Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Адлия вазири: «Бу нима деган гап? Ахир бу ваҳшийликку!»

Адлия вазири: «Бу нима деган гап? Ахир бу ваҳшийликку!»

Фото: вазирлик ахборот хизмати

Адлия вазири Русланбек Давлетов барча маҳаллий ҳокимликларни фуқароларнинг уй-жой билан боғлиқ қонуний ҳуқуқларини поймол этишларига чек қўйишларини талаб қилди.

Айни дамда Адлия вазирлигининг навбатдаги кенгайтирилган ҳайъат мажлисида бўлиб ўтмоқда. Бу ҳақда «Xabar.uz»га вазирлик ахборот хизмати хабар берди.

Мажлисда Адлия вазири Русланбек Давлетов бугунги куннинг энг долзарб масалаларидан бўлган жойларда уй-жойлар бузилишларига эътиборни қаратди. Бу масалани ҳар бир адлия органи ходими алоҳида устувор вазифа сифатида ўзига белгилаб олиши зарурлиги таъкидланди.

Адлия вазирининг сўзларига кўра, Адлия тизими бу муаммони кўлами бугунги кундагидей бўлишидан 3 ой олдин ўз таҳлилларини ва чораларини бошлаган эди. Хусусан, 2019 йилнинг  май-июнь ойларида кўчмас мулк ҳуқуқини ҳимоя қилиш бўйича акцияси ўтказилди. Акция доирасида мурожаатларни кўриб чиқишда 874 та қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди.

Натижада мулкдорларнинг манфаатларида 236 та тақдимнома, 100 та огоҳнома, судларга 360 та даъво аризалар киритилиб, 30,3 млрд сўм ундириб берилди. Бу натижалар албатта хамир учидан патир ёки денгиздан бир томчидек гап.

Мажлисда бутун тизимдаги ходимлар мазкур масалага жиддий ёндашиш, бу борадаги қонунбузилишларга қарши чора кўриш, Давлат раҳбарининг қонун устуворлигини таъминлаш юзасидан берилган топшириғини амалга ошириш ҳар бир адлия органининг энг асосий вазифаси эканлиги тушунтирилди.

Шунингдек, Русланбек Давлетов «Мулк дахлсизлигини таъминламасдан иқтисодий ривожланган давлатнинг ўзи йўқ бутун дунёда. Бу эса бизнинг қонунларимизда битилган энг олий нормалардар биридир ва барча муносабатлар тўлалигича тартибга солинган. Лекин амалда, ушбу тартиб ва қоидалар мутасаддиларнинг эсидан чиқиб кетди. Натижада, уй-жой масаласида қонун устуворлигига жиддий путур етди.

Бу нима деган гап? Одамларни уйини бузиб, кўчага чиқариб қўйиб компенсация тўланмаслик, ахир бу ваҳшийликку. Бу ҳеч қандай қонунчиликка тўғри келмайди, бу ҳеч бир одамийлик тамойилига ҳам тўғри келмайди, бу Ўзбекистон тан олган халқаро ҳужжатларга ҳам тўғри келмайди!» дея  ўз фикрларини билдирди.

Ҳамда амалдаги холатлар бўйича сўзини қуйидагича давом эттирди:

«Ҳамма шаҳарлар янгидан қурилади, эскиси бузилади, ободонлашади, бу табиий жараён, барча жамиятларга хос бўлган ҳолат. Лекин, XXI асрда яшаётган цивилизацион жамият сифатида барча ҳаракатлар учун ҚОНУН энг асосий мезон бўлиши керак, одамлар ҳуқуқларини поймол қилиш эвазига, қонунни бузиш эвазига ҳеч қандай қурилиш ёки ободонлаштириш бўлиши мумкин эмас.

Шунинг учун, биз – адлия ходимларининг биринчи даражадаги вазифаси бу борадаги қонунбузилишларнинг олдини олишдир.

Уй-бузилиши қандай оғир масала эканлигини, ҳар бир ходим ўзини юрагидан ўтказиши керак, яъни оддийгина ўзларингни шу инсонларни, уларнинг фарзандларини ўрнига қўйиб кўринглар, бошқа ҳеч нарса керак эмас.

Кейин яна битта жиҳатни эътиборга олинглар, гап фақат моддий бойлик бўлмиш иморатда эмас, уй-жой билан инсонларнинг шу уй билан боғлиқ хотиралари ҳам ўчирилади. Туғилиб ўсган жой, ёшликда ўйнаб кулиб юрган ҳовли, болаликдаги хотиралар, керак бўлса ҳар бир хонадоннинг ҳиди инсон учун қадрли, кўп уйлар авлоддан авлодга ўтиб келяпти, бу юксак шахсий номоддий бойлик ва инсон ҳаётидаги ажралмас хотиралардир».

Амалиётдаги муаммолардан, билдирилган фикр мулоҳазалардан келиб чиқиб Адлия вазири адлия органлари ходимлари олдида турган муҳим вазифалар алоҳида тўхталиб, қуйидагиларни билдирди:

  • барча маҳаллий ҳокимликларни фуқароларни уй-жой билан боғлиқ қонуний ҳуқуқларини поймол этишларга чек қўйишларини талаб қиламиз;
  • бутун адлия тизими раҳбарлари, мутасаддилари ва ходимларини ўз ваколатларидан тўлиқ фойдаланган ҳолда, уй-жойлар бузилиши жараёнида Ўзбекистон қонунларига амал қилиш юзасидан чоралар кўришларига чақираман.

Мажлис давом этмоқда. Тафсилотларни кузатиб боринг.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг