икки йил ўтар-ўтмас газни ўчириб қўйишди. Кўп қаватли уйда яшасак-да, қишда хонадонларимизда ўтин ёқишга мажбурмиз. Хоналаримиз тутундан қорайиб кетади. Хавотири эса ундан ҳам ошиб тушади. Агар электр иситкичларни ёқадиган бўлсак, электр токининг нархи осмонга етади. Хуллас, додимизни эшитадиган қулоқ йўқ...

Истиқомат қилувчиларнинг айтишича, айни шу муаммони бартараф этиш учун бир қанча ташкилотлардан, жумладан, туман ҳокимлигидан ҳам мутасаддилар келишган. Аммо шу бўйи ҳеч бири қорасини кўрсатмаган.

Нима қилмоқ керак?

Тинимсиз мурожаатлар ва югур-югурлардан чарчаган аҳоли умидсизликка тушиб қолган. Қачондир тайёр уйини бировга қўшқўллаб топширишдан, ўзлари эса ватансиз қолишдан қўрқади. Энди уларнинг олдида яна бир муаммо кўндаланг бўлиб турибди: 74 та хонадонда бир вақтнинг ўзида электр плиталарнинг ёқилиши натижасида бир неча бор туташув юзага келган ва трансформатор ёниб кетган. Бу йилги қишда эса ушбу трансформатордан фойдаланувчи бошқа хонадон вакиллари электр плита қўшишлари мумкин эмаслигини айтишган. Ҳадемай қиш ҳам келади.

– Бу ердаги ҳар бир фуқаро ўз меҳнати билан топган пулига бу ердан хона сотиб олган, – дейди уйбоши Юлдуз Бобораҳимова. – Уларнинг биргина «айби» шуки, сал арзонроқлиги учун, кейинроқ бўлса ҳам расмийлаштириб олишга ишонган. Ўтган вақт модайнида одамлар юкиниб бориши мумкин бўлган мутасаддилар – ҳокимлар алмашаверди. Бироқ бирортаси мазкур масалани жиддий ўйлаб кўргани йўқ. Энди эса бу йилги қишни қандай ўтказишга бошимиз қотган. Газ йўқ, токдан эса иситиш учун фойдаланиб бўлмайди...

Муаммони ўрганиш чоғида Ўткир Маҳмудовнинг иш юритувчиси билан боғланишга ҳаракат қилдик. Афсуски, тўрт кун давомидаги тинимсиз қўнғироқ қилиб ҳам боғланолмадик. Калаванинг бу учи мавҳумлигича қолди.

Эҳтимол, ечимни туман ҳокимлиги мутасаддилари топар.

Биз эса масалага яна қайтамиз ва албатта Янгийўл туман ҳокимлиги раҳбариятидан бу борада муносабат кутиб қоламиз.

Сулаймон Ҳайдаров

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг