Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Адлия вазири ўринбосари Женевада суд тизими ислоҳоти ҳақида ахборот берди

Адлия вазири ўринбосари Женевада суд тизими ислоҳоти ҳақида ахборот берди

Фото: «minjust.uz»

Жорий йилнинг 7-18 май кунлари Женевада бўлиб ўтаётган БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши 30-сессияси доирасида Универсал даврий шарҳ (УДШ)нинг 3-цикли кўриб чиқилмоқда.

Адлия вазирлиги матбуот хизматининг хабар беришича, 9 май куни Ўзбекистон делегациясининг маърузаси эшитилиб, унинг доирасида адлия вазири ўринбосари Маҳмуд Истамов суд тизимини ислоҳ қилиш масалаларига алоҳида тўхталиб ўтди.

Таъкидланганидек, 2017 йилда конституциявий ислоҳотлар амалга оширилиб, унга кўра, давлатимиз раҳбари ҳузурида фаолият юритган Судьяларни танлаш бўйича олий малака комиссияси ўрнига Судьялар Олий кенгаши ташкил этилди. Унинг мустақиллиги ва холислигини таъминлаш мақсадида Судьялар Олий кенгашига конституциявий мақом берилди.

Бундан ташқари, судья лавозимига муддатсиз тайинлаш, судья лавозимини эгаллаб туриш ёши 65 ёшгача, Олий суд судьялари учун эса 70 ёшгача этиб белгиланди. Судлар фаолиятини моддий-техник ва молиявий жиҳатдан таъминлаш масалалари Адлия вазирлиги ваколатидан Олий суд ваколатига ўтказилди. E-SUD электрон суд жараёнининг миллий ахборот тизими фаолияти йўлга қўйилди.

Миллий суд тизими ҳолатини мустақил баҳолаш мақсадида жорий йилда судьялар фаолияти бўйича БМТ Махсус маърузачисини таклиф этиш режалаштирилмоқда.

Тадбирда қайд этилганидек, суд тизимини ислоҳ қилиш қатор давлатлар, хусусан Испания, Норвегия, Финляндия, Бангладеш томонидан 2013 йил апрель ойида бўлиб ўтган УДШ 2-цикли доирасида Ўзбекистоннинг олдинги маърузаси якунлари бўйича тақдим этилган тавсияларни ҳисобга олган ҳолда амалга оширилди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг